Ўзбекистон | 19:42 / 29.10.2024
28117
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўғил болага қиз бола кийимини кийдириб, саҳна кўриниши ташкиллаштирган тарбиячи ишдан олинди

Ушбу ҳолатдан боланинг отаси хабар топган ва фарзандининг бузилган ҳуқуқлари тикланишида ёрдам сўраб, Болалар омбудсманига мурожаат йўллаган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида саҳна кўринишини ташкиллаштирган тарбиячи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Фото: Kun.uz

Юнусобод туманида ўғил бола тарбияланувчига қиз бола кийимини кийдириб, саҳна кўриниши ташкиллаштирган боғча тарбиячиси ишдан олинди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Маълум қилинишича, Болалар омбудсманига Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи И.К. мурожаат қилган.

Ота ўз мурожаатида вояга етмаган ўғли Я.К. (2016 йилда туғилган) Миробод туманидаги МТТлардан бирининг тарбияланувчиси эканини, 2022 йилда тарбиячи ўғлига қизлар кийимини кийдириб, лаб ва юзларини бўяб, аёллар рақсини ижро эттирганини, бу орқали ўғлининг шаъни ва қадр-қимматини камситганини маълум қилган. Мурожаатчи бундай саҳна кўринишлари ҳақида ота сифатида уни огоҳлантиришмаганини ва рухсатини олишмаганини билдирган ҳолда боласининг бузилган ҳуқуқлари тикланишида ёрдам сўраган.

Ҳолат Болалар омбудсмани сўрови асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Я.К. қатнашган тадбирда саҳна кўринишини ташкиллаштирган тарбиячи Х.Қ. экани ва болага оид бу саҳна хусусиятлари юзасидан отадан рухсат олмагани аниқланган. Тарбиячига нисбатан Меҳнат кодексининг 157-моддаси (меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш) билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Мавзуга оид