Жаҳон | 11:32 / 30.10.2024
16788
5 дақиқада ўқилади

«Шунчаки сайловдан кўра каттароқ». Ҳаррис овоз бериш кунига бир ҳафта қолганида муҳим чиқиш қилди

Вице-президент ва АҚШ президентлигига номзод Камала Ҳаррис роппа-роса бир ҳафтадан кейин бўлиб ўтадиган сайлов арафасида Вашингтонда кўп минг кишилик оломон қаршисида якуний катта нутқини ирод қилди.

Фото: Getty Images

«Хайрли оқшом, Америка! — деган у чиқиши аввалида. — Бир ҳафтадан кейин сизда ҳаётингизга, оилангиз ҳаётига ва биз учун севимли бўлган ушбу мамлакат келажагига тўғридан тўғри таъсир кўрсатадиган қарорни қабул қилиш имконияти бўлади».

У олдиндаги сайловлар — «шунчаки икки партия ва икки турлича номзодлар орасида танлов қилишдан каттароқ нарса» эканини таъкидлаган.

«Бу бизда ҳар бир америкалик учун эркинликка асосланган ёки хаос ва бўлиниш ҳукмронлик қиладиган мамлакат бўлиши ҳақидаги танловдир, — дея қўшимча қилган Ҳаррис. — Америка етакчиларининг янги авлоди вақти келди».

Митинг ўтказиладиган жой ҳам бежиз танланмаган — Оқ уй яқинидаги бу жой Эллипс хиёбони деб аталади. Бу ерда 2021 йил 6 январида унинг ҳозирги сайловлардаги рақиби, республикачи Доналд Трамп ўз тарафдорлари қаршисида чиқиш қилган, шундан кейин уларнинг бир қисми Капитолийни штурм қилиш учун йўл олганди.

Ҳаррис Трамп «қарийб тўрт йил муқаддам олдин айнан шу жойда турган, эркин ва адолатли сайловда ютқазганини билган ҳолда халқ иродасига қарши бориб, қуролланган оломонни Капитолийга юборгани»ни таъкидлаган.

«Бу беқарор, қасосга берилган, нафрат чулғаган ва чекланмаган ҳокимиятга ўч бўлган одамдир», — дея қўшимча қилган у.

Ҳаррис штаби ҳисоб-китобларига кўра, митингда 75 мингдан ортиқ киши йиғилган.

Ҳаррис Вашингтонда чиқиш қилаётган маҳалда, Доналд Трамп президентлик сайловлари тақдири ҳал бўладиган иккиланувчи штатлардан бири бўлмиш Пенсилваниянинг Аллентаун шаҳрида сайловолди митинги ўтказди.

«Сиз ҳозир тўрт йил олдингидан яхшироқ яшаяпсизми?» — дея ўз чиқишини бошлаган собиқ президент ва ўзининг агар Оқ уйга қайтадиган бўлса, инфляция ҳамда АҚШга мигрантлар «босқинини тўхтатиш» ҳақидаги ваъдаларини такрорлаб. Оломон «йўқ» дея ҳайқирган.

«Камала бизни шарманда қилди, — деган у. — Кейинги сешанбада сиз ўрнингиздан туришингиз ва Камалага тўйганингиз ва ортиқ бунга чидамоқчи эмаслигингизни айтишингиз керак».

Трамп кенг кўламли митингини якшанба куни ўтказиб бўлганди — у Манҳэттен юрагидаги машҳур Мэдисон-сквер-гарденда чиқиш қилган, бу ерга уни қўллаб-қувватлаш учун миллиардер Илон Маск ва бошқа машҳурлар келишганди.

Бу можаросиз кечмади — тадбирда чиқиш қилган қизиқчи Тони Ҳинчклифф Пуэрто Рикони «сузувчи чиқинди ороли» деб атади ва бу республикачилар томонидан ҳам, демократлар томонидан ҳам танқидга учради.

Ҳаррис нутқидаги асосий нарса нима?
Энтони Зуркер, BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири

Камала Ҳарриснинг нутқидаги асосий мужда маросим ўтказилган жойнинг ўзи бўлиши мумкин — бу Доналд Трамп 2021 йил 6 январида, тарафдорлари Капитолийни штурм қилишидан олдинроқ ўз митингини ўтказган жойдир.

Қарийб тўрт йил олдинги ўша совуқ қиш кунидан кескин фарқланувчи сешанба оқшомидаги образлар нутқнинг асосий ва бошланғич нуқтаси бўлиб, унинг ёрдамида Ҳаррис ўзининг бошқа келажак ҳақидаги тасаввурларига ўта олди.

Моҳиятан, бу унинг Демократик партиянинг август ойи охирида бўлиб ўтган Миллий қурултойидаги нутқининг қисқартирилган версияси эди — олдинги нутқ биографик тафсилотлар, сиёсий таклифлар ва рақиб манзилига қарши ҳужумлар билан тўла эди.

Демократлар августдаги ўша қурултойида Байденнинг қайта сайланишдан воз кечишга қарор қилишига олиб келган ҳафталар давомидаги тушкунлик ва келишмовчиликлардан кейин янги номзоддан руҳланган ва кўтаринки руҳда эди.

Шундан буён Ҳарриснинг кампанияси кўтарилиш ва пасайишларни бошдан кечирди, ҳозирда у бўлажак сайловлардаги фотофинишни кутиш босқичида турибди.

У ўз нутқида бир қарорга келмаган кўплаб америкаликлар қисқа муддатли кампанияси туфайли «ҳали ҳам у билан танишишни давом эттираётгани»ни тан олган — сайлов куни яқинлашаётгани инобатга олинса, бу демократларда маълум даражада хавотир уйғотади.

Аммо яхлит нутқлар — Ҳарриснинг кучли томонидир. Ва сешанба оқшомидаги чиқиш, катта эҳтимол билан, унинг кампанияси сўнгги кунларда таъкидламоқчи бўлган асосий жиҳатларга таъсир кўрсатди.

Мавзуга оид