Ўзбекистон | 17:00 / 04.11.2024
1368
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Тошкент Кимё халқаро университети Япония билан ҳамкорликни йўлга қўйди

Тошкент Кимё халқаро университети халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва таълим сифати ҳамда илмий фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида япон делегациясини қабул қилди. Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети президенти бошчилигидаги делегация Тошкентга ташриф буюрди. Бу ташриф икки нуфузли университет ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва илмий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган.

Ташриф давомида Нагоя иқтисодиёт университети вакиллари Тошкент Кимё халқаро университетининг таълим дастурлари, илмий-тадқиқот лойиҳалари ва талабаларга яратилган шароитлар билан танишди. Япон мутахассислари университетнинг қисқа вақт ичида бундай улкан ютуқларга эришгани, ўз соҳасида халқаро миқёсда муваффақиятли фаолият юритаётгани ҳақида ижобий фикр билдирди.

Нагоя иқтисодиёт университети президенти Ҳаруо Сабури Тошкент Кимё халқаро университети билан ҳамкорликнинг сабабларига тўхталди:

“Тошкент Кимё халқаро университетининг таълимда амалий билимларга эътибор қаратиши ва жонкуяр ёндашуви бизда катта қизиқиш уйғотди. Шу сабабдан, биз Тошкент Кимё халқаро университети билан ҳамкорликда ишлашга қарор қилдик. Ушбу меморандум асосида, Тошкент Кимё халқаро университети талабалари бизнинг университетда ўқиш имкониятига эга бўлишади ва аксинча, бизнинг талабалар ҳам Тошкентда ўқиб, тажриба алмашади.

Учрашув давомида илмий тадқиқотларни ҳамкорликда олиб бориш таклиф қилинди ва биз бу йўналишда биргаликда ишлашга тайёрмиз. Тошкент Кимё халқаро университети раҳбариятининг лойиҳаларни тез амалга оширишга интилиши бизга ҳам ушбу жараённи тезлаштириш учун катта рағбат беради.

Шунингдек, Тошкент Кимё халқаро университети япон тилини ўргатишга катта эътибор қаратмоқчи экани таҳсинга сазовор. Биз бу йўлда ўз ёрдамимизни кўрсатишдан мамнунмиз ва келгусида япон тилини мукаммал билган талабалар етишиб чиқишига ишонамиз.

Биз халқаро миқёсда кўплаб университетлар билан ҳамкорлик қилсак-да, олти йил аввал ташкил этилган ёш Тошкент Кимё халқаро университети билан ҳамкорлик қилиш биз учун ўзгача бир тажриба ҳисобланади. Ушбу университетнинг қисқа вақт ичида қўлга киритган ютуқлари бизни ҳайратда қолдирди ва биз ҳам улардан ўрганиш имкониятига эга бўламиз деб ўйлаймиз”.

Ташриф доирасида университетлар келгусида “2+2” дастурлари асосида талаба алмашинуви, магистратура ва докторантура босқичларида инглиз ва япон тилларида таълим олиш имкониятлари яратиш каби муҳим лойиҳалар устида келишиб олди. Шунингдек, Тошкент Кимё халқаро университети профессор-ўқитувчилари учун Нагоя иқтисодиёт университетида малака ошириш ва стажировка ўтиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Ташриф якунида томонлар ўзаро илмий ишлар, мақолалар тайёрлаш ва келгусидаги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Мазкур ташриф икки мамлакат олий таълим тизимини яқинлаштирувчи ва талаба ҳамда профессорлар алмашинуви орқали янги имкониятлар яратишга хизмат қилувчи муҳим қадам бўлди. Тошкент Кимё халқаро университети бу йўналишда етакчи бўлишни ва глобал таълим ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда.

Мавзуга оид