Иқтисодиёт | 17:09 / 07.11.2024
3509
2 дақиқада ўқилади

2027 йилга бориб Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 20 млрд долларга етиши мумкин

Марказий банкнинг асосий сценарий бўйича кутилмаларига кўра, жорий йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 25-30 фоизга, 2025 йилда 9-11 фоизга, 2026 йилда 9-12 фоизга, 2027 йилда эса 10-15 фоизга ўсади. Кейинги йилларда рубл курсининг қадрсизланиши ўтказмалар ҳажми камайишига таъсир қилувчи асосий хатар сифатида келтирилган.

Фото: Getty Images

Жорий йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 25-30 фоиз атрофида (14,5-15 млрд доллар) ўсиши, 2025-2027 йилларда эса фундаментал тренд доирасида йиллик 10-15 фоизга ошиб бориши кутиляпти. Бу ҳақда «Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари»нинг дастлабки концептуал лойиҳасидаги асосий сценарий бўйича прогнозларда келтириб ўтилган.

«Миграция оқимида давлатлар диверсификациясининг кучайиб бориши давом этади. Бунда, юқори даромадли давлатлар улуши ортиши ҳисобига ушбу давлатлардан пул ўтказмалари ҳажми ўсиши кутилмоқда», дейилади Марказий банкнинг концептуал лойиҳасида.

Асосий сценарий бўйича кутилмаларга кўра, 2027 йилга бориб пул ўтказмаларининг умумий миқдори 20 млрд долларгача етиши мумкин. Бунда рубл курсининг долларга нисбатан қадрсизланиши ўтказмалар ҳажми камайишига таъсир қилувчи асосий хатар сифатида келтирилган. Ўз навбатида ушбу хатарнинг таъсири йилдан йилга камайиб бориши прогноз қилиняпти.

Аввалроқ, жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 11,3 млрд долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,8 фоизга кўпайгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид