Ўзбекистон | 19:42 / 07.11.2024
20583
5 дақиқада ўқилади

Тахиатош тумани ҳокими собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум этилди. У бюджет маблағларини талон-торож қилган

Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Ғулом Бектемиров жиноий жазога тортилди. У ҳудуддаги МЧЖлардан бирининг раҳбари билан тил бириктириб, тумандаги ижтимоий соҳа объектлари иситиш тизими учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилган. Ғулом Бектемиров июн ойида бошқа бир жинояти доирасида 32 млн сўм билан тезкор тадбирда қўлга олинганди.

Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ғулом Бектемиров ҳамда у билан жиноий тил бириктирган МЧЖ раҳбарига суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, халқ депутатлари Тахиатош тумани кенгашининг 2023 йил 23 июндаги қарори билан “Universal Energo Ғaiz Stroy” МЧЖ Тахиатош тумани ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида иситиш тизимларини амалга оширишда хусусий шерик сифатида киритилган. Сўнгра туман ҳокимлиги ва МЧЖ ўртасида жами 12 млрд 440 млн сўмлик (шундан 6 млрд 220 млн сўми давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши назарда тутилган) давлат-хусусий шериклик битими тузилган.

Мазкур битимга асосан тумандаги 49 та ижтимоий соҳа объектларига 173 та янги иситиш қозони ўрнатилиши ва иситиш тизимлари модернизация қилиниши, кўмир учун омборхона қурилиши ҳамда бошқа таъмирлаш ишлари бажирилиши керак эди. Аммо МЧЖ раҳбари Аманбай Карашаев ҳоким ўринбосари Ғулом Бектемиров билан тил бириктирган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилган ишларни тўлиқ бажармасдан, бажарилгани ҳақида ҳисоб-фактура тайёрлашган.

Улар ҳужжатга айрим боғча ёки мактабларда катта ҳажмли иситиш қозони ўрнатилгани ҳақида маълумот киритишган, бироқ аслида кичик ҳажмли иситиш қозони ўрнатишган. Ҳатто баъзи таълим ва тиббиёт муассасаларига иситиш қозонлари ўрнатилмаган ҳолда бу иш бажарилганини қайд этишган.

Жумладан, тумандаги 5-, 8-, 13-, 14-, 15-сонли мактабгача таълим ташкилотларига, оилавий поликлиникага, ихтисослаштирилган наркологик диспансерига, марказий поликлиникага, Кенегес ва Азатлиқ оилавий поликлиникаларига, 4-, 5-, 9-, 10-, 11-, 12-, 13-, 14-, 15-, 16-, 17-, 18-, 19-, 20-, 21-, 22-сонли умумтаълим мактабларига, шунингдек, Баркамол авлод, Болалар мусиқа ва санъат мактабларига, Спорт мактабига янги қозонхона қурилгани кўрсатилган ҳолда аслида ушбу қозонхоналар умуман қурилмаган.

Мазкур қилинмаган ишлар қўшиб ёзилиши орқали жами 760 млн сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган. Ғулом Бектемиров ҳисоб-фактурани бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилганини билган ҳолда имзолаб, тасдиқлаб берган. 

Бундан ташқари, Ғулом Бектемиров ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни маҳаллий фуқарога бузиш ишларини олиб бориш ҳамда бузиш давомида чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш (сотиш) ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтган. У бунинг эвазига 35 млн сўм талаб қилган.

Тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 32 млн сўмни ҳайдовчиси орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Судда Ғулом Бектемиров ўз айбига иқрорлик билдирмаган. У қўшиб ёзилган ҳисоб-фактурани ишлари кўпайиб кетиб, ишларни шахсан ўзи бориб  кўрмагани, фақатгина 4 та объектни кўздан кечиргани, ушбу объектларда ишлар тўғри бажарилгани билан изоҳлаган. Шунингдек, “замҳоким” ўз кўрсатмасида ҳисоб-фактурага имзо чекиши жараёнида юқори турувчи раҳбарлар томонидан кўрсатма бўлганини ҳам маълум қилган.

Суд ҳукми билан Аманбай Карашаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ғулом Бектемиров Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. У 1 йил давлат идоралари, шунингдек, давлат улуши бор идораларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаси юкланадиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 

Карашаев ва Бектемировдан солидар тартибда 760 млн сўм етказилган зарар Тахиатош тумани Молия бўлими фойдасига ундирилиши белгиланган.

Маълумот учун, Ғулом Бектемиров 1989 йилда туғилган. У 2022 йил май ойидан Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Аввалроқ Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари – Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Ҳакимжон Маллаев 7 йилга қамалгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид