Европаликлар уй-жойга пул тўлаш учун озиқ-овқат харажатларини камайтиришга мажбур бўлмоқда — сўровнома
Минглаб одамлар иштирок этган сўровномадан маълум бўлишича, охирги 12 ой ичида Европадаги уй-жой нархлари ўртача 54 фоизга ошган.
RE/MAX Europe кўчмас мулк агентлиги томонидан тайёрланган New Housing Trend Report 2024 ҳисоботига кўра, ўтган йил давомида ҳар ўн нафар европаликдан кўпроғи уй-жойга пул тўлаш учун озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёжларига сарфлайдиган харажатларини қисқартиришга мажбур бўлган, деб ёзади Euronews.
Минглаб одамлар иштирок этган сўровномадан маълум бўлишича, охирги 12 ой ичида Европадаги уй-жой нархлари ўртача 54 фоизга ошган. Европаликларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (37 фоиз) уй-жой учун тўлов қилишга қодир бўлса-да, уларнинг молиявий аҳволи оғирлигича қолмоқда. Деярли бешдан бир қисми (19 фоиз) эса яшаш учун зўрға пул топаётганини айтади.
Ўртача ҳисобда Европа уй хўжаликлари ўз даромадларининг 38 фоизини ижара ёки ипотека тўловларига ҳамда коммунал хизматларга сарфлайди. Бу кўрсаткич Словенияда энг юқори бўлиб 43 фоизни, Португалияда эса 42 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, Швейцария аҳолиси бу борада нисбатан камроқ юклама (30 фоиз) борлигини таъкидламоқда.
Сўров иштирокчиларининг 80 фоизи уй-жойга пул тўлаш учун кундалик харажатларини камайтиришни бошлаганини айтган. 41 фоизга яқини ижтимоий тадбирларга сарфланадиган харажатларни камайтириш, 40 фоизи эса дам олиш ва ҳашаматли буюмларга кетадиган харажатларни қисқартиришга қарор қилган.
Сўровда қатнашганларнинг тахминан 16 фоизи озиқ-овқат харажатларини қисқартирганини айтди. Бунда энг юқори кўрсаткич Австрия ва Финляндияга тўғри келди — 26 фоиз.
Харажатларни қисқартириш етарли бўлмаганда
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Европаликларнинг 15 фоизи уй-жой харажатларини қоплаш учун у ёки бу шаклда қарз олишга мажбур бўлганини маълум қилди. Бу тенденция айниқса Туркия (32 фоиз), Болгария (22 фоиз) ва Руминияда (20 фоиз) яққол кўзга ташланмоқда.
Кредити бор аҳолининг учдан бир қисми уй-жой харажатларини кредит карталари ёрдамида молиялаштиради, ундан бироз камроқ, яъни 27 фоизи эса зарур маблағларни қариндош-уруғлари ва дўстларидан сўрайди. Сўровда қатнашганларнинг тўртдан бир қисми овердрафтдан (муайян банкнинг вақтинчалик маблағга эҳтиёжи бор мижози фойдаланиши мумкин бўлган кредит) фойдаланган ва ундан ҳам камроғи (23 фоиз) уй-жой харажатларини қоплаш учун таъминланмаган банк кредитига мурожаат қилишга қарор қилган.
Ноаниқлик шароитида бутун Европа бўйича сўровда қатнашганларнинг деярли ярми (48 фоиз) келгуси 12 ой ичида уй-жой нархлари янада ошишини кутмоқда.
Салбий прогнозларга жавобан, европаликларнинг сезиларли қисми ҳаётини тубдан ўзгартириш ҳақида ўйламоқда: 32 фоизи молиявий жиҳатдан қулайроқ ҳаёт кечириш учун кичикроқ шаҳар ёки қишлоққа кўчишга тайёр, 24 фоизи эса худди шу сабабга кўра чет элга кетиш истагида.
Барқарор ривожланиш аҳоли учун асосий масала эмас
Сўровда иштирок этган европаликларнинг 18 фоизи электр энергияси учун тўловларни қийинчилик билан амалга ошираётганини маълум қилган. Айниқса, Грецияда бу кўрсаткич юқори бўлиб, у ерда аҳолининг 36 фоизи бу каби харажатларни бошқаришда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.
Юқори харажатлар туфайли, кўплаб оилалар хонадонлардаги экологик яхшиланишларга иккинчи даражали масала, деб қарайди. Чунки улар узоқ муддатли барқарорликдан кўра, эшик қоқиб турган тўловларни амалга оширишни устувор вазифа деб билади.
Респондентларнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғи (27 фоиз) қуёш батареяларини ўрнатиш, ундан бироз камроқ қисми (25 фоиз) эса қўш ойнали деразалар ўрнатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ёмғир сувини йиғиш мосламалари ва иссиқлик насосларига эътибор кам — сўровда қатнашганларнинг атиги бешдан бир қисми уларни уйига ўрнатиш масаласини кўриб чиқишини айтди.
Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг деярли ярми давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ёки субсидияларнинг кўпайтирилиши уларни энергияни тежайдиган тизимларни ўрнатишга ундаши мумкинлигини таъкидлаган.
Европанинг қайси қисмида одамлар уй-жой нархидан мамнун?
Уй-жой нархидан хавотирларга қарамай, Европанинг кўплаб мамлакатларида ундан қониқиш даражаси ҳамон юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Нидерландия ва Руминия аҳолиси ўз уй-жойларидан энг кўп даражада мамнун: сўровда қатнашганларнинг 84 фоизи бундан қониқишини билдирган. Ушбу мамлакатларда шахсий уй-жойга эгалик қилувчилар сони нисбатан юқори ва уй-жойларнинг сифати яхши бўлгани сабабли, шундай натижа келиб чиққан бўлиши мумкин.
Ўртача 76 фоиз европаликлар уй-жойларидан мамнунлигини айтган. Малта, Чехия, Словения, Венгрия, Туркия, Греция ва Ирландия аҳолиси эса бошпаналаридан анча камроқ қониқиш билдирмоқда.
Норозиликка сабаб бўлувчи муаммолар турлича. Улардан бири — каттароқ майдонга бўлган эҳтиёж. Айниқса, Полшада аҳолининг 58 фоизи буни ўз шароитларидан қониқмасликка сабаб қилиб кўрсатмоқда. Европада эса бу кўрсаткич ўртача 37 фоизни ташкил этади.
Нарх — яна бир муҳим муаммо: норози респондентларнинг учдан бир қисми (33 фоиз) уй-жойи жуда қимматлигини айтган. Бу кўрсаткич Малтада 53 фоиз, Ирландияда 48 фоиз, Финляндияда ҳам 48 фоизга етади.
Бундан ташқари, Португалиядаги норози аҳолининг деярли ярми намлик ёки моғор билан боғлиқ муаммоларни, Нидерландиядагиларнинг бешдан бир қисми эса гигиена ва зараркунандаларни асосий муаммо деб атамоқда.
Мавзуга оид
10:27 / 14.11.2024
Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси қайси туманларда экани айтилди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
13:32 / 06.11.2024
Тошкентда октябрда уй-жойлар учун ижара нархи ошиши секинлашди
10:10 / 04.11.2024