«Даҳшатли воқеа». АҚШ яна ўнлаб киши ўлдирилиши ортидан Ғазодаги урушни якунлашга чақирди
АҚШ Исроил авиациясининг Ғазо сектори шимолида кўп қаватли турар жой биносига йўлланган ва 93 киши ўлимига сабаб бўлган зарбасини даҳшатли зарба деб баҳолади.
Зарба сешанбага ўтар кечаси Байт Лаҳияга йўлланган. Аввалига 93 киши ҳалок бўлиб, 40 киши бедарак йўқолгани хабар қилинди. Фавқулодда хизматлар ўнлаб кишилар харобалар остида қолганини маълум қилган.
Кейинроқ 93 киши — ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганларнинг жами сони экани маълум бўлди.
АҚШ Давлат департаменти вакили Мэттю Миллер Вашингтон авиазарба оқибатида тинч аҳоли вакилларидан кўплаб кишилар ҳалок бўлганидан қаттиқ ташвишда эканини билдирган.
«Бу даҳшатли оқибатларга эга бўлган даҳшатли воқеа», — деган у қурбонлардан йигирма нафари болалар эканига урғу қаратиб. «Бу сўнгги зарбада фуқаролар қилган фожиали тўлов — бу урушга якун ясаш зарарлиги ҳақида яна бир эслатма», — деган Миллер.
Исроил мудофаа армияси қўмондонлиги тинч аҳоли вакиллари орасидаги қурбонлар ҳақидаги хабар текширилишини маълум қилган.
Сўнгги икки ҳафтада исроиллик ҳарбийлар Ғазо сектори шимолида, хусусан, Жабалия, Байт Ҳанун ва Байт Лаҳияда кенг кўламли рейдлар ўтказмоқда.
Шифохонадаги рейдлар
Исроил зарбаси оқибатида яна 150 киши яралангани хабар қилинган.
Байт Лаҳиядаги шифохона раҳбари Ҳуссам Абу Сафия даволаш муассасаси дори-дармон ва ходимлар етишмовчилиги туфайли ярадорларнинг барчасига ёрдам кўрсата олмаслигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда болаларга шошилинч ёрдам кўрсатилмоқда.
«Шифохонада биринчи ёрдам кўрсатиш воситаларидан бошқа ҳеч нарса қолмаган, кўплаб шифокорлар ва бошқа ходимлар ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган», — деган Сафия.
Исроил мудофаа армияси ҳарбийлар ўтган ҳафтада Ҳамас жангарилари фойдаланаётгани аниқланган шифохоналарда рейд ўтказилганини маълум қилган.
Исроил қўмондонлиги изоҳлашича, сўнгги ҳафталарда Ғазо шимолида ўтказилаётган кенг кўламли амалиётдан мақсад — Ҳамасга қайта гуруҳланишга йўл қўймасликдир.
Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, жангарилар тинч аҳоли орасида яширинмоқда. Ҳамасдагилар буни рад этади.
ЦАҲАЛнинг сешанба куни эълон қилинган баёнотида сўнгги бир неча кун ичида Жабалияда 40 нафар террорчи ўлдирилгани, улардан айримлари Исроил техникалари ҳаракатланадиган йўлларни миналаш билан шуғуллангани айтилган.
Очарчилик хавфи
Бу вақтда Ғазо сектори шимолида гуманитар инқироз кучаймоқда, юз минглаб кишилар ўта оғир шароитларда яшамоқда.
Ўтган ҳафтада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Фолкер Турк секторнинг бутун аҳолиси исроиллик ҳарбийларнинг зарбалари, қамал ва очарчилик хавфи остида эканини айтганди.
У шунингдек фаластинликларнинг қуролланган гуруҳлари тинч аҳоли орасида ҳаракатланиб, уларга таҳдид солишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган.
Душанба куни Исроил парламенти Кнессет — кўпчилик овози билан БМТ Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) Исроил ҳамда унинг назорати остидаги ҳудудларда ишлашини тақиқловчи иккита қонунни қабул қилди.
Исроил UNRWA’нинг айрим ходимлари фаластинликларнинг радикал гуруҳлари билан ҳамкорлик қилади деб ҳисоблайди.
Исроил разведкаси агентликнинг камида 12 ходими Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябр кунги ҳужумига алоқадор бўлганини маълум қилган.
Мавзуга оид
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024