Жамият | 17:49 / 31.10.2024
9044
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги кўп қаватли уйда ёнғин чиқди. Бир киши ҳалок бўлган

Марҳум ётоқ жойида тамаки маҳсулотини чекиши оқибатида ёнғин келиб чиққани тахмин қилинмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Олмазор туманида содир бўлган ёнғин инсон умрига зомин бўлган. Бу ҳақда шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 31 октябр куни соат 02:13 да Олмазор тумани “Чинобод” МФЙ Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган 5-уйдаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.

Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида хонадоннинг тахминан 10 метр квадрат майдонда ички қисми ёниб зарарланган. Бундан ташқари, шу хонадонда яшовчи, 1950 йилда туғилган фуқаро ҳалок бўлган.

Оила аъзоларининг сўзларига кўра, 1950 йилда туғилган фуқаро инсулт касаллигига учрагани ва шу сабабли ҳаракатлана олмагани учун охирги йилларда оила аъзолари назоратида ётоқ ҳолатида бўлган.

Бирламчи маълумотларга кўра, ҳалок бўлган фуқаро ётоқ жойида тамаки маҳсулотини чекиши оқибатида ёнғин содир бўлгани тахмин қилинмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид