Жаҳон | 12:27 / 06.11.2024
7655
3 дақиқада ўқилади

«Мемориал» Чеченистонда эркаклар оммавий қўлга олинаётганини маълум қилди

Чеченистонда Росгвардия колоннасига қилинган ҳужумдан сўнг хавфсизлик кучлари уйма-уй юриб, эркакларни қўлга олмоқда, полиция бўлимларида эса уларга урушга бориш таклиф этиляпти, деб хабар берди «Мемориал».

Фото: AP

«Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази Чеченистонда октябр охирида Росгвардия колоннасининг ўққа тутилишидан икки кун ўтиб эркакларни оммавий қўлга олиш бошлангани ҳақида маълум қилди. 26 октябрдан буён республиканинг Грозний районида юзлаб одамлар ушланди, дея хабар берди ҳуқуқ фаоллари 4 ноябр, душанба куни.

Уларнинг сўзларига кўра, Росгвардия ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари аҳоли хонадонларига кириб, ҳужжатларни текширяпти, Чеченистонда амалдаги меъёр ва қоидалар заррача бузилган тақдирда эркакларни полиция бўлимларига олиб кетяпти. У ерда уларнинг телефонлари текширилиб, Чеченистон ҳукумати танқидчилари томонидан бошқариладиган Telegram-каналлар ҳақида маълумот қидириляпти, сўнгра жиноий жавобгарликка тортиш таҳдиди остида фронтга бориш таклиф этиляпти.

Биргина Старопромисловский полиция бўлимида 20 киши ушлаб турилибди, дея таъкидлайди «Мемориал». Айни пайтда яқинлар маълумот беришдан қўрқаётгани туфайли қўлга олишлар тафсилотларини аниқлаш қийин, деб ёзади ташкилот.

«Мемориал»: қўлга олиш одамларни фронтга жўнатиш мақсадида амалга ошириляпти

Ҳуқуқ ҳимоячилари қўлга олиш ҳолатларидан бири тафсилотларини маълум қилди. Хавфсизлик кучлари ҳафта давомида тўрт марта Арғунда яшовчи, ногиронлиги бор, 82 ёшли онаси билан яшовчи 42 ёшли Ризвон Ботировнинг уйига келган. Охирги борганда улар эркакни калтаклаб, бўлимга олиб кетишган, шундан сўнг унинг қариндошларига телефонидан ноқонуний нарса топилганини айтишган. Ботиров ҳалигача полициядан озод қилинмади, гарчи қонунга кўра, ногиронлиги сабабли у билан ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузишнинг имкони йўқ.

«Ризвон кўринишидан соғлом ва бақувват одамга ўхшайди ва унинг қўлга олинишига сабаб - улар уни урушга жўнатмоқчи», деб ҳисоблайди «Мемориал». Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, Росгвардия колоннасига ҳужумни хавфсизлик кучлари қўлга олиш ва Украинага қарши урушга жўнатиш учун одамларни тўплаш мақсадида уюштирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

24 октябр куни Грозний районида Росгвардия колоннасига ўқ узилгани ҳақида хабар берилган эди. Натижада бир киши ҳалок бўлди, бир киши яраланди. Ҳужум қилганлар воқеа жойидан яширинган.

Мавзуга оид