Ўзбекистон | 16:00 / 03.11.2024
1400
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва халқаро лойиҳаларда иштирок: хорижда фаолият юритаётган ўзбек юристининг тажрибаси

Ҳуқуқий саводхонлик замонавий давр талабларидан бирига айланмоқда. Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш зарурати туғилган шароитда, бу соҳадаги етакчи мутахассислардан бири — халқаро корпоратив юрист Миразиз Ҳидоятов ўз фикрларини билдирди.

Миразиз Ҳидоятов Тошкентда туғилган. У Тошкент халқаро мактабини (TIS) муваффақиятли якунлаганидан сўнг, АҚШ ва Канададаги саккизта етакчи университетдан халқаро грантлар асосида таълим олиш таклифини олди. АҚШнинг Тринити университетида (Trinity University) сиёсатшунослик бўйича бакалавр даражасини олгандан сўнг, ўқишини Рига университетининг Стокгольм ҳуқуқ мактабида халқаро ва Европа ҳуқуқи бўйича магистратура дастури доирасида давом эттирди. Магистратурани якунлаганидан кейин эса Нью-Йорк шаҳридаги АҚШнинг етакчи ҳуқуқ мактабларидан бири — Фордэм университети (Fordham University Law School)га ўқишга кирди.

Ушбу университетда ҳуқуқшунослик доктори даражасини олгач Нью-Йорк штати адвокатлар коллегияси лицензияси имтиҳонини аъло даражада топширди. Шунингдек, у ўқиш билан бирга халқаро ташкилотларда ишлай бошлади, дунё етакчи экспертлари билан ҳамкорлик қилди, университет нашрларида мақолалар чоп этди ва юридик ҳамда сиёсий клубларнинг фаол иштирокчиси ҳисобланади.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар

Миразиз Ҳидоятовнинг сўзларига кўра, замонавий ахборот манбаларидан фойдаланиш ҳуқуқий саводхонликни оширишда самарали восита ҳисобланади. “Ўзбекистон аҳолисининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун, аввало, умумий саводхонликни ва замонавий ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини ошириш керак. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий базага киришини осонлаштириш ва унинг қўлланишини енгиллаштирадиган бепул, қулай ва тушунарли тизимли ечимларни таъминлаш зарур. Хусусан, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда дастурий ечимлар ва иловаларни ишлаб чиқиш лозим”, — деди у.

Самуэл Алито — АҚШ Олий суди судяси

Муҳим халқаро лойиҳалардаги фаолият

Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида Миразиз Ҳидоятов АҚШ ва Ўзбекистонда ташкил этилган компаниялари орқали бир қатор халқаро лойиҳаларда иштирок этмоқда. Унинг компаниялари асосан аҳолининг ҳуқуқий базаларга эркин киришини таъминлаш ва ахборот хавфсизлиги бўйича қулай тизимли ечимларни жорий этишга йўналтирилган. Шунингдек, мамлакат учун шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, банк соҳасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва Ўзбекистон ҳамда қўшни республикаларнинг энергетика соҳасига инвестициялар жалб этиш каби масалалар муҳим аҳамиятга эга.

“Мен мустақил пудратчи сифатида қонунчилик, хавф-хатарларни бошқариш ва музокаралар бўйича мутахассис сифатида қиймати 15 миллиард доллардан ошадиган энергетика, инфратузилма ва молия соҳаларидаги лойиҳаларда иштирок этдим. Ушбу лойиҳалар орасида Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга бўлган, миллий ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик учун муҳим стратегик ташаббуслар мавжуд. Биз шерикларимиз билан биргаликда АҚШ ва Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий базага киришини таъминловчи, уни осонликча қўллаш имкониятини берувчи бепул, қулай ва тушунарли тизимли ечимларни ишлаб чиқувчи компанияларни ташкил этдик. Хусусан, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда дастурий ечимлар ва иловаларни ривожлантиряпмиз. Ҳозирда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, банк соҳасида ахборот хавфсизлиги ва Ўзбекистон ҳамда қўшни республикаларнинг энергетика соҳасига инвестицияларни жалб этиш бўйича лойиҳалар устида ишлаяпмиз.

Ажай Банга — Жаҳон банки президенти ва Мастеркард компаниясининг собиқ бош директори

Мен халқаро ҳуқуқ ва геосиёсатни тушунадиган юрист сифатида Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграция қилинишини таъминлаш ва унинг халқаро майдондаги позициясини мустаҳкамлаш учун ўз билимларимдан фойдаланишга ҳаракат қиляпман. Халқаро ҳуқуқ, корпоратив бошқарув ва геосиёсат кесишмасидаги тажрибам менга мураккаб ҳуқуқий масалаларни самарали ҳал қилиш имконини беради, барқарор халқаро муносабатлар ва стратегик иттифоқларни ривожлантиришга ёрдам беради”, — дея таъкидлади юрист.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади