Жаҳон | 23:05 / 06.11.2024
2701
2 дақиқада ўқилади

Бразилиялик полициячи Интерпол раҳбарлигига сайланди

Валдеси Уркиса ташкилотнинг Европа ёки АҚШ фуқароси бўлмаган биринчи раҳбарига айланди. У Интерполдаги хилма-хилликни рағбатлантиришга ваъда берди.

Фото: INTERPOL

Бразилия полициясининг ходими Валдеси Уркиса Интерполнинг навбатдаги раҳбари бўлади. Бу ҳақда халқаро полиция ташкилотига таяниб, Associated Press хабар берди.

Қайд этилишича, Уркиса Интерпол Бош ассамблеясининг Глазгода ўтказилган йиғилишида овоз бериш жараёни орқали бош котибликка сайланган ва 7 ноябрдан у лавозим мажбуриятларини бажаришга киришади.

Шу кунгача Уркиса Интерполнинг Шимолий ва Жанубий Америка бўйича вице-президенти лавозимида ишлаб келаётган эди. У ташкилотнинг Европа ёки АҚШ фуқароси бўлмаган биринчи раҳбарига айланади.

2014 йилдан бери Интерпол раҳбари лавозимида фаолият юритиб келган германиялик Юрген Шток қоидаларга кўра учинчи муддатга ўз номзодини қўя олмади.

Уркиса ташкилотдаги хилма-хилликни рағбатлантиришга ваъда берди. «Биз турли нуқтаи назарларни ҳурмат қилиб, қўллаб-қувватлар эканмиз глобал хавфсизликка аниқ ҳамда комплекс ёндаша бошлаймиз», — дейди у.

Таркибига 196 та давлат кирадиган Интерпол ўтган йили ўзининг 100 йиллигини нишонлаган эди. У миллий полиция кучларига бир-бирлари билан алоқа ўрнатишлари ҳамда терроризм, молиявий жиноятлар, кибержиноятлар, уюшган жиноятчиликка қарши курашда ёрдам беради. 2023 йилда ташкилотнинг умумий бюджети 176 миллион еврони ташкил этган.

Мавзуга оид