Жаҳон | 15:23 / 30.10.2024
6252
2 дақиқада ўқилади

Олимлар саратонни сунъий интеллект ёрдамида даволашнинг янги усулини кашф этди

Бунда беморларнинг рақамли “эгизаклари” яратилади ва муолажа аввал уларда синаб кўрилади.

Фото: AP

Саратонга чалинган беморни даволашнинг энг қийин босқичи — тўғри усулни танлаш. Одатда шифокорлар ихтиёрида икки ёки ундан ортиқ даволаш усуллари бўлади, аммо қайси усул самара беради-ю, қайси усулни организм рад этишини ҳеч ким аниқ айта олмайди.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун лондонлик шифокорлар беморларнинг рақамли “эгизакларини” яратишни ўрганди. FarrSight-Twin технологияси бемор организмининг барча хусусиятларини ҳисобга олиб, худди унга ўхшаш виртуал “тажриба қуёни”ни яратади ва турли хил даволаш усулларини синаб кўрди.

Натижалар жуда ҳайратланарли — FarrSight-Twin самарали деб ҳисоблаган даволаш усули 75 фоиз ҳолларда беморда ҳақиқатан ҳам саратонни енгишга ёрдам берди.

“Бутун дунё бўйлаб саратон касаллигини даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқишга миллиардлаб доллар сарфлаймиз”, — деди Лондондаги The Royal Marsden NHS Foundation Trust шифохонасида фаолият юритаётган онколог-маслаҳатчи шифокор Узма Асғар. “Баъзи усуллар самара беради, кўпчилиги эса йўқ. Рақамли эгизаклардан фойдаланиб, индивидуал беморларни ифодалашимиз, клиник синов гуруҳини тузишимиз ва даволаш усулларини таққослашимиз мумкин. Бу эса ҳақиқий беморлар устида тест ўтказишдан олдин ишнинг муваффақиятли бўлиш эҳтимолини баҳолаш имконини беради”.

Сунъий интеллектдан фойдаланиш ғояси илгари ҳам бўлган, лекин нейрон тармоқларнинг ривожланиши туфайли у ҳозирда энг самарали ва фойдаланиш учун қулай усулга айланмоқда.

Мавзуга оид