Наманганда аҳолига етказиб берилиши керак бўлган 13 тонна кўмир талон-торож қилинди
“Кўмир таъминот” МЧЖнинг Наманган шаҳри кўмир омбори масъул шахслари имтиёзли нархларда аҳолига етказиб бериш учун ажратилган 4,1 млрд сўмлик кўмирни бошқа шахсларга сотиб юборгани аниқланди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам шу каби ҳолатлар кузатилган.
Республиканинг бир нечта ҳудудида кўмир таъминотидаги талон-торожликлар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Наманган шаҳри кўмир омбори масъул шахслари куз-қиш мавсумида имтиёзли нархларда аҳолига етказиб бериш учун ажратилган 4,1 млрд сўмлик жами 13,3 минг тонна кўмирни бошқа шахсларга сотиб юбориб, талон-торож қилгани аниқланган.
Шунингдек, “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Боғот тумани кўмир омбори кассири С.К. ҳайдовчиси Э.О. ва омбор қоровули К.М. умумий баҳоси 85,5 млн сўмлик 276 тонна кўмирни омбордан яширинча олиб чиққан. Улар 900 кг кўмирни фуқаро М.Х.га 1 млн сўмга сотган вақтида департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу кўмир омборида 345,8 тонна кўмир камомади ҳам аниқланган.
Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “И.Т.С.” МЧЖ масъул шахслари Тахтакўпир ва Шуманай туманларидаги ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида кўмир харид қилиш учун бюджетдан ажратилган 1,4 млрд сўм маблағларнинг 340,8 млн сўмини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга оид
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024