Ўзбекистон | 17:26 / 06.11.2024
7431
3 дақиқада ўқилади

Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди

5 июндан 5 ноябргача бўлган даврда биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 5,3 млн сўмдан 10,2 млн сўмгача ёки 91,4 фоизга ошди. Пропан нархининг қимматлашиши фонида АИ-80 бензини нархи ҳам кўтарилиб боряпти.

Охирги ойларда пропан ва АИ-80 бензини нархи ёнилғи қуйиш шохобчаларида кескин қимматлашди. Айрим ҳудудларда тақчиллик ҳам кузатиляпти. Ушбу ёнилғи маҳсулотларининг қимматлашиши биржада нархлар ошгани фонида рўй беряпти.

5 ойда қарийб 2 баробар нарх ошиши

5 июн ҳолатига пропаннинг 1 тоннаси 5 млн 320,4 минг сўмдан сотилган бўлса, бу 5 ноябрга келиб 10 млн 186 минг сўмгача қимматлашган. Яъни 5 ой давомида ушбу маҳсулот баҳоси 91,4 фоизга ошган.

Расмий статистикага кўра, пропан нархи октябр ойида 1,2 фоизга, йиллик ҳисобда 32,7 фоизга қимматлашган.

1 август куни Рақобат қўмитаси биржа орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишлар олиб бориб, қўшимча ахборот берилишини маълум қилганди. Ўтган давр мобайнида пропан нархи янада қимматлашди, қўмита эса ўрганиш ишларининг натижаси ҳақида маълумот бергани йўқ.

Аввалроқ, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов пропаннинг биржадаги нархлари кескин қимматлаб кетганини пропан-бутан ишлаб чиқариш етарли даражада ошмагани, пропанда ҳаракатланувчи автотранспортлар сони эса 1,57 баравар кўпайгани билан хаспўшлаганди.  

АИ-80 нархи ҳам қимматлашди

5 ноябр ҳолатига АИ-80 бензинининг 1 тоннаси 9 млн 998 минг сўмгача қимматлашди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида ўтказилган савдоларда ушбу маркадаги бензиннинг ҳар тоннаси 7 млн 375 минг сўмдан сотилган. Бир йил давомида биржа нархлари 26,2 фоизга ошди.

Қўшни мамлакатларда нархлар қандай?

Globalpetrolprices.com сайти маълумотларига кўра, 4 ноябр ҳолати бўйича юқори сифатли 1 литр бензин нархи сўмга тақрибан олганда Туркманистонда 5490 сўм, Қозоғистонда 6410 сўм, Россияда 7650 сўм, Озарбойжонда 8290 сўм, Қирғизистонда 11060 сўм, Афғонистонда 11290 сўмни ташкил этган.

Тожикистондаги нархлар бўйича маълумотлар берилмаган. Ўзбекистонда эса 12670 сўм экани қайд этилган.

Нархларни солиштирганда кўриш мумкинки, Ўзбекистонда бензин нархи Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан 2 баробар қимматроқ. Мамлакатда бензин нархи АҚШдаги нархдан (11580 сўм) ҳам юқори.

Охирги йилларда Ўзбекистон ички бозордаги тақчилликни қоплаш учун четдан бензин импорт қилишни кўпайтирди. Ушбу маҳсулот асосан Россиядан харид қилиняпти. Нархлар нисбатан арзонроқ, географик жиҳатдан ҳам яқинроқ қўшни Туркманистон ва Қозоғистондан эса бензин импорти умумий импорт таркибида катта улушга эга эмас.

Мавзуга оид