Ўзбекистон | 11:23 / 01.11.2024
5682
2 дақиқада ўқилади

«Биз учун қизиқлиги унинг қайси нархда кириб келиши» – МБ раиси энергетика ресурслари импортида Россияга қарамлик ҳақида

Марказий банк раиси энергетика ресурсларини импорт қилишда Россияга қарамлик ошиб бораётгани ҳақида фикр билдирди. Мамаризо Нурмуродовнинг таъкидлашича, бу борадаги энг муҳим жиҳат – маҳсулотларнинг қайси нархда кириб келиши ва ички бозорда қанақа нархда шаклланиши. «Албатта, битта субъектга боғланиш маълум бир хатарларни туғдиради, бу бор нарса», деди у.

Келгуси йилда энергетика ресурслари нархларнинг қимматлашиши умумий инфляцияга 1,5-1,8 пунктга таъсир қилиши мумкин. Бу ҳақда МБ раиси Мамаризо Нурмуродов 31 октябрь кунги матбуот анжуманида айтиб ўтди. 

Регулятор раисига газ, нефт каби маҳсулотларни импорт қилишда Россияга қарамликнинг ошиб бораётгани ва бунинг ички бозордаги нархларга таъсири қандай бўлиши ҳақида савол берилди.

«Май ойида энергия ресурслар нархлари оширилишининг инфляцияга таъсирини 4,2 фоиз кутган эдик, амалда 3,9 фоиз бўлди. Келгуси йилда нархларнинг ошиши 1,5-1,8 пунктга таъсир қилишини инобатга оляпмиз.

Импортнинг битта давлат ёки бошқа давлатга боғлиқлигига келадиган бўлсак, биз учун қизиқлиги унинг қайси нархда кириб келиб, ички бозорда қанақа нархда шаклланиши. Ҳа, албатта, саволингиз тўғри ва ўринли. Битта етказиб берувчи билан боғлиқлик маълум жиҳатдан логистикада ёки бошқа жойдаги узилишлар ички бозордаги нархларга таъсир қилади. Биз бу каби хатарни инобатга олишга ҳаракат қилганмиз. Ҳукуматга ҳам импорт параметрлари шаклланаётганда қарашларимиз ва фикрларимизни киритганмиз. Албатта, битта субъектга боғланиш маълум бир хатарларни туғдиради, бу бор нарса», деди Мамаризо Нурмуродов.

Аввалроқ, жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 11,3 млрд долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,8 фоизга кўпайгани хабар қилинганди.

 

Мавзуга оид