АҚШ иқтисодиёти ҳар қачонгидан ҳам каттароқ ва яхшироқ. Сиёсий қарорлар буни барбод қилиши мумкинми?
Ҳозирда АҚШда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот Ғарбий Европа ва Канадага нисбатан 30 фоиз, Японияга нисбатан эса 60 фоиз юқорироқ. Ҳатто АҚШнинг энг қашшоқ штатида ҳам одамлар Буюк Британия, Канада ёки Германиянинг ўртача фуқаросига қараганда кўпроқ даромад топади. Мамлакат президентлигига икки номзод – Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп томонидан илгари сурилаётган бир қанча дастурлар Американинг иқтисодий қудратини заифлаштириши мумкин. Қандай қилиб?
Американинг иқтисодий қудрати ўсишда давом этяпти. Аммо сиёсат борасида бундай дейиш қийин. Сайловга бир неча кун қолганида республикачилар ва демократлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик ва келишмовчилик ниҳоятда кучайди. Сиёсий беқарорлик шароитида АҚШнинг ҳайратланарли иқтисодий қудрати сақланиб қолиши мумкинми?
The Economistʼнинг қайд этишича, сўнгги ўттиз йил ичида АҚШ иқтисодий жиҳатдан бошқа ривожланган мамлакатларга нисбатан катта ютуқларга эришди. 1990 йилда Америка иқтисодиёти G7 давлатлари ялпи ички маҳсулотининг қарийб 40 фоизини ташкил этган бўлса, бугунги кунда келиб бу кўрсаткич 50 фоизга етди. Ҳозирда Қўшма Штатларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот Ғарбий Европа ва Канадага нисбатан 30 фоиз, Японияга нисбатан эса 60 фоиз юқорироқ. 1990 йилдан кейинги даврда бу тенгсизлик қарийб икки баробарга кенгайган. Хусусан, Миссисипи Американинг энг қашшоқ штати бўлиши мумкин, аммо бу ердаги аҳолининг ўртача даромади инглизлар, канадаликлар ёки немисларникидан кўпроқ. Сўнгги пайтларда Хитой иқтисодиёти ҳам секинлашди. Пандемиядан олдинги йилларда Хитойнинг номинал ялпи ички маҳсулоти АҚШ номинал ЯИМнинг тўртдан уч қисмини ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб учдан икки қисмигача пасайиб кетди.
Ушбу муваффақиятга бир қатор омиллар таъсир кўрсатган. Америка улкан энергия манбаларига эга бўлган катта давлат. Биргина нефт қазиб олишдаги инновацион инқилоб 2000 йилларнинг бошидан кейин иқтисодий ўсишнинг ўндан бир қисмини таъминлаган. Ўз навбатида, сиёсий қарорлар ҳам бунда муҳим рол ўйнаган. Пандемия давридаги катта рағбатлантириш чоралари инфляцияни кучайтирган бўлса-да, Американинг 2020 йилдан бери 10 фоизга ўсишига ҳисса қўшди. Германияда эса аксинча, чекловлар ортидан икки йилдан бери иқтисодий турғунлик ҳолати сақланиб қоляпти.
Американинг динамик хусусий сектори иммигрантлар, янги ғоялар ва сармояларни ўзига жалб этишда ҳам катта муваффақиятларга эришди. Бу ерда нафақат дунёдаги энг йирик ракета учириш саноати, балки интернет гигантлари ва сунъий интеллект бўйича энг яхши стартаплар ҳам жойлашган. АҚШдаги еттита йирик технологик фирманинг баҳоси Британия, Канада, Германия ва Япониянинг биржа бозорларидан қимматроқ. Биргина Amazon тадқиқот ва ишланмаларга бутун Британия бизнесига қараганда кўпроқ маблағ сарфлайди. Доллар дунёнинг асосий захира валютаси бўлгани учун инвесторларнинг Америкага пул киритиш хоҳишлари ҳам кучли. Улар инқироз даврида ғазначиликка оқиб келади, бу эса ҳукуматга катта рағбатлантириш пакетларини тақдим этади.
Айни ҳолатда Американинг гуллаб-яшнаётган иқтисодиёти хавф остида қолиши мумкин. Мамлакат президентлигига икки номзод Камала Ҳаррис ҳам, Доналд Трамп ҳам умумий иқтисодиётни кенгайтириш ўрнига, ўз тарафдорларини ҳимоя қиладиган жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратяпти. Америка ўзининг иқтисодий гегемонлигини йўқотишни истамайди, аммо эртами-кечми, сиёсий муаммолар иқтисодга ҳам катта зарба бериши мумкин.
Ҳозирча Америкадаги ёмонлашаётган сиёсий ҳолат иқтисодга деярли таъсир кўрсатмади. Сўнгги саккиз йил ичида Трамп ва Байден маҳаллий компанияларга ёрдам бериш учун протекционизмни қўллаб-қувватлади.
Ҳаррис ва Трамп янада зарарли сиёсатни ваъда қиляпти, айниқса Трамп. Иккала номзод ҳам айрим компанияларни ҳимоя қилиб, Американинг мавжуд эркин бозор механизмларини бузишлари мумкин. Улар, шунингдек, кейинги сафар инқироз юз берганда, ҳукуматнинг ёрдам кўрсатиш имкониятларини чеклашни хоҳлашяпти.
Иккаласи ҳам солиқ имтиёзларини таклиф қиляпти: Ҳаррис оилаларга кўпроқ пул сарфлашни истайди, Трамп эса автокредитлардан тортиб, қўшимча иш вақтигача бўлган нарсалар учун солиқ имтиёзларини таклиф қиляпти. Ўз ўрнида, иккала номзодда ҳам бюджет тақчиллигини чеклаш режаси йўқ. Айни пайтда бу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 6 фоизини ташкил қилади, бу одатда уруш ёки таназзул пайтида кузатиладиган даража. Назорат қилинмаган дефицит хусусий инвестицияларни тўсиб қўйиши мумкин.
Трампнинг сайловолди дастури эса АҚШ учун алоҳида хавф туғдиради. У импорт учун юқори божлар жорий этиш ва кўп йиллар давомида меҳнат бозорига тўлиқ интеграциялашган миллионлаб фуқаролиги бўлмаганларни депортация қилишни қўллаб-қувватлаяпти. Бу эса меҳнат бозорини заифлаштириб, АҚШнинг муҳожирлар ва сармоядорлар учун жозибадорлигини пасайтириши мумкин. Агар сиёсий зиддиятлар ҳал этилмай қолса, бу Америка иқтисодиётининг таянч асосини аста-секин заифлаштиради ва унинг келажагига таъсир кўрсатади.