Жаҳон | 00:23 / 30.10.2024
4205
2 дақиқада ўқилади

Лондонда фирибгарлар 22 тонна юқори сифатли чеддар пишлоқларини ўғирлаб кетди

Пишлоқ ишлаб чиқарувчи компания фирибгар фирмага Hafod, Westcombe ва Pitchfork турига оид 950 донадан ортиқ сифатли чеддар пишлоқларини бериб юборган.

Фото: Neal’s Yard Dairy

Фирибгарлар сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Буюк Британиядаги энг машҳур компаниялардан бири — Neal’s Yard Dairy’нинг 22 тоннадан ортиқ пишлоғини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда компания вакили ўзининг Instagram саҳифаси орқали маълум қилди.

Қайд этилишича, компанияга ўзини йирик француз савдо фирмасининг улгуржи дистрибютори деб таништирган фирибгар мурожаат қилган. Компания унга Hafod, Westcombe ва Pitchfork турига оид 950 донадан ортиқ сифатли чеддар пишлоқларини бериб юборган. Улкан молиявий йўқотишга қарамай, компания кичик етказиб берувчилар олдидаги ўз мажбуриятларини бажарган ва пишлоқ етиб бормаган барча мижозлари билан тўлиқ ҳисоб-китобни амалга оширган.

Компания вакилларининг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Улар бутун дунёдаги пишлоқ ишлаб чиқарувчилар ҳамжамиятини огоҳликка чақирди.

«Кимгадир ушбу ўғирлик билан боғлиқ пишлоқлар, хусусан, оғирлиги 10 ёки 24 килограммли қадоқдаги чеддерлар таклиф қилинса, илтимос, бизга ёзинг», — дейилади баёнотда.

Жейми Оливер исмли машҳур шеф-ошпаз ва телебошловчи жабр кўрган компанияни қўллаб-қувватлаш таклифини илгари сурган. У ўзининг Instagram саҳифасига ўғирланган пишлоқ компанияга 300 минг фунт стерлинг зарар келтирганини ёзган. 

Мавзуга оид