Жаҳон | 11:29 / 06.11.2024
3079
3 дақиқада ўқилади

Украинага ёрдам: ЕИ АҚШ сайловлари натижаларини кутмоқда

Европа Иттифоқи Украинани кейинги қўллаб-қувватлаш йўналишини аниқлаш учун АҚШдаги сайловлар натижасини ва Вашингтондан аниқ позицияни кутмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси Брюсселда журналистларга маълум қилди.

Фото: Virginia Mayo/AP

Европа Иттифоқи АҚШ сайловлари натижаларини кутмоқда, шундан сўнг Украинага кейинги ёрдам бўйича унинг позицияси аниқроқ бўлади. Бу ҳақда 5 ноябр, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда анонимлик шарти билан журналистларга Европа Иттифоқининг юқори мартабали амалдори гапирди.

Европа Иттифоқи АҚШнинг бу борадаги позицияси ҳам аниқ бўлишига умид қилмоқда. Агар Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп ғалаба қозонса ва потенциал равишда Россиянинг ҳарбий тажовузкорлигидан ҳимояланаётган Украинага ёрдам кўрсатишни тўхтатишга қарор қилса, «Европа Иттифоқининг йўналиши ўзгаришсиз қолади – Украинани қўллаб-қувватлаш». «Аммо Европа Иттифоқининг барча 27 аъзоси бу йўналишни давом эттирадими, бу бошқа масала», деди расмий.

Унинг эслатишича, Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошидан буён ЕИ бу масалада бирдамликни сақлаб қолишга муваффақ бўлган, бироқ блокда якдиллик йўқ. Гап, хусусан, Европа Иттифоқининг Киевга ёрдам кўрсатиш бўйича қарорларини тўсиб қўяётган ва Брюссел ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари билан мувофиқлаштирилмаган турли бир томонлама ташаббуслар билан чиқаётган Венгрия ҳақида бормоқда.

Европа етакчилари Венгрияда йиғилади

Айни пайтда айнан Венгрия жорий ярим йил давомида Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилаётган давлат сифатида 7 ноябр куни Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитига мезбонлик қилади, унга Украина раҳбарияти ҳам таклиф этилган. Брюсселдаги юқори мартабали мулозимнинг таъкидлашича, Украинадаги уруш учрашувда асосий мавзулардан бири бўлади, чунки «уни диққат марказида ушлаб туриш муҳим», айниқса бутун қитъа йиғилганда.

Агар Вашингтон энди Киевни қўллаб-қувватламасликка қарор қилса, бу Европа ҳам худди шундай йўлдан боришини англатмайди – аксинча, Брюсселга кўра, ёрдамни оширишга қарор қилиниши мумкин. Агар АҚШ, баъзилар тахмин қилганидек, украиналикларнинг боши устидан сакраб ўтиб Россия билан гаплаша бошласа ҳам, «бошқаларни ҳам шундай қилишга ишонтиришига ишончим комил эмас», деди юқори мартабали амалдор.

Айни пайтда Украина президенти Володимир Зеленскийнинг октябр ойида Европа Иттифоқи пойтахти ва НАТО штаб-квартирасида тақдим этган «ғалаба режаси» бўйича Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари «эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда», деди унинг вакили.

Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити бешинчи марта ўтказилади. Европа Иттифоқи бу форматни муҳим деб ҳисоблайди, чунки у Европа давлатлари вакилларига нафақат БМТ ва НАТО доирасида бир-бирлари билан учрашиш, балки камроқ расмий муҳитда мулоқот қилиш ва икки томонлама учрашувлар ўтказиш имконини беради.

Мавзуга оид