Ўзбекистон | 20:43 / 08.11.2024
4450
5 дақиқада ўқилади

8 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Метро бекатларида қуриладиган жамоат ҳожатхоналари, Самарқанд шаҳри учун 100 та электробус, сув тежаш учун қуриладиган 10 та сел сув омбори ва ҳажми ошиши кутилаётган пул ўтказмалари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Тошкент метросида пулли ҳожатхоналар

Тошкент метросининг 9 та гавжум бекатларида пулли хожатхоналар ҳамда оналар ва болалар учун махсус хоналар қурилади.

Метронинг «Чилонзор» бекатида қурилган она-бола хонаси ва ҳожатхона таржиба-синовдан муваффақиятли ўтгани муносабати билан яна бошқа 9 та бекатда ҳам шундай махсус хоналар қурилиши маълум қилинди.

«Чилонзор бекатида битта қилиб кўрдик, ўзини оқлади. Нима учун биз тест режимида қилдик? Тошкент метрополитени шаҳар канализациясидан пастда жойлашган. Буни қуриб битказгандан кейин ёқимсиз ҳидлар чиқмаслигининг олдини олишимиз керак, Чилонзордаги бекатда шуни ишлатиб кўрдик. Ўзини оқлади, биз учун натижа берди, энди техник жиҳатдан тўғри келадиган бошқа бекатларга ҳам татбиқ қилмоқчимиз», – деган «Тошкент метрополитени» матбуот котиби Тўйчи Мирзаев.

Бу хабаргача «Пахтакор» бекатида номаълум эркакнинг пешоб чиқариб кетгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган эди.

Самарқанд учун 100 та электробус

Самарқанд шаҳрига ноябр ойида режалаштирилган 30 та электробусларнинг 8 таси олиб келинди.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, йил якунига қадар яна 64 та электробуслар келтирилиши режалаштирилган. Умумий ҳисобда — электробуслар сони 100 тага етказилади.

Ҳозирда электробусларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Режадаги транспорт воситалари олиб келингач, белгиланган тартибда Самарқанд шаҳар жамоат транспорти йўналишларига бириктирилади.

Самарқанд Ўзбекистонда ЕТТБнинг «Яшил шаҳарлар» дастурига қўшилган биринчи шаҳардир. Лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳар жамоат транспорти йўналишларида электробуслар ҳаракати йўлга қўйилиши белгиланган.

10 та сел сув омбори қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Баҳор ва куз фаслидаги ёғинлардан ҳосил бўлган сел сувларини йиғиб, суғоришда ишлатилиши масаласи ҳам йиғилишда кўриб чиқилди. Қўшработ туманининг Хонназор, Чорлоқ, Қўрғон, Шовона ва Қийқим маҳаллаларидан ўтган сойдан йилига 36 миллион метр куб сув самарасиз оқиб кетаётгани маълум қилинди.

Бу жойларда кичик сув омбори қурилса, 2,5 минг гектар ерни ўзлаштириш, янги ерларни интенсив сабзавотчилик учун аҳолига бериб, 4 минг ишсизни банд қилиш ва 600 та оилани камбағалликдан чиқариш мумкин.

Бундай сел сув омборларини Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Фарғонадаги яна 9 та туманда барпо қилиб, 50 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш имкони бор. Шу муносабат билан мутасаддиларга 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлаш топширилди.

Сув исрофини бартараф этиш учун чоралар

Ўзбекистонда 2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 млрд сўм ажратилади.

Президент раислигида ўтган йиғилишда қайд қилинишича, каналларда йилига 13 миллиард метр куб сув йўқотиляпти. Бу Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарёнинг бир йил ишлатадиган сувига тенг.

Масъул идораларга 66 та магистрал канал лойиҳаси ва экспертизасини якунлаб, қурилиш ишларини тез фурсатда бошлаш, бунга арзон цемент етказиб беришни ташкил қилиш топширилди.

Умуман, ҳокимлар олдига фермер ва кластерлар билан биргаликда 1 апрелгача 15 минг километр ички ариқларни бетон қопламага ўтказиш вазифаси қўйилди.

Каналларни бетонлаш ҳисобига сув оқими тезлашади. Бу – кичик ГЭСлар қуриб, электр олиш учун катта имконият. Республикада 2 мингта мана шундай микроГЭС қуриб, йилига қўшимча 600 миллион киловатт-соат электр олиш мумкинлиги таъкидланди.

Хориждан пул ўтказмалари ҳажми ошади

2027 йилга бориб Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 20 млрд долларга етиши мумкин.

Марказий банкнинг асосий сценарий бўйича кутилмаларига кўра, жорий йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 25-30 фоизга, 2025 йилда 9-11 фоизга, 2026 йилда 9-12 фоизга, 2027 йилда эса 10-15 фоизга ўсади.

Кейинги йилларда Россия рубли курсининг қадрсизланиши ўтказмалар ҳажми камайишига таъсир қилувчи асосий хатар сифатида келтирилган.

«Миграция оқимида давлатлар диверсификациясининг кучайиб бориши давом этади. Бунда, юқори даромадли давлатлар улуши ортиши ҳисобига ушбу давлатлардан пул ўтказмалари ҳажми ўсиши кутилмоқда», — дейилади Марказий банкнинг концептуал лойиҳасида.

Асосий сценарий бўйича кутилмаларга кўра, 2027 йилга бориб пул ўтказмаларининг умумий миқдори 20 млрд долларгача етиши мумкин.

2024 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 11,3 млрд долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,8 фоизга ошган.

Мавзуга оид