Жаҳон | 10:59 / 07.11.2024
23546
2 дақиқада ўқилади

Қиролича Елизавета II ва шаҳзода Филиппнинг тўйидаги торт бўлаги кимошди савдосида сотилди

77 йилдан буён сақланиб келган ширинликни хитойлик коллекционер қарийб 2,9 минг долларга сотиб олди.

Фото: thetimes.com

Қиролича Елизавета II ва шаҳзода Филиппнинг тўйида тортилган мевали торт бўлаги Англиядаги Reeman Dansie кимошди савдосида 2,2 минг фунт стерлингга (қарийб 2,9 минг долларга) сотилди.

1947 йилдан буён сақланиб келинаётган ширинликни хитойлик коллекционер сотиб олди. У 10х7,6 сантиметр ўлчамли торт бўлаги билан бирга Елизаветанинг хати илова қилинган оригинал совға қутисига ҳам эга бўлди. 

Ушбу торт бўлаги бундан 77 йил олдин Эдинбургдаги Ҳолируд саройи хизматчилари бошқарувчиси Марион Полсонга миннатдорчилик рамзи сифатида юборилган: у ёш келин-куёвга “ажойиб” ширинлик сервизини совға қилганди. Аёл торт бўлагини ўз каравоти остидаги чамадонда, шахсий буюмлари орасида сақлаган. У 1980 йилларда вафот этган. Яқинда унинг қариндошлари ширинликни топиб олди.

Reeman Dansie эксперти Жеймс Гринтер тўй тортининг бутун ҳолатини фотосуратларда кўрганини айтди. Унинг сўзларига кўра, торт “жуда катта, ярим хонани эгалларди”. Гринтер мевали торт бўлаги қоронғида тургани, унга алкогол шимдирилгани сабаб жуда яхши ҳолатда сақланганини таъкидлади.

Тўй тортини яратиш устида бош қандолатчилар McVitie & Price ишлаган. Тўрт қаватли тортнинг баландлиги қарийб 3 метр ва оғирлиги 226,7 килограмм эди. Шаҳзода Филипп уни қилич билан 2 минг бўлакка бўлган — улар маросим меҳмонларига тарқатилган, шунингдек, ташаккурномалар билан бирга бутун дунёга жўнатилган.

Мавзуга оид