Иқтисодиёт | 19:18 / 05.11.2024
12032
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар

2025 йилда ялпи ички маҳсулот 1 квадриллион 630 триллион сўмдан ошиши кутиляпти. Келгуси уч йил ичида давлат қарзи 40 фоизга кўпаяди. Хусусан, бу кўрсаткич 2024 йилнинг якунида 39,7 млрд долларга етадиган бўлса, 2027 йилнинг охирига бориб 55,9 млрд долларни ташкил этади. Инфляцияни кейинги йилда 7 фоизгача, 2026 йилда 5-6 фоизгача, 2027 йилда 5 фоизгача тушириш режалаштирилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилги давлат бюджети ва 2026−2027 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини эълон қилди. Хўш, кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида нималар кутиляпти?

Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар

2025 йилда бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олмаган ҳолда консолидациялашган бюджет даромадлари 431 трлн 65,3 млрд сўмни, харажатлари эса 480 трлн 330,6 млрд сўмни ташкил этиши кутиляпти. Бунда бюджет даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 290,2 трлн сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинган. Тақчиллик чегараси – 49,3 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3 фоиз. Дефицитни ташқи ва ички қарз, давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.

Консолидацияланган бюджет тақчиллиги 2026 ва 2027 йилларда ҳам ЯИМга нисбатан 3 фоизни ташкил қилиши кўзда тутиляпти.

2025 йилда ялпи ички маҳсулот 1 квадриллион 630 триллион сўмдан ошиши кутиляпти. ЯИМ ўсиши 2025 йилда 6 фоиз, 2026 йилда 6,1 фоиз, 2027 йилда 6,3 фоиз бўлиши прогноз қилинган.

Инфляцияни кейинги йилда 7 фоизгача, 2026 йилда 5-6 фоизгача, 2027 йилда 5 фоизгача тушириш режалаштирилган.    

Ташқи қарз

Келгуси уч йил ичида давлат қарзи 40 фоиздан кўпроққа ошади. Хусусан, бу кўрсаткич 2024 йилнинг якунида 39,7 млрд долларга етадиган бўлса, 2027 йилнинг охирига бориб 55,9 млрд долларни ташкил этади.

Жорий йилда ташқи қарз олиш чегараси 5 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 5,5 млрд долларгача оширилади. Ушбу маблағнинг 3 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 млрд доллари эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Кейинги йилда Ўзбекистон номидан 30 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши ҳам кўзда тутиляпти. Давлат қарзини сўндириш учун эса 46 трлн сўм сарфланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йил якунида давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35,5 фоиз, 2025–2027 йилларда 36,7-37 фоиз оралиғида шаклланишини прогноз қиляпти.

Энергетика секторини субсидиялаш давом этади

2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши белгиланган субсидияларнинг умумий қиймати 28,3 трлн сўмни ташкил этади. Бу – бюджет даромадларининг 8,2 фоизи дегани. 

Айрим соҳаларга давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия миқдори қуйидагича:

●     нодавлат боғчаларга 3,8 трлн сўм;

●     аҳоли уй-жой сотиб олиши учун 2,5 трлн сўм;

●     жамоат транспорти зарарларини қоплаш учун 2,7 трлн;

●     тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун 2,7 трлн;

●     энергетика соҳаси учун 12,3 трлн сўм, хусусан, газ сотиб олиш ва сотишдаги тафовутни қоплаш учун 7 трлн сўм;

●     қишлоқ ва сув хўжалиги учун 2,5 трлн сўм;

●     геология-қидирув ишлари учун 0,9 трлн сўм.

Таққослаш учун, 2025 йилда ижтимоий нафақа тўловларига 17,3 трлн сўм, илм-фанга 2,3 трлн сўм, маданият соҳасига 3,8 трлн сўм, спорт соҳасига 3,3 трлн сўм, шу тўртта йўналишга жами 26,7 трлн сўм ажратиш режа қилинган.

Бошқача айтганда, субсидияларга ажратилаётган маблағ (28,3 трлн сўм) ижтимоий нафақа тўловлари, илм-фан, маданият ва спортга ажратилаётган жами маблағлардан (26,7 трлн сўм) кўпроқни ташкил қилади.

Ҳам газ учун, ҳам электр энергияси учун нархлар кескин оширилишига қарамай, кейинги йилдан ҳам энергетика секторини субсидиялаш давом этади. Хусусан, ушбу тармоққа халқ пулидан 12,3 трлн ажратилиши режалаштирилган. Энергетикани субсидиялаш 2026 йилда ҳам, 2027 йилда ҳам давом эттирилади.

Солиқ сиёсати

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари ҳам тақдим қилди. Унга кўра асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади.

●     фойда солиғи — 15 фоиз;

●     қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) — 12 фоиз;

●      жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 12 фоиз;

●     ижтимоий солиқ — 12 фоиз (бюджет ташкилотлари учун — 25 фоиз);

●      юридик шахслар мол-мулк солиғи — 1,5 фоиз;

Ўз навбатида, кейинги йил 1 январдан бошлаб мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкалари 10 фоизга ошади.  2025 йил 1 апрелдан бошлаб эса таркибида шакар мавжуд бўлган газланмаган салқин чойлар, мева шарбатлари, компотлар ва бошқа газланмаган шакарли ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилиши режлаштириляпти. Жорий йилда шундай солиқ газланган шакарли ичимликлар учун татбиқ этила бошлаганди. Шунингдек, автомобил ювиш учун сувнинг 1 куб метри учун солиқ ставкаси 2 700 сўмдан 15 000 сўмгача кўтарилади.

Ҳукумат 2025 йилда ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорларини йиллик инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорларда ошириб боришни режалаштирмоқда. Хусусан, ушбу тўловлар ҳамда айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатлар учун 6 трлн 634 млрд сўм ажратиш кўзда тутиляпти.

Мавзуга оид