Жаҳон | 23:06 / 31.10.2024
4263
2 дақиқада ўқилади

Хитой Хайнан ороли ва Жанубий Хитой денгизида 50 млрд долларлик ҳарбий объектларни қурди

Хусусан, Хайнандаги «Юлин» ҳарбий-денгиз базаси учун 18 миллиард доллар сарфланган — АҚШ Қуролли кучларининг «Перл-Харбор—Хикэм» ҳарбий базаси қиймати шунчани ташкил этади.

Фото: AP

ХХР ҳукумати Хайнан провинцияси ва Жанубий Хитой денгизи оролларида қиймати 50 миллиард доллардан ошадиган ҳарбий объектларни қурди. Бу ҳақда Пентагон буюртмаси асосида фаолият юритадиган Long Term Strategy Group (LTSG) тадқиқот гуруҳи хабар берди.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, Хайнан ва Жанубий Хитой денгизидаги ҳарбий объектларнинг умумий қиймати 50 миллиард доллардан ошади. LTSG’нинг таъкидлашича, бу АҚШнинг Гавайи оролларидаги барча ҳарбий объектлари қийматидан ҳам ошади.

Хусусан, Хитой Хайнандаги «Юлин» ҳарбий-денгиз базаси учун 18 миллиард доллар сарфлаган — буни АҚШ Қуролли кучларининг Тинч океанидаги муҳим базаси ҳисобланувчи «Перл-Харбор—Хикэм» билан солиштириш мумкин. Шунингдек, ушбу ҳудудда баллистик ракеталарга эга атом сувости кемалари учун база мавжуд. Бундан ташқари, тоғ ёнбағридан қазилган улкан ғорда сунъий йўлдошлар кузатувидан яширинган сувости кемалари бўлиши мумкин.

Хайнан провинциясида қуролланиш омборлари ҳам жойлашган, айримларида ҳамон қурилиш давом этмоқда. Ҳарбий-денгиз кучлари объектларининг бутун мажмуаси сувости кемаларига қарши ва зенит ракеталарининг ракета батареялари билан ҳимояланган.

Маълумотларга кўра, ушбу провинцияда учта йирик ҳарбий аэродром, жумладан, узоқ масофага учишга қодир самолётларга эга «Линшуй» авиабазаси ҳам жойлашган. Оролда 2019 йилда ХХР Ракета қўшинларининг базаси қурилган: у ерда DF-21D кемаларга қарши ракеталари сақланади. Шунингдек, оролда разведка сунъий йўлдошлари ҳамда сунъий йўлдош алоқа тизимларини учиришда фойдаланиладиган «Вэнчан» космодроми жойлашган.

LTSG’нинг қайд этишича, Хайнандаги инфратузилмадан ташқари, Хитой Жанубий Хитой денгизида 15 миллиард долларлик ҳарбий объектларни қурган: бу АҚШнинг Гуам оролидаги ҳарбий базаларидан ҳам қиммат демак.

Мавзуга оид