Иқтисодиёт | 21:33 / 29.10.2024
5365
2 дақиқада ўқилади

Олтинга қизиқишнинг ошаётгани доллар доминантлигига соя солади — FT

Дунё марказий банклари яна олтинга қайта эътибор қаратмоқда, гўё олтин барқарорликнинг асосий кафолати бўлган даврларига қайтаётгандек. Узоқ вақт захира валюталари орасида етакчиликда собит бўлиб келган АҚШ доллари янги реаллик қаршисида: мамлакатлар Америка молия тизимларидан борган сари кўпроқ мустақил бўлишга интилишмоқда, деб ёзади Financial Times.

Фото: Bloomberg

Сўнгги йилларда, айниқса 2022 йилги воқеалардан кейин АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россияга санкциялар киритганда, олтинга бўлган қизиқиш кескин ортди. Хитой, Ҳиндистон, Туркия каби мамлакатлар иқтисодиётни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида ўз олтин захираларини жадал суръатда кўпайтирмоқда.

Олтиннинг жозибадорлиги шундаки, унинг жисмоний захирасини сиёсий таъсирлардан холи равишда, ишончли тарзда сақлаш имконияти бор.

Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка (BRICS гуруҳи) каби иқтисодиётлар эса халқаро ҳисоб-китобларни долларсиз амалга ошириш усулларини ишлаб чиқишмоқда. Тўлиқ мустақил тўлов тизимларига ўтиш учун улар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик даражаси ҳали анча ошиши керак, лекин дастлабки қадамлар аллақачон қўйилган.

Албатта, доллар ҳамон асосий захира валютаси эканига, унинг мақомига бир зумда путур етказиш мумкин эмаслиги шубҳасиз. Лекин олтин ва муқобил валюталарга аста-секинлик билан ўтиш – бу АҚШ учун огоҳлантирувчи сигнал ҳисобланади. Келажакда тобора кўпроқ мамлакатлар доллардан мустақилликка интилиши эҳтимоли бор, бу эса жаҳон иқтисодиётида жиддий ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид