Жаҳон | 10:00 / 30.10.2024
6219
3 дақиқада ўқилади

Осиё ОАВ: КХДРдан қочган 200 киши Украинага ёрдам беришга тайёр

Жанубий Кореяда яшовчи Шимолий Кореянинг 200 нафар собиқ аскари собиқ сафдошларига психологик таъсир кўрсатиш мақсадида Украинага бормоқчи, деб ёзади South China Morning Post.

Фото: Ed Jones/AFP/AFP/Getty Images

Жанубий Кореяда яшовчи шимолий кореялик қочқинлар, агар улар Украинадаги фронтга ўтказилса, Шимолий Корея ҳарбий хизматчиларига таъсир ўтказиб, Украина армиясига ёрдам беришга тайёр. Ҳонгконгнинг South China Morning Post газетаси сешанба куни хабар беришича, 200 га яқин қочқинлар гуруҳи «собиқ сафдошларига қарши психологик уруш кампаниясини бошлаш учун Украинага бормоқчи».

КХДР собиқ ҳарбийлари УҚКга ёрдам беришга тайёр

Гап армияда 7 йилдан 9 йилгача хизмат қилган, тажрибага эга собиқ КХДР ҳарбийлари ҳақида бормоқда. Улар ўзларининг ички билимларидан шимолий кореяликларнинг психологик заифлигидан фойдаланиш, уларни тартибсизлантириш ва Украинадаги фронтга жўнатишса, руҳиятини бузиш учун ишлатмоқчи.

«Биз у ерга психологик уруш агенти сифатида — овоз кучайтиргичлар, варақалар тарқатувчи ва ҳатто таржимон сифатида ишлаш учун боришга тайёрмиз», деди 69 ёшли Ан Чанг Ил This Week нашрига. «Биз Шимолий Кореянинг ҳарбий маданияти ва психологик ҳолатини ҳаммадан кўра яхшироқ тушунадиган уруш фахрийларимиз», — деди у.

Украина Қуролли кучларига ёрдам беришга тайёр яна бир фаол Ли Мин Бок Украинанинг Сеулдаги элчихонасига очиқ хат эълон қилди ва унда Володимир Зеленскийга мурожаат билан чиқди. У Зеленскийни «Шимолий Корея аскарларини қутқаришга ёрдам беришга имкон яратишга чақирди», дейилади маълумотда.

Пентагон: КХДРнинг оз сонли аскарлари - РФнинг Курск областида

КХДРнинг бир неча минг аскари Россия Федерациясининг Курск области томон йўл олди, уларнинг оз сони аллақачон ўша ерда. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Патрик Райдер маълум қилди. Унинг 29 октябр куни айтган сўзларини Reuters агентлиги келтирган. Пентагон маълумотларига кўра, Россия улардан Украина Қуролли кучларига қарши қуруқликдаги қўшинлар таркибида фойдаланиши мумкин.

«Биз Россия бу аскарлардан жанговар ҳаракатларда ёки Курскдаги Украина кучларига қарши жанговар операцияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланиш ниятида эканлигидан хавотирдамиз», — деди Райдер. Унинг қўшимча қилишича, Шимолий Корея қўшинлари гўёки Украинада экани ҳақидаги хабарларни тасдиқлай олмайди.

«Биз вазиятни диққат билан кузатиб боришда ва украиналик ҳамкорларимиз, шунингдек, бошқа иттифоқчи ва ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашишда давом этамиз», деди Райдер.

Мавзуга оид