Ўзбекистон | 16:28 / 31.10.2024
7435
9 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Навоийдаги кимёвий завод фаолияти билан танишди

Ўзбекистон президенти Навоий вилоятига ташрифи аввалида Uzbekistan hydrogen peroxide қўшма корхонаси билан танишди. У ерда водород пероксиди ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, импорт ўрнини тўлдириши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни Навоий вилоятига ташриф буюрди. Давлат раҳбари Навоий шаҳридаги Uzbekistan hydrogen peroxide қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Қайд этилишича, мамлакат саноат тармоқларида водород пероксидига йиллик талаб ўртача 15 минг тоннадан зиёд. 2024 йилда ўз фаолиятини бошлаган Uzbekistan hydrogen peroxide қўшма корхонасида шундай маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Қиймати қарийб 30 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида завод қурилиб, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Германия, Италия ва Швециядан замонавий ускуналар келтирилиб ўрнатилди. 80 га яқин киши иш билан таъминланди. Корхона йилига 30 минг тонна водород пероксиди ишлаб чиқариш қувватига эга.

Бу бирикмадан кимё, металлургия, электр техникаси, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги каби ўнга яқин тармоқда фойдаланилади. Жумладан, қоғоз, маиший ва кимёвий воситалар ишлаб чиқариш, уран ва кобальт маҳсулотлари қазиб олишда фаол қўлланилади. Қадоқларни тозаловчи, сунъий ва синтетик толаларни оқартирувчи восита сифатида ишлатилади.

Бу ерда табиий газ чуқур қайта ишланиб, бозорбоп маҳсулотга айлантирилади. Мисол учун, 60 фоизли водород пероксиди тиббиётда уч баробар, маиший кимё воситаларида икки баробар қўшилган қиймат яратади.

Давлат раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.

«Ҳар бир лойиҳадан мақсад — юқори даромад, қўшилган қиймат. Бу корхона шу жиҳатдан маъқул. Энди ишлаб чиқариш барқарорлиги, харидорлар ишончи учун буни кафолатланган хомашё билан таъминлаш керак. Маҳаллийлаштириш дастури асосида қулай шартларда кредит ажратиш ҳам мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бу корхона мисолида шундай лойиҳаларни кўпайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.

«Водород пероксиди шу пайтгача Ўзбекистонга катта харажатлар билан фақат чет элдан олиб келинар эди. Энди эса маҳаллий маҳсулот ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, импорт ўрнини тўлдиради. Шу билан бирга, яқин минатақада бундай корхона йўқ. Шу боис маҳсулот МДҲ ва Европа мамлакатларига ҳам етказиб берилмоқда. Қисқа вақтда қарийб 1,5 миллион долларлик экспорт қилинган. Корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 10 миллион доллар», — дейилади хабарда.

Бу суюқ кимёвий маҳсулотларни сақлаш ва етказиб бериш учун шу ернинг ўзида пластик қуйма идишлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Корхонани муқобил энергия билан таъминлаш мақсадида қуввати 27 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган.

Шу ерда корхона фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Туркиянинг «Orbak Metal Industry» компанияси билан гидроген пероксиди ишлаб чиқариш қувватини 45 минг тоннага ошириш, шунингдек, туташ ҳудудда озиқ-овқат саноати лойиҳасини ташкил этиш режалаштирилган.

Карманада йирик кимё технопарки қурилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Кармана туманида барпо этилаётган кимёвий маҳсулотлар технопаркини бориб кўрди.

Навоий вилоятида кимё саноати ривожланган. Ҳудудда минерал ресурслар кўп, тармоқ инфратузилмаси ва кадрлар салоҳияти яхши. Бундан фойдаланиб, истиқболли корхоналар ташкил этиш учун эса мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити ва тадбиркорларга шароит бор.

Шу негизда хитойлик ишбилармонлар томонидан “Zarafshon industrial technology” номи остида кимё технопарки барпо этилмоқда.

 Мазкур мажмуа учун 130 гектар ер майдони ажратилган. Бу ерда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 18 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Ҳозиргача уларнинг иккитаси - 40 минг тонна олеум, 170 минг тонна сульфат кислотаси олиш лойиҳалари ишга туширилди.

Эътиборлиси, сульфат кислотаси ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқликдан унумли фойдаланиш мақсадида 1,4 мегаватт қувватга эга буғ-газ қурилмали энергоблок қурилган. Бу корхона ўзини ўзи тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. 

Давлатимиз раҳбарига технопаркда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, қиймати 150 миллион долларлик 1 миллион тонна сульфат кислотаси, 120 миллион долларлик 50 минг тонна каустик сода ҳамда 135 миллион долларлик 100 минг тонна фталоцианин (тўқимачилик бўёғи) ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши бошланган.

Технопаркда бошқа тармоқлар билан кооперация алоқалари самарали йўлга қўйилади. Натижада қурилиш саноатида 75 миллион, енгил саноатда 107 миллион, тиббиётда 38 миллион долларлик четдан келадиган маҳсулотлар ўрни қопланади.

Технопаркда маҳаллийлаштириш айни пайтда 31 фоизни ташкил қилади. Лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида бу кўрсаткич икки баробар ортади.

Давлатимиз раҳбари корхоналарда ишлаб чиқариш балансини таъминлаш, "off take" шартномалар қилиб, маҳсулотларни кафолатли сотиш зарурлигини таъкидалди.

Бугунги кунда технопаркда 300 кишининг бандлиги таъминланган. Барча лойиҳалар амалга ошгач, 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилади, антрахинон, каустик сода, мис хлориди, диметилсульфат, натрий сульфид, резорцин каби маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилади. Технопаркнинг йиллик экспорт салоҳиятини 2026 йилда 30 миллионга етказиш ва изчил ошириб бориш режалаштирилган. 

Шунингдек, керакли коммуникация тармоқлари ҳам хорижий инвестор маблағлари ҳисобидан қурилмоқда.

Шу ерда 2024-2030 йилларда "Навоийазот" акциядорлик жамияти негизида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди.

Унга кўра, 5 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни бўлади. Йилига 2 миллиард доллардан зиёд кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, асосий қисми экспортга йўналтирилади.

Президентимиз лойиҳаларда экология талабларига алоҳида эътибор қаратиш, заводларни углерод оксидини ҳавога кам чиқарадиган ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берди. 

Лойиҳалардан 4 таси келгуси йили фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Давлатимиз раҳбари уларнинг инвесторлари билан мулоқот қилди.

Охирги саккиз йилда ишлаб чиқариш ҳажми 200 баробар ошган

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги саноат зонасида “Universal filter” бренди остидаги маҳаллий маҳсулотларни кўздан кечирди. Бу ерда транспортлар учун ҳаво ва мой фильтрлари, металлургия, нефьт-газ ва кимё саноати корхоналари учун буюмлар - жами 600 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Ўз фаолиятини 2007 йилда қурилиш материаллари тармоғидан бошлаган тадбиркор 2020-2023 йилларда 20 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширган. Бугунги кунда уч гектар майдонда 6 та йўналиш йўлга қўйилган. Корхоналарга Россия, Хитой, Словакия каби давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган.

Тадбиркорнинг айланма маблағи бундан етти-саккиз йил олдин атиги 1 миллиард сўм эди. Эндиликда жорий йил якунига қадар 200 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. 250 кишининг доимий бандлиги таъминлангани эса ижтимоий муҳим жиҳат.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёни ва маҳсулотлар билан танишди.

Мамлакатимизда атмосфера ҳавосига таъсири бўлган 3 мингдан зиёд саноат корхонаси мавжуд. Улардаги чанг-газ тозалаш ускуналарининг кўпи эскирган. Илгари бу йўналиш фақат чет элга боғланиб қолгани учун фильтрларни янгилаш йиллаб чўзилган. Энди бу соҳада ҳам импортга рақобатдош ўз маҳсулотларимиз ва хизмат кўрсатиш пайдо бўлмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида юздан ортиқ корхонанинг чанг-газ тозалаш ускуналари янгиланди.

Бундай ишларда мазкур корхонанинг ҳам ўрни бор. Ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши натижасида сифатни йўқотмаган ҳолда таннархни туширишга эришилмоқда.

Корхона маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжонга ҳам жўнатилмоқда. Жорий йил якуни бўйича экспорт ҳажми 1 миллион долларга етиши кутилмоқда. Келгусида бу географияни ва миқдорни ошириш мақсад қилинган.

Шу ерда Навоий вилоятининг саноат маҳсулотлари кўздан кечирилди. Жумладан, оғир ва енгил саноат учун деталлар, ускуналар, компрессорлар, электротехника жиҳозлари, мис ва пластик қувурлар, насос қисмлари намойиш этилди. Уларни бирлаштирувчи жиҳат - маҳаллийлаштирилгани.

Президент мамлакатимизда гидроэнергетикани янада ривожлантириш мақсад қилинганини таъкидлаб, кичик ва микроГЭСлар қуриш ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича топшириқ берди. Навоий кон-металлургия комбинати каби йирик корхоналар учун маҳаллийлаштириш лойиҳаларини кучайтириш орқали вилоятда ишсизликни камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Мавзуга оид