Жаҳон | 10:30 / 01.11.2024
1717
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон мухолифати янги норозилик намойиши ҳақида маълум қилди

Гуржистон мухолифати вакиллари парламент сайловларидан сўнг янги митинг ўтказишини эълон қилди. Сайловда, расмий маълумотларга кўра, «Гуржистон орзуси» ғалаба қозонди.

Фото: AP

Гуржистон мухолифати вакиллари парламент сайловлари натижаларига қарши навбатдаги митингни эълон қилди. Гуржистоннинг бир қанча сиёсий партиялари вакиллари 31 октябр, пайшанба куни бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида тегишли баёнот билан чиқди.

Сиёсатчиларнинг сўзларига кўра, улар 26 октябр куни мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида «катта миқёсдаги фирибгарликларнинг жиддий далилларини» тўплашга муваффақ бўлишган. Улар яна бир бор янги сайловлар ўтказиш ва «кенг тарқалган сайлов жиноятлари устидан халқаро тергов ўтказиш»га чақиришди.

Мухолифатчилар 4 ноябр, душанба куни Тбилиси марказида ўтказиладиган митингда батафсил ҳаракатлар режасини эълон қилишга ваъда беришди. «Биз душанба куни соат 19.00 да Руставелида учрашамиз ва ҳаракатлар режаси ҳақида сизга хабар берамиз», деди «Кучли Гуржистон» коалициясидан Ана Долидзе.

ОАВ мухолифатдаги Гуржистон коалицияси вакили Элен Чоштариянинг сўзларидан иқтибос келтиради: «Мамлакатимизда давлат тўнтариши бўлди ва бизнинг умумий вазифамиз кўчага чиқиш ва мамлакат келажаги устидан назоратни тиклашдир». 

Гуржистон мухолифати парламент сайловларидан кейин уюштирган аввалги митинг 28 октябр куни Тбилисидаги мамлакат парламенти олдида бўлиб ўтган. Ўшанда Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили минглаб намойишчилар олдида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари йиғилганларга «овоз бериш бўйича конституциявий ҳуқуқларини» ҳимоя қилиш учун курашишга ваъда берди. «Ҳозир пессимизм вақти эмас, энди хотиржамлик билан, бошингизни кўтариб, овозларингизни ҳимоя қилиш муҳим», деди у ўшанда.

Гуржистон президенти Зурабишвили прокуратурага боришдан бош тортди

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили прокуратурага сўроқ учун боришдан бош тортди, у парламент сайловлари натижаларини сохталаштириш ҳақидаги сўзлари юзасидан тушунтириш бериш учун чақирилганди. «Мен прокуратурага бормайман», деди Зурабишвили 30 октябр куни инглиз тилида ўтказган матбуот анжуманида.

Зурабишвили ўзининг сохталаштириш далилларини тақдим этиш учун прокуратурага чақирилишини аҳамиятсиз деб атади, чунки унинг сўзларига кўра, терговни прокурорларнинг ўзлари олиб бориши керак. «Ҳар қандай стандарт терговда далил тўплаш тергов идорасининг зиммасидадир, мен ҳеч қачон тергов идораси президентдан сайловлар билан боғлиқ далилларни тақдим этишни сўраганини кўрмаганман», деди Зурабишвили.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар ким ўз ишини қилиши керак, прокурорлар эса терговга эътибор қаратиши ва «президент билан сиёсий ҳисоб-китобларни тўхтатиши» керак. Зурабишвили жамоатчиликка мурожаат қилар экан, Гуржистонда «ўғирланган овозлардан ҳафсаласи пир бўлган вазиятда кескинлик ва қўрқувни қўзғатишга» уринишлар борлигини айтди. «Сизга ҳам, менга ҳам психологик босим ўтказилмоқда, лекин қўрқмаслигингиз керак, ҳамма нарса хотиржам ўтади ва ҳақиқий натижалар пайдо бўлади», деди президент.

Мавзуга оид