Жаҳон | 23:36 / 31.10.2024
3140
2 дақиқада ўқилади

Тайванга «Конг-рей» супертўфони ёпирилди

Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор штаб маълумотларига кўра, тўфон оқибатида камида 205 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Фото: EPA

Тайванга «Конг-рей» супертўфони ёпирилди — у оролда охирги 30 йил ичида кузатилган энг кучли табиий офатдир, деб хабар беради BBC.

Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор штаб маълумотларига кўра, тўфон оқибатида камида 205 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган, бир киши ҳалок бўлган. Таъкидланишича, тоғли ва соҳил бўйидаги ҳудудларда яшовчи 11,9 минг киши эвакуация қилинган.

1996 йилдан бери кузатилган тўфонлар орасида энг каттасига айланган «Конг-рей» Тайваннинг шарқий соҳилларига маҳаллий вақт билан 13:40 ларда етиб келган. Расмийлар 31 октябрни ишланмайдиган кун деб эълон қилган, таълим муассасаларида машғулотлар бекор қилинган, фавқулодда хизматлар эса кучайтирилган иш режимига келтирилган.

Бундан ташқари, оролда 500 дан ортиқ авиарейслар ҳамда қарийб 140 та паромли қатновлар бекор қилинган.

Тайван Мудофаа вазирлиги 36 минг аскарини қутқарув операцияларига жалб этишга шай. Тайван президенти Лай Цинда тўфон муносабати билан ўтказилган брифингда одамларни уйда қолишга ва пляжлар каби хавфли жойларга бормасликка чақирди.

Тайван метеорологларининг маълумотларига кўра, супертўфон марказидан 150 километр узоқликда ҳам шамол тезлиги сониясига 25 метрга етмоқда. Оролга охирги марта бундай кўламдаги тропик циклон 1996 йилда ёпирилган — бу «Херб» тўфони эди. Ўшанда 51 киши ҳалок бўлган, 460 дан ортиқ инсон жароҳат олган эди.

Мавзуга оид