Жаҳон | 08:40 / 30.10.2024
4373
3 дақиқада ўқилади

FT: РФ ва Киев энергообъектларга ҳужумларни тўхтатишни муҳокама қилмоқда

Уришаётган томонлар вакиллари энергетика инфратузилмаси объектларига ўзаро ҳужумларни тўхтатиш бўйича маслаҳатлашувлар босқичида, деб ёзади Financial Times газетаси манбаларга таяниб. Қатар воситачи сифатида ҳаракат қилмоқда.

Фото: AP

Британиянинг Financial Times (FT) газетасининг, жумладан «юқори мартабали Украина расмийлари» ичидаги хабардор манбаларига кўра, Украина ва Россия томонларнинг энергетика инфратузилмасига ўзаро ҳужумларни тўхтатиш бўйича дастлабки музокаралар олиб бормоқда. «Киев Қатар воситачилигида август ойида келишувга эришган, бироқ Украинанинг Курск областига бостириб кириши туфайли тўхтаб қолган музокараларни қайта бошлашга интиляпти», — дейилади газета 29 октябр, сешанба куни чоп этган мақолада.

FT музокаралар билан таниш дипломатнинг сўзларига таяниб, бу босқичда «бирор нарсани қайта бошлаш мумкин бўлган жуда эрта музокаралар» ҳақида гап кетаётганини аниқлаштирди. «Келишув Россия президенти Владимир Путин Украинага кенг кўламли бостириб киришга буйруқ берганидан бери уруш кескинлиги жиддий пасайганини англатади», деб ёзади Financial Times. FT суҳбатдошлари Украина Қуролли кучлари (УҚК) ҳарбий хизматчилари Россия Федерациясининг Курск областида бўлишда давом этар экан, Москва бундай келишувга рози бўлмаслигини тахмин қилишди. Газетанинг ёзишича, айни дамда УҚК қарийб 600 квадрат километр Россия ҳудудини назорат қилмоқда. 

Қатар июн ойида Украина президенти Володимир Зеленский ташаббуси билан Швейцарияда тинчлик саммити ўтказилгандан сўнг бу музокараларда воситачи сифатида ишлай бошлади, деб ёзади Financial Times.

Украина президенти энергообъектларга ҳужумлар ўзаро тўхташини деэскалация сари қадам деб атади

Энергетика инфратузилмасига ҳужумларни ўзаро тўхтатиш Россия Федерацияси билан ҳарбий ҳаракатларни тугатиш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкин. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Financial Times нашрига берган интервюсида айтиб ўтди.

Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирган ҳужумларини изоҳлар экан, Зеленский Москва ва Киев ўртасида энергия инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиш тўғрисидаги келишув можаро деэскалацияси йўлидаги муҳим қадам бўлишини таъкидлади.

«Биз биринчи [тинчлик] саммитида энергетика хавфсизлигига ечим топиш мумкинлигини кўрдик. Бошқача қилиб айтганда: биз уларнинг энергетика инфратузилмасига ҳужум қилмаяпмиз, улар бизникига ҳам ҳужум қилишмайди. Бу урушнинг қайноқ босқичининг тугашига олиб келиши мумкинми? Мен шундай деб ўйлайман», — деди давлат раҳбари.

Зеленский шунингдек, Киев Ғарб ҳамкорлари билан Украинага йўқотилган ҳудудлардан воз кечиб, НАТОга аъзо бўлиш имконини берадиган «тинчлик учун ер» потенциал келишувини муҳокама қилмаётганини таъкидлади.

«Шубҳасиз, баъзи ҳамкорлар бу ҳақда ўйлашлари мумкин. Лекин улар бу ҳақда мен орқали эмас, балки оммавий ахборот воситалари орқали хабар беришади. Биз ҳозир барча муҳокамаларда хавфсизлик кафолатлари масаласини кўтарамиз ва улардан энг кучлиси НАТОдир», — дея таъкидлади Украина раҳбари.

Мавзуга оид