Жаҳон | 19:40 / 05.11.2024
5214
2 дақиқада ўқилади

Эрон иккита сунъий йўлдошини орбитага чиқарди

Оғирлиги 15 ва 4 килограммни ташкил этадиган сунъий йўлдошларни орбитага олиб чиққан Россиянинг «Союз» ракетаси «Восточний» космодромидан старт олган.

Фото: Видеодан кадр

Эрон Россияга тегишли ракета ёрдамида ўзининг иккита — Kowsar Коwсар ва Hodhod номли сунъий йўлдошларини орбитага муваффақиятли учирди, деб хабар беради Associated Press агентлиги.

Қайд этилишича, Kowsar сунъий йўлдоши RGB камералари билан жиҳозланган бўлиб, унинг оғирлиги 15 килограммни ташкил этади. Рангли суратга олиш узоқлиги 15 километрга, тасвирга олиш тезлиги эса сониясига 6 та кадрга тенг. Сунъий йўлдош ёрдамида олинган тасвирлардан қишлоқ хўжалиги, картография ва геодезияда фойдаланилади. Сунъий йўлдош тахминан уч йил ишлаши режалаштирилган.

Hodhod сунъий йўлдошининг оғирлиги 4 килограммни ташкил этади, у тўрт йилга яқин хизмат кўрсатиши керак. Ушбу аппарат ёрдамида олинган маълумотлардан транспорт, логистика ва атроф-муҳит муҳофазасида фойдаланилади. Hodhod’нинг афзаллиги чекка ҳудудлар, жумладан, ўрмон ва тоғларни қамраб олган тор полосали интернет (IoT) хизматларини тақдим этишидир.

Сунъий йўлдошларини орбитага олиб чиққан «Союз» ракетаси «Восточний» космодромидан старт олган ва фойдали юкни тўққиз дақиқа ичида орбитага олиб чиққан. Ракета бортида, шунингдек, Россияга тегишли бир нечта кичик сунъий йўлдошлар ҳам бўлгани айтилмоқда.

2022 йилда Теҳрон буюртмаси асосида яратилган Россия ракетаси Эроннинг Khayyam номли сунъий йўлдошини, феврал ойида бўлса, Россия Pars-1ʼни орбитага олиб чиққанди.

«Сунъий йўлдошларнинг учирилиши Россия ва Эрон ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик кенгайиб бораётганидан далолат беради... Москва ва Теҳрон Эрон президенти Масъуд Пизишкиённинг Россияга ташрифи давомида имзоланадиган кенг кўламли стратегик шериклик битими орқали ўз алоқаларини янада мустаҳкамлашни режалаштирган», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид