Спорт | 00:08
723
10 дақиқада ўқилади

«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала

Бугунги «Реал»га қараб, мана шу жамоа ўтган мавсум Чемпионлар Лигаси ва Ла Лигани ютгани ҳамда ёзда дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири Киллиан Мбаппени таркибига қўшиб олганига ишониш қийин. «Қироллик клуби»нинг ўзини топиб олишига ҳали кеч эмас, бироқ бу йўлда ҳал қилиниши кутилаётган бир қатор саволлар бор.

Фото: Getty Images

«Реал» ҳозирги таркиби билан нафақат бу мавсумда, балки келгуси ярим декада давомида тўхтатиб бўлмас кучга айланиши тахмин қилинаётганди. Амалда эса барчаси анча қийин кечмоқда.

Албатта, Мадрид клуби Мбаппе билан кучсизланди деб бўлмайди, бироқ у билан кучайганини ҳам кўрсата олганича йўқ. Чемпионлар Лигасида «Лилл»га (0:1) ва Ла Лигада «Барселона»га (0:4) бой берилган учрашувлар уларнинг муаммоларини яққол кўрсатиб бера олди. Ушбу муваффақиятсизликлар фонида мадридликлар учун Тони Кроос фаолиятини якунлаши тахмин қилинганидан оғир келгани маълум бўлмоқда. Гарчи захирасида битта ўйини бўлса-да, ҳозирги вақтда «Реал» лига пешқадами «Барса»дан 9 очко ортда бормоқда. Бундан ташқари, ҳозирча Чемпионлар Лигасида плей-оффга тўғридан тўғри йўлланма оладиган саккизлик орасида эмас.

Ҳали ваҳима қилишга ҳожат йўқ, лекин «қаймоқранглилар» ҳозирдан ҳаракатни бошламаса, кейин кеч бўлиши мумкин. Муаммолар эса кўзга кўриниб турган муаммолар ва бу уларни ҳал қилишни осонлаштиришга ёрдам беради.

Мбаппедан кўпроғини талаб қилиш

 

Умуман олганда, Мбаппе гол уриш бўйича оламшумул муваффақиятсизликка учрагани йўқ. Ҳозиргача Мадрид клубида 15 марта майдонга тушган француз 8 гол уриб, 2 марта жамоадошлари голига ҳаммуаллифлик қилди. Лекин барибир барчада унинг қўлидан кўпроқ нарса келиши ва аслида ҳам кўпроқ нарса бериши керак, деган фикр бор. Дарҳақиқат, Франция миллий жамоаси сардори билан барчаси жойида эмас. Ҳа, у ўзининг ҳар мавсум учун кафолатланган 40+ голларини уриб бериши мумкиндир, бироқ биз майдонда Киллиан Мбаппени кўрмаяпмиз. Ҳар ҳолда, ҳозирча қолаётган таассурот мана шундай.

Гап фақат «Реал»га ўтиш босимида ҳам эмас. Мбаппе ўша 20 ёшида чиққан даражасидан кейин ҳатто Парижда ўйнаб юрган кезларида ҳам ўсиш намойиш этмаётганди. Энди эса Мадридга, чап қанотнинг ўз эгаси бўлган клубга келиб, унинг камчиликлари янада яққол кўзга ташланмоқда. У страйкер сифатида майдонга тушиб, чап тарафдан очилиб боришга ҳаракат қилиб, ўша қанотда «Реал» футболчиларининг ортиқ даражада тўпланиб, қолган зоналар бўш қолишига сабабчи бўляпти. Тўпсиз ҳаракатлар борасида эса у янада ёмонроқ ўйнамоқда. Тўпни йўқотган вақтларида 25 ёшли ҳужумчи деярли югурмаяпти ва прессингда қатнашмаяпти.

Албатта, ундан тинимсиз равишда босим ўтказишни талаб қилиш имконсиздир, бироқ Анчелотти уни ҳимоявий ҳаракатларда ҳам ишлатиши керакдек.

Беллингҳэмдан максимум фойдаланиш

 

Мбаппе келганидан сўнг позицияси ва вазифалари энг кўп ўзгарган футболчи бу — Жуд Беллингҳэм. Мадриддаги фаолиятини рекордларни янгилаш билан бошлаган инглиз яримҳимоячиси, мавсумнинг иккинчи ярмида голлар борасида анча «қурғоқчилик»ни бошидан кечирган бўлса-да, анча юқори зоналаргача бориш имкониятига эга бўлаётганди. Иккинчи даврадаги голсиз ўйинлари ҳужумга камроқ қўшилиши билан изоҳланди, Мбаппе келиши эса уни буткул яримҳимояга михлади. Натижада, ҳануз Жуд бу мавсумдаги биринчи голини уролмади.

Албатта, Мбаппе ва Винисиус каби ҳужумчилар ўйнаётган жамоада Беллингҳэмнинг голлари камайишини тахмин қилиш қийин эмас, аммо унинг таблоларда бу қадар камнамо бўлиб қолишини ҳеч ким кутмаганди.

Беллингҳэм тўртбурчакдан тўртбурчаккача ўйновчи яримҳимоячидир (box-to-box). Шу билан бирга, унинг қўлидан келадиган ишлар кўлами мислсиз. У голлар уришни хоҳлайди, бироқ марказдаги вазифалари унинг бу истагини чекламоқда. Ўз навбатида, голларга нисбатан очлик унинг ўз позициясида роҳат билан ўйнашига ҳам халал беряпти. Демак, Анчелотти 21 ёшли инглизнинг имкониятларидан келиб чиқадиган ечим ишлаб чиқиши ва унинг тўпурарлик маҳоратидан ҳам унумли фойдаланиши керак. Ҳар ҳолда, италиялик тажрибали «қария»да бу масалага ҳам ечим топилса керак.

Ҳимояни мустаҳкамлаш

 

Медиа ва мухлислар «Қироллик клуби» ҳужумидан кўнгли тўлмаётган бир пайтда, Relevo нашри ёзишича, Карло Анчелоттининг асосий эътирози ҳимоя чизиғига бўлмоқда. Ҳозирги замон футболида бутун жамоа ҳимояланиши кераклигини тан олган ҳолда айтиш керакки, Мадрид клуби мудофаасида сезиларли муаммолар мавжуд ва бу гуруҳ футболчилари ҳамон ўтган мавсумдаги ғалабалар эйфориясидан чиқиб кетмаган, чоғи.

«Реал» ҳимоячиларининг ҳимоядаги хатолари ҳозиргача жамоанинг 18 та тўп ўтказиб юборишга сабаб бўлди. Мисол учун, Ферлан Менди класикода Ламин Ямалга осонликча енгилди. Антонио Рюдигернинг ўтган мавсумдаги ишончли ҳимояланиши ва ҳужумларни бошлаб берувчи узун паслари ҳам кўринмаяпти. Эдер Милитао эса хочсимон пайларини узиб олиб, узоқ муддатли танаффусдан сўнг майдонга қайтганидан бери ўзига ўхшамаяпти. Ўнг қанот ҳимояси масаласига эса алоҳида тўхталмасак бўлмайди.

Ишончли ўнг қанот ҳимоячиси топиш

 

Октябр ойи иккинчи ярмида Карваҳал жароҳат олиши мадридликлар мавсумини катта муаммолар гирдобида қолдирди. «Олтин тўп» рейтингида 4-ўринни эгаллаган испаниялик ҳимоячи, ростдан ҳам, ўтган мавсумда фаолиятидаги энг яхши спорт мавсумини ўтказганди. Унинг ёши катталигига қарамай, Перес ўзини яхши ўнг қанот ҳимоячиси борлиги билан овутаётганди.

Энди эса… Унинг ўринбосари сифатида Анчелотти Лукас Васкесга ишонади ва уни ўта ёмон вариант, деб бўлмайди. Ҳар ҳолда, Лукаснинг меҳнаткашлиги ва ҳужумга қўшадиган ҳиссаси танқидлардан холи. У ўзининг базавий позицияси бўлган ўнг қанот вингери вазифаларини ҳимоя зонасидан яхши бажаради. Уни мухлислар кўзига ёмон кўрсатаётган жиҳат — бирга-бир вазиятларда у қадар ишончли ҳаракат қилмаслиги. Айнан мана шундай хатолар «Боруссия»дан ва «Барселона»дан голлар ўтказилишига олиб келганига барча гувоҳ бўлди.

Хўш, ечим сифатида нимани таклиф қилиш мумкин? Балки, Милитаони қанотда синаб кўриш керакдир, у Бразилияда ўйнаб юрган кезлари бу ролни бажарган. Унинг марказдаги ўрнини эса жароҳатда юрган пайтида унинг ўрнини босган Орелян Чуамени бажонидил тўлдириши мумкин. Балки, кейинроқ Ливерпул тарафлардан кимдир келиб қолар…

Крооссиз ўйинни назорат қилиш йўлини топиш

 

Ла Лигадаги дастлабки 90 дақиқа «Реал»га бу мавсумда нима етишмаслигини кўрсатиб берганди. «Малйорка»га қарши очилиш беллашувидаги дурангдаёқ Тонисиз илк мавсум Мадрид гранди учун оғир ўтишининг илк нишоналари кўрина бошлади.

Немис яримҳимоячиси «қаймоқранглилар»нинг сўзсиз энг муҳим футболчиларидан бири эканини билардик, аммо у қандай аҳамиятга эгалигини росмана ҳис қилиш учун у фаолиятини якунлашига тўғри келди.

Крооссиз «Реал»да баланс йўқолди: барчаси ёки жуда шошқалоқлик билан ёки жуда секинликда амалга оширилмоқда. Футболда унинг каби бўшлиқлар билан яхши ишлай оладиган, ўз шериклари ва рақибларни майдонда дона сингари сурилишга мажбур қилувчи ҳамда ўйин темпини белгилаб берувчи футболчилар ноёб. Ҳа, Феде Валверде ва Жуд Беллингҳэм яхши узатмалар амалга ошира олади, бироқ Тонидаги «олтин пауза»ни улардан излаш мантиқсизлик. Лука Модричда шундай хислат бордир, бироқ у ҳам орқароқдан ҳужумларни тезлаштириш масаласида собиқ жамоадоши ўрнини боса олмайди. Камавинга ва Чуамени эса, асосан, бузғунчи ҳаракатлар учун майдонга туширилади, балки йиллар ўтиб улар ҳам ижодкорлик масаласида акаларидан ўрнак ола билишар. Аммо бир вақтнинг ўзида, юқорида санаб ўтаётганларимиз ечим сифатида ҳам бизга ёрдамга келишади. Анчелотти буларнинг барини қориштириб, битта Кроос «ясаши» керак. Акс ҳолда, клуб мухлислари ҳали анча вақт Кроосни қўмсаб юришади.

Жамоага яхши кайфиятни қайтариш

Ўтган мавсумда шундай фараз бор эди: «Реал»нинг улкан муваффақиятлари дўстлик ва ҳамжиҳатлик кучи эвазига қўлга киритиляпти. Албатта, бу — конспирологик ва илмий асоси бўлмаган фикр, бироқ уни буткул асоссиз ҳам деб бўлмайди. Анчелотти Мадридда доим яхши оила тузган даврда ажойиб натижалар қайд этган. Ўша вақтларда ижтимоий тармоқларда видеолар тарқаларди: Алабанинг стул кўтариб гол нишонлаши, голларга телбанамо реакциялар, кийим алмаштириш хонасида Карлонинг бир кунлик дам беришини байрам қилиш ва ҳоказо.

Албатта, бу қадар кучли жамоанинг тактик ютуқлари бўлиши табиий, бироқ Анчелоттининг «Реал»и доим индивидуал кучли футболчиларнинг яхлит бир жамоага йиғила олиши эвазига муваффақият қозониши таъкидланади. Ҳозирги вақтда мана шу жиҳатдан жамоа оқсаётгандек кўринмоқда. Кроос кетгани учунми ёки Мбаппе қўшилиб кетишда муаммога учраяптими, хулласи калом, «Реал» оркестрининг гармонияси ўтган йилгидан анча фарқли. Айниқса, Винисиуснинг «Олтин тўп»ни юта олмаслиги ортидан машғулот базасидаги кайфият янада ёмонлашган бўлса, ажаб эмас.

Хўш, Карло футболдаги навбатдаги оғир топшириқни қадамма-қадам енгиб ўтадими ёки иккинчи «галактикос» лойиҳаси ҳам муваффақиятсизликка учрайдими?

Goal сайтидан Абдулбасит Валихонов таржимаси

Мавзуга оид