Жаҳон | 21:13 / 05.11.2024
3445
3 дақиқада ўқилади

Кремл россияпараст номзод мағлубиятидан кейин Молдовадги президентлик сайловларини «адолатсиз» деб атади

РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Россияда яшовчи «юз минглаб» Молдова фуқароларида овоз бериш имконияти бўлмаган.

Фото: AP

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Молдовада ўтказилган президентлик сайловларини «на адолатли, на демократик» деб атаб бўлишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Россияда яшовчи «юз минглаб» Молдова фуқароларида овоз бериш имконияти бўлмаган.

«Молдованинг Европа давлатларида ишловчи фуқароларидан фарқли ўлароқ, мамлакат аҳолисининг катта қисмида овоз бериш имконияти бўлмади», — дейди Песков. Шунингдек, у Молдова ҳукуматини Россия билан «ўзаро муносабатларни чеклашда» ва Россияга қарашли ОАВга босим ўтказишда, мамлакатда «ахборот маконини стерилизация қилишда» айблади. «Бу, албатта, ўз фуқароларининг турли маълумотларни олиш борасидаги ҳуқуқларини тўғридан тўғри чеклаш ҳисобланади», — дея қўшимча қилди Песков.

Бундан ташқари, Россия президенти матбуот котибининг фикрича, Днестрбўйи аҳолиси Молдованинг ҳозирги раҳбариятини «қўллаб-қувватлашга» мойил эмас. «Бу жиддий саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган муаммо», — дейди Песков. Унинг таъкидлашича, мазкур муаммоларни ҳал этиш учун ҳозирда етишмаётган «конструктив ёндашув» керак.

Молдовада президентлик сайловлари икки турда бўлиб ўтди: биринчи тур 20 октябр куни, иккинчиси эса 3 ноябрда ўтказилди. Иккинчи тур якунлари бўйича амалдаги президент Майя Санду 55,33, унинг россияпараст рақиби Александр Стояноглода эса 44,67 фоиз овоз тўплади.

Протоколларнинг 90 фоизи ҳисоб-китоб қилинган вақтда Стояногло 50,81 фоиз билан етакчилик қилаётган эди — бу вақтда Сандуда 49,19 фоиз овоз бўлган. Аммо хорижда яшовчи Молдова фуқароларининг овозлари ҳисобга қўшилганидан кейин вазият ўзгарди. Уларнинг қўллаб-қувватлови остида Санду ўзиб кетди. Хориждаги молдовалик сайловчиларнинг 82 фоизи Сандуга овоз берди. Сайловларда жами 1,7 миллион киши иштирок этди, уларнинг 304 мингдан ортиғи — хорижда яшовчи молдованлардир.

Майя Санду 2020 йилдан бери Молдова президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Унинг раҳбарлиги остида мамлакат ЕИга аъзолик аризасини берди ва номзод мақомини қўлга киритди. Александр Стояногло ҳам Европа Иттифоқи билан интеграция тарафдори ҳисобланади, аммо у бир вақтнинг ўзида Россия билан муносабатларни ривожлантиришга чақиради.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид