Жаҳон | 21:48 / 30.10.2024
2995
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда давлат хизматчиларига мукофот пулларини ажратиш тақиқланди

Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги давлат органларига ўз ходимларини мукофотлаш учун маблағларни ички ҳисобрақамларга ўтказишни тақиқлаб қўйди.

Фото: nur.kz

Қозоғистон Молия вазирлиги давлат органларига ўз ходимларини мукофотлаш учун маблағларни ички ҳисобрақамларга ўтказишни тақиқлади. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Мади Такиев маълум қилди.

«Агар давлат органида иқтисод қилинган маблағлар бўлса, у пулларни мукофот сифатида ўтказа олмайди. Ушбу пуллар бюджетга қайтарилади», — дейди Такиев.

Шу билан бирга, у давлат хизматчиларига ички манбалардан мукофот бериладими деган саволга ҳам жавоб қайтарган.

«Мукофот бўлмайди. Биз пулларни мукофотга йўналтириш мумкин бўлган 112 кодини ёпдик», — дея қўшимча қилди вазир.

Аввалроқ ҳукуматда ўтказилган брифингда Такиев президент, бош вазир ва парламент спикерларининг даромад ҳамда мол-мулк бўйича декларацияси «ишининг ўзига хослиги» сабаб жамоатчиликка эълон қилинмаслигини айтган эди. Шунингдек, вазирнинг сўзларига кўра, ушбу рўйхатга Миллий хавфсизлик қўмитаси, ИИВ ва бошқа куч тузилмаларининг раҳбарлари ҳам киритилган.

Журналистнинг «молия вазири жорий йилда ўз декларациясини эълон қилишга тайёрми?» деган саволига Такиев 2025 йилни кутишни маслаҳат берган. У 1 январдан бошлаб ўз даромад ва харажатларини эълон қилишини билдирган.

Мавзуга оид