Ўзбекистон | 18:24 / 30.10.2024
21980
7 дақиқада ўқилади

Совуқ тушди, аммо уйларга иссиқлик берилмаяпти. Нега?

Кўп квартирали уйларнинг иситиш тизими ҳудудий ҳокимликлар қарори билан ёқилиши белгиланган. Kun.uz’нинг пойтахт ҳокимиятидаги манбасига кўра, Тошкентда бу жараён қачон бошланиши номаълумга ўхшайди. “Бизга фалончи кунлар ҳарорат шунча бўлади, деган хат келиши керак. Шунда мавсумни бошлашни тавсия қиламиз”, дейди у. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам шу аҳвол. Ҳафтанинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳаво ҳарорати кўтарилиши кутилмоқда. Бу иссиқлик таъминоти ҳали-бери ёқилмаслигига ишора.

Республикага совуқ ва нам ҳаво кириб келганига 2 ҳафта бўлиб қолди. Тармоқларда Тошкентдаги кўп қаватли уй эгалари иссиқлик тизимини ёқишни сўраб, мурожаатлар қилишяпти.

Маълумотларга кўра, айни вақт Тошкент шаҳрида 11 216 та кўп қаватли уйлар бўлиб, шунинг 89 фоизи, яъни 9 980 тасининг иссиқлик таъминоти марказлаштирилган. Бу шунча уйда хонадонлар совиб қолди дегани. Хўш, уларга қачондан иссиқлик энергияси берилади? Kun.uz ҳолатни ўрганишга уринди.

Уйларга иссиқлик бериш тартиби қандай?

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги қарорига қилинган 1-иловага кўра, 5 кун давомида суткалик ташқи ҳарорат 8 градусдан паст бўлгандан кейинги, яъни 6-кундан бошлаб иситиш мавсуми бошланиши лозим.

Хоналарни иситиш эҳтиёжлари учун иссиқлик энергиясини беришда иситиш даври Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошланади ва тамомланади.

Яъни жойларда иссиқлик тизими ёқилиши 3 та асосий нуқта: “Ўзгидромет”, ҳудудий ҳокимликлар ҳамда иссиқлик энергиясини етказиб берувчи компания билан боғланади.

“Маълумот кутяпмиз, ҳаво исиб кетади дейишяпти” – пойтахт ҳокимлиги

Kun.uz’нинг Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги манбасига кўра, Шавкат Умрзоқовнинг муаммодан хабари бор, ҳокимнинг ўз яқинлари ҳам кўп қаватли уйда туради.

Ўзимиз ҳам қийналдик, қайта-қайта сўраяпмиз, иложи борича тезлаштирамиз дейишди. “Ўзгидромет”дан маълумот кутяпмиз, “яна исиб кетади” дейишяпти. Бизга хат келиши керак, “фалончи кунлар ҳарорат шунча бўлади, шунга мавсумни бошлашни тавсия қиламиз”, деган.

Ишонинг, астойдил ҳаракат қиляпмиз. Лекин ўзининг тартиби бор, шунга риоя қилишга мажбурмиз”, – дейди у таҳририят мухбири билан суҳбатда.

Шунингдек, манба бу совуқ кунларда ҳокимлик аҳолига қандай тавсия беришга ҳайронлигини билдирди. “Газ ёқсин десак, ис газидан заҳарланиши мумкин, “кондиционер-обогревател” ёқсин десак, 200 киловатт лимит дейишади...”, – деди у.

Бу ҳафта ҳаво ҳарорати 8 градусдан пасайиши кутиляптими?

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг Gazeta.uz нашрига берган таҳлилига кўра, Ўзбекистоннинг жорий ҳафта бошидаги об-ҳавосини кичик катталикдаги антициклон жараёни белгилайди — у жойлардаги ҳаво ҳарорати тунда ҳам, кундузи ҳам сезиларли даражада совуқ бўлишига таъсир қилади.

Ушбу даврда мамлакатнинг катта қисмида тонгда ҳарорат 0 даража ва -2 даражагача, Устюрт платосида ҳамда тоғларда -7…- 5 даражагача совуқ бўлишига олиб келиши мумкин.

Ҳафтанинг иккинчи ярмидан бошлаб, қўшни Туркманистон ҳудудларидан бироз юқори ҳароратни тақдим этувчи иссиқ-қуруқ ҳаво тўлқинлари кириб келади. Якшанба кунига бориб, кундузи Ўзбекистоннинг аксарият қисмида ҳаво ҳарорати +20…+25 даража, жанубий вилоятларда эса +28 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда”, – дейди у.

“Ўзгидромет”нинг 28 октябрдан 1 ноябргача қилган прогнозига келсак, 28 октябр куни Ўзбекистон ҳудуди совуқ ва нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади. Ҳаво ҳарорати кундузи 8-13 даражадан кўтарилмайди.

29 октябр куни кечаси 0-5 даража илиққача, баъзи жойларда 2 даража совуққача пасаяди, кундузи 10-15 даражагача бироз кўтарилади.

30 октябрда фақат совуқ ҳаво массаси мамлакат ҳудудидан чекина бошлайди, ҳарорат кечаси 2-7 даража илиққача, кундузи 12-17 даражагача кўтарилади. 31 октябр ва 1-ноябрда кечалари 2-7 даража илиқ атрофида бўлади, кундуз кунлари 15-20 даражагача кўтарилади. 28-30 октябрда республика бўйича баъзи жойларда туман тушиши кузатилади.

Ҳафталик об-ҳаво тахминларидан келиб чиқсак, ҳафтанинг 2-ярмида ҳарорат кўтарилиши кутиляпти, бу эса ҳали-бери иссиқлик берилмаслигига ишора бўла олади.

“Даққисоветлардан қолган “5 кунлик 8°С” қоидасини бекор қилишга нима халақит қилади?” – иқтисодчи

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров иссиқлик энергияси берилишига оид ишлаб чиқилган нормани инсонийлик қоидаларига зид деб баҳоламоқда. Унинг ёзишича, бундай қоидалар одам одам ўрнида кўрилмаган советлар пайтида ўрнатилган.

Ишонмасангиз, мана, солиштириб кўринг: бу совет мустамлакаси даври қоидалари. Бу Ўзбекистон қоидалари. совет босқинчилари Москва ва Ленинграддан туриб қандай ёзган бўлса, ўзбек чиновниклари миллий иқлим хусусиятларини инобатга олмай, шундоқ кўчиришган.

Энди, об-ҳавога қараймиз. Гарчи эртага тунги ҳароратлар минусга тушса ҳам, уч кундан кейин яна кўтарилади. Яъни "отопление" ишга тушиши учун “5 кунлик 8°С” қоидаси талаблари юз бермайди. Ер музлайдиган жорий ҳафтани қўйинг, агар даққисоветлардан қолган қоидаларга қаралса, 10 ноябргача ҳам иситиш ёқилмайди.

Янаям ғалати жойини айтайми? Ўзбек чиновниклари охирги 3 йилда бу қоидаларга қараб ҳам ўтирмай, иситишни ёққан. 2021 йил 14 октябрдан, 2022 йил 24 октябрдан ва 2023 йил 6 ноябрдан иссиқлик таъминоти узатилиш мавсуми бошланган. Лекин шу саналар атрофида кетма-кет 5 кун ҳарорат 8 даражадан пастга тушмаган.

Яъни иситишни ёқишга одамхўр советларнинг нормалари эмас, тошкентликларнинг талаблари ва бу талабларга қулоқ солиш асос бўлган. Бошқача айтганда, қарор қабул қилишда халқ субъект ҳисобланган. Қизиқ, 2024 йилдан бошлаб халқ субъект эмасми энди?

Буям майли, даққисоветлардан қолган "5 кунлик 8°С" қоидасини бекор қилишга нима халақит қилади? Қайсидир ўғри олигарх фойдаси учун 3 соатда қарор қабул қилувчилар наҳотки халқ манфаатига келганда жим туришни маъқул кўришади”, – дейди у.

Шунингдек, Бакиров постида бу жараён пул билан боғлиқ бўлса, ўтган йили бюджет аҳволи бу йилдагидан ёмонроқ бўлганини, кейинчалик балки катта қисми олигархия чўнтаги учун бюджет субсидияси шақиллатиб берилаётганини айтиб ўтган.

Маълумот учун, 29 октабр куни Сурхондарё вилояти ҳокими 1 ноябрдан ижтимоий соҳа объектлари ҳамда турар жой биноларида иситиш тизими ёқилиши юзасидан қарор қабул қилганди.

Эркин Абдулаҳатов жануб вилоят ҳокимлигининг шимолдаги вилоят хокимликларидан олдинроқ, биринчилардан бўлиб иссиқлик таъминот тизимини бошлаб беришдаги ташаббусидан ҳайратга тушганини ёзган.

Мавзуга оид