Жаҳон | 09:00 / 30.10.2024
4774
2 дақиқада ўқилади

Пентагон: КХДРнинг оз сонли аскарлари - РФнинг Курск областида

АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котибининг маълум қилишича, бир неча минг шимолий кореялик ҳарбийлар Россия Федерациясининг Курск области томон йўл олган, уларнинг оз қисми аллақачон у ерда.

Фото: KCNA / Reuters

КХДРнинг бир неча минг аскари Россия Федерациясининг Курск области томон йўл олди, уларнинг оз сони аллақачон ўша ерда. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Патрик Райдер маълум қилди. Унинг 29 октябр, сешанба куни айтган сўзларини Reuters агентлиги келтирган. Пентагон маълумотларига кўра, Россия улардан Украина Қуролли кучларига қарши қуруқликдаги қўшинлар таркибида фойдаланиши мумкин.

«Биз Россия бу аскарлардан жанговар ҳаракатларда ёки Курскдаги Украина кучларига қарши жанговар операцияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланиш ниятида эканлигидан хавотирдамиз», — деди Райдер. Унинг қўшимча қилишича, Шимолий Корея қўшинлари гўёки Украинада экани ҳақидаги хабарларни тасдиқлай олмайди.

«Биз вазиятни диққат билан кузатиб боришда ва украиналик ҳамкорларимиз, шунингдек, бошқа иттифоқчи ва ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашишда давом этамиз», деди Райдер.

ЕК КХДР ҳарбийларининг РФга юборилишини жиддий эскалация деб атади

Шимолий Корея қўшинларининг Россияга жўнатилиши «урушнинг жиддий кучайиши ва глобал тинчликка таҳдиддир». Бу ҳақда 28 октябр куни Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен X ижтимоий тармоғида ёзди. Унинг сўзларига кўра, «Европа ва Шарқий Осиё хавфсизлиги ўзаро боғлиқдир».

ЕК раҳбари таъкидлаганидек, у Корея Республикаси президенти Юн Сек Ёлга Европа Иттифоқи ҳамфикр ҳамкорлари билан бирга содир бўлган воқеаларга жавоб беришини маълум қилди.

Америка давлати раҳбари ҳам ҳарбийларнинг юборилишига муносабат билдирди. АҚШ президенти Жо Байден Уилмингтонда (Делавэр штати) журналистлар билан суҳбатда буни «жуда хавфли» деб атади, дея хабар беради AFP.

Мавзуга оид