Жамият | 20:50 / 06.11.2024
39042
2 дақиқада ўқилади

Тахтақорача довонидаги ҳалокатда уч киши вафот этгани тасдиқланди

Ҳодиса тушдан кейин юз берган ва уч киши ҳалок бўлган. Ижтимоий тармоқларда вафот этганлар хорижий сайёҳлар бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Аввалроқ Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларини боғловчи Тахтақорача довонида улкан харсангтош юмалаб Соbalt машинасини босиб қолгани ва йўл ёпилгани ҳақида хабар берилганди.

Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати ҳалокат тафсилотларини маълум қилди. Унга кўра ҳодиса бугун 2024 йил 6 ноябр куни соат 15:45 ларда содир бўлган.

М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўлининг Китоб тумани «Қайнар» МФЙ ҳудудидан ўтган қисмида, Тахтақорача довонидан Китоб-Самарқанд йўналишида кетаётган Cobalt машинасини тоғдан сирпаниб тушган улкан тош босиб қолган.

Оқибатда, машина ичида бўлган уч нафар шахс воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ижтимоий тармоқларда Cobalt’да ҳайдовчи билан бирга уч нафар Венгрия фуқароси бўлгани ва уларнинг тўртови ҳам ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар тарқатилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ҳалокат юз бергандан сўнг воқеа жойига ФВБ қутқарувчилари, ЙПХ, Тез тиббий ёрдам ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб бориб, вазият оқибатларини бартараф этган.

Тахтақорача довонидан ўтган йўл ҳали очилмаган. ФВВ хабарида йўлнинг тез орада очилиши айтилган.

Мавзуга оид