Фан-техника | 18:27 / 02.11.2024
7841
2 дақиқада ўқилади

Хитойда электромобиллар учун ғилдиракли повербанклар ихтиро қилинди

Кўчма станция кўчаларда заряди “ўтириб қолган” автомобилларга ёрдам бериш учун мўлжалланган.

Фото: Wuling

Хитойнинг электромобил ишлаб чиқарувчи Wuling компанияси электр автомобиллар учун ўзиюрар зарядлаш қурилмаси прототипини тақдим этди. Ушбу ўзига хос повербанк кутилмаганда аккумулятори “ўтириб қолган” автомобилларни қутқариши мумкин.

Автоном зарядлаш қурилмасининг ўлчамлари 2280 х 940 х 1969 миллиметрни ташкил этади. Музлатгичдек келадиган станция 5 км/соатга чиқадиган тезликда ҳаракатлана олади. Аккумулятор қуввати 141 кВт/соатга тенг. Бу Tesla’нинг бирор электромобилини 0 дан 100 фоизгача икки марта зарядлаш учун етарли (базага қайтиш учун ҳам қувват қолади). Бундан ташқари, қурилмадаги IP54 ҳимояси туфайли унга йўллардаги лой ва сув хавф солмайди.

Компания таъкидлашича, Хитойда “электриклар” билан боғлиқ муаммолар мавжуд — автомобиллар кўп, қувватлагичлар эса кам. Шу сабабли ҳайдовчилар кўпинча ишга заряди ярим электромобилларда боришга мажбур бўлади, бу кўпинча йўлнинг ярмида тўхтаб қолишга олиб келади. Ўзиюрар повербанклар ушбу муаммони ҳал қилиши керак. Уларнинг ёрдами билан ҳайдовчи электромобилларни “жонлантириб”, энг яқин зарядлаш станциясига етиб олиши мумкин.

Автоном зарядлаш станцияларини чақириш учун махсус илова ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Кўчма станциянинг ўзи экран билан жиҳозланган бўлиб, унда зарядлаш вақти ва батареянинг қолган қуввати кўрсатилади. Хизмат, шубҳасиз, пуллик бўлади, бироқ унинг нархи ва лойиҳани амалга ошириш муддатлари ҳозирча номаълум.

141 кВт/соат қувватга эга мобил станция 42 000 доллар туради. У ёнилғи қуйиш шохобчалари ва автотураргоҳларга эгалик қилувчи компаниялар томонидан сотиб олиниши мумкин. Станциянинг 30 кВт/соат аккумуляторли ва ғилдираксиз кичикроқ версияси ҳам мавжуд. Унинг қиймати 11 000 доллар деб баҳоланди.

Мавзуга оид