Жаҳон | 14:30 / 06.11.2024
8481
8 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловлар, вазирларини алмаштирган Нетаняҳу ва Эронда қатл этилган Исроил жосуслари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

АҚШдаги сайловлар: Трамп ўзишда давом этмоқда

АҚШдаги президентлик сайловларида овозларни санаш давом этмоқда. Ушбу материал тайёрланаётганида 25 та штатда Доналд Трамп ишончли етакчилик қилаётган эди. Анъанавий тарзда республикачиларни қўлловчи штатлар Техас, Флорида, Оҳайо, Индиана, Теннеси, Алабама, Жанубий Каролина, Кентукки, Луизиана, Оклаҳома, Арканзас, Миссисипи, Ғарбий Виржиния, Шимолий Дакота, Жанубий Дакота ва Вайоминг.

Камала Ҳаррис Ню Йорк, Иллинойс, Ню Жерси, Массачусетс, Мэриленд, Коннектикуте, Род Айленд, Делавэр ва Вермонтда ғалаба қозонган.

Трампнинг айниқса Флоридада ғалаба қозонгани эътиборга молик. У республикачи туманларда 2020 йилги натижаларини яхшилаган ва баҳсли округларда позициясини мустаҳкамлаган. Трамп ҳаттоки анъанавий тарзда демократларга овоз берадиган Майами Дейд округида ҳам етакчилик қилган.

Бошқа кўплаб штатларда натижалар кутилганидек бўлиб чиқди. Масалан, Арканзасда демократлар 1996 йилдан буён — шу штатда туғилган Билл Клинтон ғалаба қозонганидан буён юта олмаяпти. Делавэр ва Ню Жерси эса 1988 йилдан буён демократларни барқарор қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ғалаба қозониши учун номзод камида 270 нафар сайлаб берувчи вакилнинг овозини тўплаши керак.

Рамзий «Ғазо трибунали» тузилди

Бир гуруҳ академиклар, зиёлилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари Лондонда рамзий «Ғазо трибунали»ни ташкил этди.

Мустақил ташаббус муаллифларининг мақсади «инсоният ва виждон суди» сифатида ҳаракат қилиш.

Трибуналга таниқли халқаро ҳуқуқ эксперти, Фаластин ҳудудлари бўйича БМТ собиқ махсус маърузачиси Ричард Фолк бошчилик қилади.

Лондонда икки кун давомида бўлиб ўтган Ғазо трибунали доирасидаги йиғилишларда 100 га яқин киши иштирок этди.

Биринчи кун Фаластин фуқаролик жамияти ташкилотлари ва суд фаолиятида ҳал қилувчи рол ўйнайдиган инсон ҳуқуқлари гуруҳлари вакиллари иштирокида махсус сессия бўлиб ўтди. Трибунал йиғилишининг асосий мавзуси операцион стратегиялар, логистика жараёнлари ва алоқа тамойилларини ишлаб чиқиш эди.

Ташкилотчиларга кўра, «Ғазо трибунали»нинг иккинчи босқичи 2025 йил май ойида Босния ва Ҳерцеговина пойтахти Сараевода ўтказилиши режалаштирилган. Унинг доирасида тайёрланган ҳисоботлар, гувоҳларнинг сўзлари ва декларациялар лойиҳалари жамоатчиликка тақдим этилади.

Трибуналнинг якуний босқичи 2025 йил октябр ойида Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган. Унда гувоҳларнинг кўрсатмалари ва Исроил ҳаракатларидан жабрланган Фаластин фуқаролари ва ташкилотларининг баёнотлари бўлади.

Нетаняҳу вазирларни янгилади

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мудофаа вазири Йоав Галлант истеъфога чиққанини маълум қилди. Унинг ўрнига шу пайтгача Исроил ташқи ишлар вазирлигини бошқарган Исраэл Кац тайинланиши таклиф қилинган.

«Бизнинг орамизда сайловолди кампаниясини бошқариш борасида жузъий камчиликлар топилди ва бу камчиликлар ҳукумат ҳамда вазирлар девонининг қарорларига зид баёнотлар ва ҳаракатлар билан ҳамоҳанг бўлди. Улар жамоатчиликнинг диққатини жалб қилди, ундан ҳам ёмони душманга маълум бўлди ва душманларимиз буни ўз фойдаси йўлида ишлата бошлади», — деган Нетаняҳу.

Ташқи ишлар вазири лавозими Гидеон Саарга берилади. У Исроилнинг Фаластинга нисбатан янада шафқатсизроқ сиёсати тарафдори. Саар «Ликуд» партияси бўйича Нетаняҳунинг ҳаммаслаги кейинроқ унинг рақиби бўлишга ҳам улгурган.

«Мухолифатдаги кўпчилик менинг уруш олиб бориш бўйича нуқтайи назаримни қўлламайди. Мен Ғазодаги вазият янада қатъийроқ ҳаракатларни тақозо этади, деб ҳисоблайман», — деган Саар.

Мухолифат вакиллари Галлантнинг бўшатилиши ва ўрнига Кац тайинланишини қоралаган.

«Кўчага чиқинглар», — деб ёзган «Демократлар» партияси раиси Яир Голан Нетаняҳунинг баёнотидан сўнг.

«Миллий хавфсизликка зиён етказадиган сиёсат», — деган «Миллий бирлик» партияси етакчиси Бенни Ганц.

Йоав Галлант истеъфога чиқарилганидан сўнг, Қуддус ва Тел-Авивда минглаб одамлар мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ҳаракатларидан норози бўлиб, кўчаларга чиққан ва Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни ўз ватанига қайтаришни талаб қилган.

Исроил президенти Ицҳак Ҳерцог Бинямин Нетаняҳунинг мамлакат мудофаа вазири Йоав Галлантни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарори фонида уруш пайтида юзага келиши мумкин бўлган сиёсий тўнтаришдан огоҳлантирди.

«Исроилга ҳозир керак бўлган охирги нарса — бу тўнтариш ва уруш давом этаётган пайтда бурилиш нуқтаси», деди у 5 ноябр куни кечқурун. Исроил давлати раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат хавфсизлиги «барча фикрлардан устун» бўлиши керак. «Мамлакат раҳбариятининг вазифаси ҳозирги вақтда катта масъулият билан ҳаракат қилишдир», деди у.

2023 йилда ҳам Нетаняҳу ўз ҳукуматининг суд-ҳуқуқ ислоҳотини кескин танқид қилгани учун Галлантни ишдан бўшатган эди. Шундан сўнг Исроилда оммавий норозилик намойишлари бошланган ва икки ҳафта ўтгач, Галлант лавозимига қайта тикланган эди.

Германия ҳукумати хавф остида

АҚШдаги сайловлар Берлиндаги сиёсий инқирознинг катализатори бўлиб хизмат қилиши мумкин — жорий ҳафта Шолцнинг кабинети учун ҳал қилувчи бўлади.

Бунга сабаб бюджет борасидаги баҳслар. Олаф Шолц «яшиллар»дан сайланган иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек ва озод демократлардан сайланган молия вазири Кристиан Линдер билан шошилинч музокараларга тайёрланмоқда. 5-6 ноябр кунлари бу уч сиёсатчи ҳукмрон коалиция қолиш-қолмаслигини ҳал қилади. Вазирлар ва канцлер 2025 йилги бюджетнинг асосий масалаларини, шунингдек, иқтисодиётни соғломлаштириш чораларини муҳокама қилади. Бу икки масала коалиция ичидаги ўткир можаронинг триггери бўлди.

Социал-демократларнинг ҳамраиси Саския Эскен АҚШдаги сайлов натижаларидан қатъи назар, мамлакатга масъулиятли сиёсат кераклиги ва ҳафта ичида каолиция шундай сиёсатни таъминлай олиш-олмаслиги ҳал бўлишини қайд этди.

Энг муҳим вазифа 2,4 млрд евролик туйнук пайдо бўлган 2025 йилнинг бюджетини тасдиқлаш бўлиб турибди.

«Агар бюджет барбод бўлса, Германия энг кераксиз вақтда ноаниқлик даврига кириб қолади», — деган Ҳабек Украинадаги вазият, АҚШдаги сайлов ва ички иқтисодиётнинг ёмонлашувига ишора қилиб. Volkswagen автоконцернининг Германиядаги учта заводи ёпилиши иқтисодий муаммоларнинг рамзига айланди.

Эронда жосуслар қатл этилди

Эрон мамлакатнинг етакчи ядровий олими, 2020 йилнинг ноябрида ўлдирилган Муҳсин Фахризоданинг ўлимига дахлдор деб топилган уч кишини ўлим жазосига ҳукм қилди.

Ҳукм Урмия суди томондан ўқилган, бироқ аппеляция жараёнида бўлгани боис кучга кирмаган.

Суд ҳокимияти расмий вакили Асқар Жаҳонгирнинг айтишича, судланган уч киши Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топилган. Улар қотилликни амалга ошириш учун Эронга алкогол ва бошқа ичимликлар кўриниши остида контрабанда усулида ускуналар олиб киришган.

Бу иш бўйича ҳибсга олинган саккиз киши ичида айнан шу уч киши ҳужумга тайёргарлик кўришда бевосита иштирок этган.

Фахризода 4 йил муқаддам Теҳрондан унчалик узоқ бўлмаган шосседа ўлдирилган; Эрон дарҳол жавобгарликни Исроил бўйнига қўйган. Теҳроннинг маълумотларига кўра, суиқасдда масофадан туриб бошқариладиган бомбадан фойдаланилган.

Қотиллик амалга оширилган чоғда олим Эроннинг ядровий дастурида иштирок этгани учун АҚШ санкциялари остида бўлган.

Мавзуга оид