Жаҳон | 11:56
3554
6 дақиқада ўқилади

Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам

2016 йилда Ҳиндистонда кекса ёшдаги бир инсон тасвирланган почта маркаси чиқарилади. Бу одам омма учун таниқли эмасди. Хўш, нега унда унинг сурати почта маркасига муҳрланди? Гап шундаки, у жуда оғир машаққат билан 22 йил давомида қўл кучи ёрдамида тоғдан йўл очганди.

Гап инсон матонатидан кетар экан, айримларнинг сабрига, ўз йўлида собитқадам юриб, ақл бовар қилмас ишларни амалга оширишига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.

Ҳиндистонлик Дашрат Манжи ҳам ана шундай инсонлардан бири ҳисобланади. Унинг матонати ҳақида филмлар ишланган, китоблар ёзилган. Хўш, бу одам қандай қилиб бунчалик машҳурликка эришди?

Барчаси 1959 йилда бошланади. Ўшанда 25 ёшли Дашратнинг хотини дардга чалиниб, шифокорлар кўмагига муҳтож бўлиб қолади.

Бошқа бир маълумотга кўра, Дашратнинг хотини у ишлаётган жойга тушлик олиб келаётганда тоғ сўқмоғидан йиқилиб, жароҳатланади.

Дашрат оиласи билан Биҳар штатидаги Гая шаҳри яқинида, тоғли ҳудудда яшарди. Биҳар штати Непал давлати билан чегарадош бўлиб, унинг бир қисмини Ҳимолай тоғлари эгаллайди.

Дашрат яшайдиган қишлоқ тоғлар орасида жойлашганди. У ердан яқин атрофдаги шаҳарчага бориш учун 70 километр масофада тоғларни айланиб ўтиш керак эди ва бу учун анча вақт сарфланарди.

Шундоққина тоғнинг орқасида жойлашган қишлоққача бориш учун ҳам 50 километрдан кўпроқ йўл босиш керак бўларди.

Йигит касал хотинини узоқ йўл босиб шаҳарчага олиб боролмас, ўзи бориб шифокорни олиб келгунича хотини жон бериши мумкин эди. Қолаверса, ўзи боргани билан шифокорни олиб келишга улови ҳам йўқ эди.

Ана шундай оғир вазиятда йигит чорасиз қолади ва ҳеч нарса қила олмайди. Аёли жон беради.

Дашрат яшайдиган қишлоқдан шаҳарга яқин йўл тортиш учун қояли тоғни тешиш керак бўларди. Хотини вафотидан сўнг, 1960 йилда у шу ишни амалга оширишга қарор қилади ва чўкич ҳамда яна бир нечта иш қуроллари билан тоғни йўна бошлайди. У ишлаётган жойда тошнинг таркиби қаттиқ кварцит минералидан иборат бўлгани сабабли иш жуда қийин кечади.

Дашрат йўлни машиналар ҳам сиғадиган қилиб очишга қарор қилади. У очишни бошлаган йўлнинг эни қарийб 10 метр эди.

Дашрат Манжи йўл очган тоғ

Қаттиқ тошни майдалаш осон эмасди, бироқ йигит ортга чекинмайди ва ишлашда давом этади. Шу тариқа у 1960 йилдан 1982 йилгача, 22 йил давомида узунлиги 110 метр, эни 9,1 метр, чуқурлиги 7,6 метр бўлган жойни йўниб, йўл очади.

Шундан сўнг у яшайдиган қишлоқ ва яқин шаҳар орасидаги масофа 70 километрдан 15 километргача, иккита туман ўртасидаги масофа ҳам 55 километрдан 15 километргача қисқаради.

Йўлни очиб бўлганидан сўнг 48 ёшли Дашрат бажарган ишини ҳукуматга маълум қилиш учун Деҳлига отланади. Бироқ пойтахтга етиб боролмайди. Ўшанда уни Биҳар штати губернатори қабул қилади ва мукофотлайди.

Дашрат йўлни очганидан сўнг узоқ йиллар давомида одамлар ундан фойдаланади. Бироқ йўл анча вақт шу ҳолича туради. Фақат 2011 йилга келиб маҳаллий ҳукумат унга асфалт ётқизади.

Дашрат Манжи очган йўл

Кейинчалик, Дашрат таниқли шахсга айлангандан сўнг ОАВ ундан интервюлар олади. Интервюларининг бирида у шундай дейди:

«Қўлимда иккита иш қуроли билан тоғни йўниш учун иш бошлаганимда ҳамқишлоқларим «Хотини ўлиб, бу жинни бўлиб қолибди», деб устимдан кулишганди. Тоғни йўниб йўл очишимга ишонишмаганди. Кейинчалик, бир неча йилдан сўнг озроқ йўл очилгач, улар мазах қилишни тўхтатди. Егуликлар ва иш қуроллари олиб келиб беришди».

Дашрат йўлни битказгандан сўнг бир неча йил ўтиб саратон касалига чалинади. 2007 йил июл ойида уни Деҳлидаги Тиббиёт фанлари институтига ётқизишади. Орадан уч ҳафта ўтгач, у шу ерда, 73 ёшида вафот этади.

Дашрат Манжи тоғни йўниш жараёнида

Бу пайтда Дашрат Манжи Ҳиндистонда «Тоғ одами» номи билан машҳур бўлиб кетганди. Унинг дафн маросимини Бихар штати ҳукумати ўтказади.

Ўлимидан бир йил олдин у Ҳиндистонда нуфузли бўлган Падма Шри мукофотини олган эди. 2016 йилда Ҳиндистон почтаси янги почта маркасига Дашрат Манжи суратини муҳрлайди.

Дашрат Манжи ҳақида филм

2015 йилда ҳиндистонлик таниқли режиссёр Кетан Меҳта Дашрат Манжи ҳақида филм суратга олади. «Манжи» деб аталган филмнинг дунё премераси 2015 йил 21 август куни ўтказилади.

Дашрат Манжи ҳақида олинган филм учун тайёрланган баннер

Филмда Дашрат ролини таниқли ҳинд актёри Навозуддин Сиддиқий ижро этган. Филм кинотанқидчиларнинг ижобий баҳосини олган.

Филм ижодкорлари Дашрат Манжининг ҳаёти қандай кечган бўлса, шу тарзда кўрсатишган. Шунингдек, филмда тўқима ҳодисалар ҳам бор.

Филм ижодкорларига бир йилда 2,2 миллион доллар касса йиғими келтирган ва бу ҳинд филми учун муваффақият саналади.

Филмда Дашратнинг хотини эрига овқат олиб келаётиб йиқилганда ҳомиладор бўлгани ва у қизалоқни дунёга келтириб вафот этгани кўрсатилади.

Дашрат Манжи очган йўлнинг ҳозирги кўриниши

Шунингдек, филм охирида Дашрат Манжи 2007 йил вафот этгани, у очган йўлни ҳукумат орадан 30 йил ўтгач, 2011 йилда қаттиқ қопламали йўлга айлантиргани айтилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид