Ўзбекистон | 17:42 / 07.11.2024
53030
7 дақиқада ўқилади

Эгалланган ҳамда ҳужжатсиз ер участкаларига сўнгги “акция”. Эгалик ҳуқуқини эътироф этиш учун нима қилиш керак?

8 ноябрдан кучга кирадиган ҳамда инсон омилисиз ишлаши айтилган бу қонун доирасида барча ер участкалари хатлов қилиниб, космик суратлар билан солиштирилади. Фуқаролардан эса фақат тўлов қилиш талаб этилади. Ушбу мақолада ер участкаларини эътироф этиш борасида кимлар ва қандай тартибда ишлаши, агар фуқароларда эътироз бўлса қайси босқичда ва кимга мурожаат қилиш кераклиги тушунтириб берилган.

Жорий йил 6 август куни “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. Ушбу қонун билан миллионлаб ўзбекистонликларнинг кадастр ҳужжатлари йўқ ер участкалари ва уларда қурилган биноларга бўлган ҳуқуқлари тан олинади.

Мазкур қонун 8 ноябрдан кучга кирмоқда. Ушбу ўзига хос «амнистия»га кўра, фуқаролар қуйидаги кўчмас мулкларни ўз номига (ижара ва мулк ҳуқуқи асосида) қонуний ўтказиб олиши мумкин:

  • 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб, ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунигача) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер;
  • боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;
  • кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;
  • давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;
  • ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.

Кўчмас мулкни қонунийлаштириш учун улар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

  • ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши;
  • ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
  • ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
  • муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмагани;
  • бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса);
  • ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилгани, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).

Хўш, агар сизда шундай турдаги ер участкаси бўлса, нима қилиш керак? Расмийлар бу қонунни инсон омилисиз амалга оширмоқчи, шу сабабли барча ер участкалари кадастр ходимлари томонидан хатлов қилинади. Сиз турган ҳудуд ёки Ўзбекистоннинг ихтиёрий жойидаги участка қачон хатловдан ўтишини Кадастр агентлиги тайёрлаган эътироф этиш режа-жадвали орқали аниқлаб олиш мумкин.

Юқорида кўрсатилган муддатда кадастр ходимлари сиз турган ҳудудга бориб хатлов қилгач, агар у ерда эътироф қилиниши керак бўлган ер участкаси бўлса, бу майдон “Ўзбеккосмос”га юборилади. Космик тадқиқотлар агентлиги бу текширувлар инсон омилисиз ва коррупциядан холи бўлишини айтмоқда.

Кадастр агентлиги томонидан берилган маълумотлар асосида биз космик суратлар архивига мурожаат қиламиз. Олинган космик суратларни сохталаштиришнинг иложи йўқ. Чунки космик суратларни тақдим қилувчи операторлар ҳеч қачон бундай йўлга юрмайди. Бу коррупция аралашмаслиги йўлида жуда яхши “плюс”. Биз томонимиздан ҳам, халқ тилида айтилганидек “фотошоп” қилинмайди. Ер участкасида бино иншоот бўлса, қурилган деб ёки бўлмаса шу санасига қадар қурилмаган, деб берамиз.

Эътироф этиш ҳақидаги мурожаатлар автоматик бўлади, бу ходимлар ўртасидаги мулоқот бўлмаслиги, инсон омили олдини олади. Агар ер участкаларидаги биноларни космик суратлар орқали аниқлашда об-ҳаво ёки каттароқ дарахтлар тўсқинлик қилса, бошқа усулларда аниқлаш кераклиги ҳақида маълумот киритилади. Лекин бунақа ҳолатлар жуда кам бўлади. Баъзи «уддабурон» ҳамюртларимиз ҳам бор, янги қонундан ерларни ўзлаштиришда фойдаланишни кўзлаётган бўлиши мумкин. Лекин айтмоқчиманки, бунинг иложи йўқ. Космик суратлар архивида барчаси аниқланади», — дейди Kun.uzʼга интервью берган Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази департаменти директори Фарҳод Маҳмудхўжаев.

Фарҳод Маҳмудхўжаев

Бу сафарги “акция” инсон омилисиз бўлиши айтилмоқда, шунинг учун фуқаролардан бирор ҳаракат талаб қилинмайди. Агар сиздаги ҳужжатлари йўқ участка ва иншоот ушбу тартибга тўғри келса, бу маълумот маҳаллада эълон қилинади. Бу участка бўйича ФВВ, Сув хўжалиги, Коммунал хизматлар каби бошқа ташкилотлар ҳам ўз хулосасини беради.

Кадастр агентлиги яратган “E’TIROF” AAT дастури ёки расмий сайтида барча фуқаролар One-ID орқали рўйхатдан ўтиб, бу жараёнларни кузатиб туриши ҳам мумкин. Ушбу сайтда эълон қилинган кўчмас-мулклар жойлашган участкадан манфаатдорлар ёки бошқа шахслар ўз далиллари билан шикоят қилиши мумкин бўлади.

Агар эътироф қилинаётган участкага 1 ой ичида шикоят бўлмаса, Адлия вазирлиги ижобий хулоса беради. Кимнинг номига ўтказилаётган бўлса, унга СМС орқали тўлов квитанцияси боради.

Тўловлар Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлар ҳамда бошқа аҳоли пунктларида турлича – БҲМнинг бир неча баравари миқдорида белгиланган.

Олдинги акцияда тўлов қилганлар ҳамда I, II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар тўловдан озод этилади. Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилганлар тўловнинг 50 фоизини тўлайди. Тўлов қилингач, маҳаллий кенгаш депутатларининг навбатдаги йиғилиши қарори билан ерларга эгалик ҳуқуқи тан олинади.

Мазкур қонун асосида ер участкалари эътироф қилиниши мумкин бўлган миллионлаб фуқаролар бор. Шу сабабли жараён 2028 йил 1 январгача давом этиши белгиланган.

Фаррух Абсаттаров тайёрлади.

Мавзуга оид