Жаҳон | 13:51 / 07.11.2024
10906
10 дақиқада ўқилади

Трампнинг реванши: либерал Америка тугаяптими?

Доналд Трампнинг АҚШ президентлиги сайловларидаги муваффақияти одамлар иккинчи шахси Камала Ҳаррис бўлган Жо Байден маъмуриятидан нечоғлик ҳафсаласи пир бўлгани миёқсини кўрсатиб берди.

Трамп Америка учун “олтин аср” ваъда қилмоқда. Фото: Getty Images

Шахсан Трампнинг ўзи учун Оқ уйга қайтиш унинг қонун билан боғлиқ муаммоларининг бир қисми ҳал бўлиши ва бошқалари музлатилишини англатади. Бироқ, у АҚШ тарихида қамоқ жазосига ҳукм қилинган илк президент бўлиши эҳтимоли ҳам сақланиб туради.

Америка жамияти учун унинг иккинчи муддати қатъий миграцион сиёсат ва экологик кун тартибини қайта кўриб чиқишни англатади.

Украина, НАТО ва АҚШнинг бошқа иттифоқчилари ва ҳамкорлари учун Вашингтоннинг одатий ташқи сиёсати ўзгариши ва дарҳол юз берадиган оқибатларни билдиради.

BBC Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддати ҳақидаги асосий саволларга жавоб излади.

Трамп кимларни тайинлайди?

Трампнинг сайловолди дастури кўп жиҳатдан унинг 2016 йилги ваъдалари такрори бўлди, биринчи муддатда уларнинг катта қисми бажарилмаган. Ўшанда ваъдаларнинг бир қисми Конгрессдан ўтмаган, айримларини Олий суд бекор қилган, айримлари эса асосий лавозимларга тайинланган эски мактаб републикачилари томонидан блокланган. Улар Трампнинг иқтисодий популизми ва ташқи сиёсатдаги изоляционизмини қўллаб-қувватлашмаган.

Ўшандан бери собиқ президент ўша одамлар тайинланиши унинг асосий хатоси бўлганини такрорлаб келарди ва энди ўз атрофига ҳаммаслаклари ва содиқ инсонларни тўплашга қарор қилган.

Вице-президент танлови ҳам шундан дарак бермоқда. 2016 йилда Майк Пенс танланганди. У классик республикачиларга мансуб мустақил сиёсий фигура эди. Бу сафра эса Трамп ўзи шерик сифатида Жей Ди Вэнсни танлади, у ўз сиёсий карьераси учун шахсан Трампдан қарздор ва республикачилар партияси функционерлари олдида муттаҳам эмас.

Унинг биринчи президентлик муддатидан фарқли ўлароқ, ҳозир АҚШ Олий суди ҳам Трампнинг тайинловлари шарофати билан консерватив кўпчиликка эга. Бу суд аллақачон абортга умуммиллий ҳуқуқни бекор қилиб бўлган.

Нолегал мигрантларни нима қилмоқчи?

Трампнинг асосий сайловолди ваъдаси мамлакатда ноқонуний бўлиб турган мигрантларни оммавий депортация қилиш эди.

2016 йилда ҳам у барча номунтазам мигрантларни депортация қилишни ваъда қилганди. Ўшанда ҳам уларнинг сони ҳозиргидек 11 млн бўлган. Лекин у ваъдасида туролмади. Бундан ташқари, Барак Обама даврида депортация суръати каттароқ ҳам бўлган.

Социологлар яна “Трампнинг камсуқум сайловчилари” феноменини инобатга олишмади. Улар ижтимоий сўровларда очиқ жавоб беришга ийманишади, лекин сайловда Трампга орвоз беришади. Фото: Getty Images

Бироқ, Трампнинг бошқа чоралари нолегал миграция даражаси сезиларли камайишига олиб келди. 2021 йилда эса Байден бу чораларни бекор қилди ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишлар сони рекорд даражага кўтарилди.

Январда 47-президент лавозимига ўтирар экан, Трамп бунга чек қўйишни ва гарчи бу бутун мамлакат бўйлаб оммавий рейдлар ўказиш заруриятини келтириб чиқариши ва иқтисодиётга салбий таъсир қилса ҳам, ҳар йили миллионлаб мигрантларни чиқариб юборишни ният қилган. 

Трамп Россиянинг Украинага бостириб киришини тўхтатишни ҳам ваъда қилган. Бу ишни у жуда тез, январ ойида қасамёдга келгунча амалга оширмоқчи. Лекин буни қандай қилиб амалга оширишини очиқламаган.

Демократлар унинг режаси Киевни босиб олинган ҳудудларидан воз кечиб, Зеленский тилга олган жиддий хавфсизлик кафолатларисиз Москва билан ярашишга мажбурлаш эканини таъкидлаб келишган.

Модомики шундай бўлиб чиққан тақдирда ҳам, бу дипломатия якунини олдиндан айтиб бўлмайди. Трампнинг биринчи муддати Россия билан муносабатларни қайтадан ишга туширишга уринишлардан бошланган, бироқ янги санкциялар, 60 дан ортиқ россиялик дипломатлар АҚШдан чиқариб юборилиши ва Украинага «Жавелин» русумли танкка қарши комплекслар етказилиши билан тугаган.

Трамп аввалги президентлик лавозимида қўл урган ҳамда демократлар ва республикачилар етакчилари маъқуллаган ягона иши – Хитой билан муносабатларни жиддий қайта кўриб чиқиш бўлган. Байден умуман олганда Трамп чизган очиқча зиддият курсини давом эттирди, Ҳаррис ҳам унга оғишмай амал қилишни ваъда қилаётганди.

Бироқ Трамп ставкаларни кўтармоқчи ва Хитойдан келтирилган импорт товарларнинг барчасига 60 фоизлик бож жорий этмоқчи (бошқа давлатлардан кирадиган товарлар учун 10 фоизлик бож назарда тутилмоқда).

Пекин симметрик жавоб бериши ҳисобга олинса, икки барқудрат давлат ўртасида мисли кўрилмаган савдо уриши юзага келиши ва бу Америка, шунингдек, жаҳон иқтисодиёти учун аввалдан тахмин қилиб бўлмайдиган оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Трамп шунингдек, Ғазодаги урушни якунлашини ҳам таъкидлаган. Бу эса унинг исроилпараст позициясига зиддир. Аммо қуролли тўқнашувларни жуда ёмон кўриши билан тушунтирилади.

Умуман олганда, Трампнинг иккинчи маъмуриятидан АҚШнинг Европа ва Яқин Шарқда рўй бераётган воқеаларга қизиқиши пасайишини, ресурсларни Хитойга қарши курашиш йўлига сарфлашини кутиш мумкин. Бу курс бир пайтлар Барак Обама томонидан ўрнатилган ва кейинги йилларда музлатиб қўйилганди.

Ички сиёсатда-чи?

Трамп кўплаб экологик меъёрлар ва тартибларни бекор қилмоқчи, электромобилларга мажбурий квоталардан воз кечмоқчи ва Америка тупроғида янги нефт ва газ конларини бурғилашга рухсат бермоқчи. Шу муносабат билан унинг республикачиларнинг «Тешавер, болажон, тешавер» (Drill, baby, drill!) шиорига муҳаббати ҳам ёдга олинмоқда.

Бу чоралар АҚШни иқлим ўзгаришига қарши кураш масалаларида ортга итқитиб ташлаши мумкин.

Трамп шунингдек, солиқларни пасайтиришни ваъда қилмоқда. Лекин бунинг учун унга Конгресснинг қўллови зарур бўлади.

Яқин орада Трамп 2017 йилда бошлаб берган ва келгуси йили тугайдиган солиқ ислоҳоти узайтирилишини кутиш мумкин. У корпорациялар ва энг бой америкаликларга сезиларли солиқ имтиёзлари тақдим этади.

Трампга очилган ишлар

Ҳозир Трамп бир неча жиноий ишлар бўйича айбланувчи ҳисобланади — ишларнинг айримларида унга нисбатан федерал ҳокимият даъво қўзғаган, бошқаларида ташаббус штатлардан чиққан.

Боз устига, у порноюлдуз Сторми Дэниелсга махфий тўлов амалга оширгани бўйича айбдор деб топилган. Ҳукм 26 ноябр куни ўқилади, назарий жиҳатдан Трамп қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ҳам мумкин. Бироқ, унинг сайловдаги ғалабаси вазиятни мураккаблаштирмоқда.

Трамп сайловларга аралашиш бўйича жиноий ишда ҳам айбланувчи деб топилган. Ҳозир судя Олий суднинг давлат раҳбари президентлик лавозимида ўтирган чоғда содир этган ҳаракатлари учун қисман иммунитетга эга, деган қароридан сўнг айбловни қайта кўриб чиқмоқда.

Махфий ҳужжатлар билан муомала қилиш қоидаларини бузганлик тўғрисидаги яна бир федерал ишни Трамп томонидан тайинланган судя тугатиб юборган.

Байден президентлик лавозимида қоладиган икки ой мобайнида федерал прокурорлар бу айбловларда янада қатъий туриб олишса-да, Трамп Оқ уйга қадам босиши ҳамоно у тайинлаган янги адлия вазири федерал даъволар бўйича айбловларни олиб ташлаши мумкин.

Улардан ташқари, Жоржия штатида Трамп ва унинг юристлари ўтмишда мафия боссларига қарши кўпроқ ишлатилган жиноий ташкилотлар (RICO Act) бўйича жиноий иш фигуранти ҳисобланишади. Бу ҳолатда ҳам айбловлар сайловларни сохталаштириш билан боғлиқ, айрим фигурантлар айбини тан олган, бироқ Трамп эмас. Бу иш июл ойида тўхтатилган, ўшанда прокурор Фани Уиллис бу ишни олиб бориш учун ўзи тайинлаган махсус прокурор билан учрашган.

Трамп Оқ уйда бўлиб турар экан, бу жиноий ишлар ҳақида қайғурмаса ҳам бўлаверади — амалдаги президентларни жиноий таъқиб қилиш АҚШ юридик амалиётига зид.

Ваколатлари тугаши арафасида эса назарий жиҳатдан унга муаммо туғдираётган штатларнинг губернаторлари томонидан афв этилиши мумкин.

Трамп ютуғи ксенофобия ғалабасими?

Трампнинг ғалабаси америкаликлар унинг «ксенофобия, аёллардан жирканиш, ирқчилик, шафқатсизлик ва нафрат» платформасини қўллаганини англатади, дейилади Washington Post мақоласида.

Бироқ, консерватив публицистлар бундай абловларга жавобан гап оддий сайловчиларнинг тоқатсизлигида эмас, Байден маъмурияти ишларни барбод қилганида дейди ва Камала Ҳаррис ҳам улардан узоқлаша олмаган.

Обаманинг қўллови унинг электорал мўъжизасини такрорлаш учун Камала Ҳаррисга етарли бўлмади. Фото: Getty Images

Бош муаммолар қаторида улар чегарадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият инқирозга учрагани ва нолегал миграция даражаси ошиб кетгани, шунингдек, америкаликлар иқтисодиётдан норозилигини келтиришади. Гарчи АҚШ иқтисодиёти сўнгги йиллар ичида ўсган, инфляция пандемия чоғидаги сакрашлардан пасайган, ишсизлик рекорд даражаси паст кўрсаткичларга шўнғиган бўлса ҳам, ижтимоий сўровларда қатнашганларнинг аксарияти Трамп вақтида яхшироқ яшашганини айтишган.

Кўплаб сайловчилар Байденнинг мамлакатни ташқи таҳдидлардан ҳимоя қила олиш қобилиятидан кўнгли совиган: У АҚШ ташқи дунёдаги бирорта кенг кўламли урушларда иштирок этмаётган, фақат Афғонистондаги кичик бир контингентни таъминлаб турган бир чоғда ҳокимият тепасига келган эди. Энди эса мамлакат Украина ва Яқин Шарқдаги иккита мураккаб можарога жуда яқиндан ўралашиб қолди ва жанг олиб бораётган иттифоқчилари ва ҳамкорларини қўллаш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда.

Ҳарриснинг мағлубияти бу омилларнинг йиғиндиси бўлиши ҳам мумкин, бироқ янада чуқур реалликни юзага чиқараётгандек.

Кўплаб республикачилар учун Трамп мамлакатни қутқариб қолувчи ва тўғри йўлга қайтарувчи топиниш фигурасига айланиб қолган.

Бу собиқ президент Барак Обама либерал америкаликлар онгида қолдирган изга ўхшайди. Байден ҳам, Ҳаррис ҳам бундай шуҳратга яқинлаша олмади, улар шунчаки Трампга муқобил бўлиш учун хизмат қилишди. Обама ва унинг рафиқаси Мишел Ҳаррис учун фаол тарғибот ишлари олиб боришди. Лекин бюллетенларда барибир уларнинг исми ёзилмаган эди.

Мавзуга оид