Жаҳон | 12:46
3846
13 дақиқада ўқилади

Икки марта аёлларни ютган Трамп: АҚШнинг янги-эски президенти ҳақида қизиқарли маълумотлар

2024 йил 5 ноябр куни АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилди. Унда республикачилар партияси номзоди Доналд Трамп ғалаба қозонди. Бу ғалаба билан у АҚШда президентлик сайловларида икки марта аёл номзодларни ортда қолдирган шахс сифатида тарихда қолди.

Бир неча кун олдин ўтказилган сайлов Трампнинг сиёсий фаолиятидаги учинчиси бўлди. У бундан аввал 2016 ва 2020 йилларда ўтказилган сайловларда ҳам ўз номзодини қўйганди.

2016 йилда Трамп Демократик партия вакили Ҳиллари Клинтонни ортда қолдириб, АҚШ президентига айланганди. 2020 йилда эса Жо Байденга ютқазганди. Бу сафар Камала Ҳаррисни ортда қолдирди.

Қуйида Трамп ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан таништириб ўтамиз.

Германиялик муҳожирлар авлоди

Доналд Трамп 1946 йил 14 июнда Ню-Йорк шаҳрининг Куинс туманида туғилган. Унинг қонида немислар қони оқади ва бир пайтлар бобоси ва бувиси АҚШга Германиядан кўчиб келган.

Трампнинг 1937 ва 1942 йилларда туғилган икки опаси, 1938 йилда туғилган акаси ва 1948 йилда туғилган укаси бўлган. Ҳозирда унинг бир опаси тирик, қолганлар ҳаётдан кўз юмган.

Доналд Трамп (чапдан биринчи) опалари, акаси ва укаси билан.

Ота ёрдамида бошланган бизнес

Гарчи Трамп тез-тез бир пайтлар ўзи оёққа турганини айтишни хуш кўрса-да, бу гап тўғри эмас. Унинг отаси таниқли тадбиркор, анча бой одам бўлган. Трамп отасининг пуллари билан оёққа турган.

Маълумотларга кўра, 1968 йилда 22 ёшли Трамп айнан отасининг компаниясига президент бўлади. Кейинроқ отаси унга 14 млн доллар беради ва Трамп шу маблағ билан ўз бизнесини бошлайди.

Трамп асосан Ню Йоркнинг Бруклин, Квинс ва Стейтент Айлент туманларида уй қуриб сотиш, уларни ижарага бериш билан шуғулланган.

Кейинроқ у Манҳеттенда осмонўпар бинолар, меҳмонхоналар, казинолар ва голф майдончаси қурган.

Трампнинг ёқтирган ўйини голф ҳисобланади

Банкротликка бир қадам

1989 йилда молиявий инқироз юз беради ва Трамп жуда катта миқдорда қарзга ботиб қолади. Ўшандан сал аввал у Трамп-Тож-Маҳал савдо-кўнгилочар мажмуасини қуриш учун 1 млрд доллар қарз олганди.

Охир-оқибат ўша ва бошқа қарзлар йиғилиб, 1991 йилда Трамп банкротлик ҳолатига келиб қолади. Шундан сўнг у ўзидаги облигацияларнинг 50 фоизини сотишга мажбур бўлади. Пуллар қарзларнинг бир қисмини ёпишга сарфланади.

Трамп ундан кейин ҳам бир неча марта молиявий қийинчиликка дуч келади. Бироқ умумий ҳисобда у анча муваффақиятли бизнес юритган.

Ню-Йоркдаги "Тож Маҳал" савдо-кўнгилочар мажмуаси. Бу ерда меҳмонхона, ресторан савдо дўконлари ва казино бор

Трамп бугун нималарга эгалик қилади?

Трамп бугун жуда кўплаб кўчмас мулк савдо тармоқларига эгалик қилади. Уларнинг номларига Трамп ўз фамилиясини берган:

  • Trump World Tower (Ню Йоркда);
  • Trump International Hotel and Tower (Ню Йоркда);
  • Trump Tower (Ню Йорк, 5-авенюда);
  • AXA Center (Ню Йоркда);
  • The trump Building (Ню Йоркда, Уолл-Стритда);
  • Trump World Tower (Ню Йоркда);
  • 555 California Street (Сан Францискода);
  • Trump International Hotel Las Vegas (Лас Вегасда);
  • Trump International Hotel and Tower (Чикагода);
  • Trump Entertainment Resorts (Казинолар тармоғи)
  • Ўнлаб гол майдонлари;
  • Дунёнинг бошқа давлатларида жойлашган бир нечта меҳмонхона;
  • Trump Place (Ню Йоркда).
Ню-Йоркдаги Trump World Tower осмонўпар биноси (ўртадаги қора бино)

Шунингдек, Трамп бир нечта медиа компанияларга эгалик қилади. Улар қуйидагилар:

  • Miss Universe Organization (бу компания NBC телеканали билан ҳамкорликда АҚШ гўзали ва дунё гўзали каби танловларни уюштиради);
  • Trump Network (турли витаминлар савдоси билан шуғулланувчи тармоқли маркетинг компанияси);

Бундан ташқари қуйидагилар ҳам Трамга тегишли:

  • Trump Financial (молия муассаси);
  • Trump Restaurants (ресторанлар тармоғи);
  • Donald J.Trump Signature Collection (эркаклар кийимларини сотувчи тармоқ);
  • Ivanka Trump Collection (қизи Иванка бошчилик қиладиган аёллар кийимлари ва тақинчоқлари сотадиган тармоқ);
  • Trump Ice;
  • Trump Steaks;
  • Trump Home (мебел ва уй жиҳозлари сотувчи тармоқ);
  • Trump Model Management (модел агентлиги).
Чикагодаги Trump International Hotel and Tower осмонўпар биноси

Трамп АҚШ президенти

Трамп катта сиёсатга илк марта 2000 йилда кириб келган. Ўшанда у Ислоҳотчилар партиясидан (Reform Party) ўз номзодини қўяди. Кейин анча йиллар сиёсатдан узоқ юради.

У 2015 йилга келиб 2016 йил ўтказиладиган сайловларда АҚШ президентлигига номзодини қўйишини эълон қилади.

Ўшанда у шундай деганди: «Мен Худо томонидан яратилган энг буюк президент бўламан».

2016 йил 8 ноябр куни ўтказилган сайловда Трамп демократлар вакили Ҳиллари Клинтонни ортда қолдириб, АҚШнинг 45-президентига айланади.

Хитой билан савдо уруши ва халқаро ташкилотларни тарк этиш

Трамп АҚШ президенти бўлгандан сўнг халқаро сиёсатда ўзини жуда ноодатий тутади. Бир нечта кутилмаган қарорлар қабул қилади.

Жумладан, 2018 йил 31 декабрда АҚШ БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўлими бўлган ЮНЕСКО аъзолигидан чиқиб кетади. Бунга сабаб ташкилот 2011 йилда Фаластинни доимий аъзо сифатида сафига қўшиб олгани бўлганди.

Тўғри, ЮНЕСКО билан можаро Трампдан аввал, Барак Обама даврида бошланганди. Бироқ Обама маъмурияти ташкилотдан чиқиб кетишга журъат қила олмаганди. Трамп буни қилди.

Трампнинг яна бир иши АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авив шаҳридан Қуддусга кўчириш ҳақидаги қарори бўлди.

Маълумки, Қуддус шаҳри Исроилга тегишли бўлмаган ва бу давлат уни босиб олган. Трамп шуни била туриб элчихонани босиб олинган шаҳарга кўчирди ва бу иш халқаро даражада қораланди.

Трамп президентлиги даврида Хитой билан ҳам алоқаларни жуда ёмонлаштирди ва бу давлат маҳсулотларига босқичма босқич салмоқли миқдорда божлар жорий қилди.

Оқибатда Америкада Хитойдан келадиган товарлар нархи сезиларли ошди. Бунинг товонини эса оддий америкаликлар тўлади.

Мағлубият ва жазава

2020 йилда АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилди. Унда Трамп демократлар вакили Жо Байденга ютқазиб қўйди.

Ўшанда Трамп ўз мағлубиятини тан олмади ва тарафдорларини Капитолийни эгаллаб олишга чақирди. Бу иши учун унга импичмент эълон қилинди.

Шу тариқа Трамп АҚШ президентлари орасида икки марта импичмент эълон қилинган шахсга айланди. Биринчи импичмент унга 2019 йилда эълон қилинганди.

Ўша иши ортидан Трампга бир неча марта жиноят ишлари ҳам қўзғатилди. Бироқ ҳар гал у «сувдан қуруқ чиқиб кетишга» муваффақ бўлди.

Уч марта уйланган Трамп

Доналд Трампнинг биринчи хотини Чехияда туғилган ва кейинчалик АҚШга кўчиб ўтган Ивана Зелничкова бўлган. Трамп унга 1977 йилда уйланган ва 1992 йилгача, 15 йил бирга яшаган.

Трамп Иванадан уч фарзанд кўрган. Булар – 1977 йилда туғилган кичик Доналд Трамп, 1981 йилда туғилган Иванка Трамп ва 1984 йилда туғилган Эрик Трамп.

Трамп биринчи хотини Ивана Трамп билан, 1980-йиллар

Трампнинг иккинчи хотини Марла Майплз бўлган. Трамп бу аёл билан 1993 йилдан 1999 йилгача бирга яшаган. Бу никоҳдан 1993 йилда қизи Тиффани Трамп туғилган.

2005 йилда Трамп ҳозирги хотини Мелания Трампга уйланган. Меланиянинг келиб чиқиши Словениядан ва у фотомодел бўлган. 2006 йилда бу аёлдан ўғли Бэррон Трамп туғилган. Трампнинг ўнта набираси бор.

Трамп ҳозирги хотини Мелания Трамп билан

Трамп билан содир бўлган можаролар

Трамп доим можаролар ичида юрган ва шу пайтгача унга нисбатан бир неча марта жиноий ишлар қўзғатилган.

У кўп марта шаҳвоний зўравонлик, молиявий қаллоблик, сайловга халақит бериш ва махфий ҳужжатлар сақлаш тартибини бузишда айбланган.

Шаҳвоний зўравонликлар ҳақидаги айбловларнинг энг шов-шувлиси 2023 йилда эълон қилинди. Унга кўра, Трамп порноактриса Сторми Дэниелсга жим юриши учун 130 минг доллар пора берганликда айбланди. 2024 йил май ойида Трамп бу иш бўйича айбдор, деб топилди.

2016 йилда АҚШдаги ОАВда Трампнинг 2005 йилдаги суҳбати эълон қилинди. Ўша суҳбатда Трамп ўзининг юлдуз экани, шу сабабли рўпарасидан чиққан аёлларнинг интим жойларига тегиниши билан мақтанган.

Суҳбат эълон қилингандан сўнг кўплаб аёллар ҳақиқатан Трамп ўзлари билан шундай иш тутганини айтиб, уни айблаб чиқишади. Трамп эса бир неча марта ўша ишлари учун видеомурожаат кўринишида узр сўраб чиқишга мажбур бўлади.

Жин Кэррол Трампни судга бериб, ютиб чиққанди

2019 йилда америкалик ёзувчи аёл Жин Кэррол 1990-йилларда Трамп ўзини зўрлагани ҳақида гапириб, президентни судга беради.

2023 йил май ойида суд Трампни Жинни зўрлаганликда айбдор деб топади ва аёлга 2 млн доллар тўлаши ҳақида ҳукм чиқаради.

Трамп ҳақида қизиқарли маълумотлар

Трамп АҚШ тарихида президентлик сайловида икки марта аёл номзодни ютиб чиққан шахс ҳисобланади. 2016 йилда у Ҳиллари Клинтонни, 2024 йилда Камала Ҳаррисни ортда қолдирди.

У АҚШ энг кекса ёшда президент бўлиб сайланган шахс ҳисобланади. 2024 йил 5 ноябр куни Трамп 78 ёш 174 кунлик эди (У 1946 йил 14 июн куни туғилган).

Трампдан олдин бу рекорд 77 ёш 348 кунлигида президентлик сайловида ғолиб чиққан Жо Байденга тегишли эди.

Трамп узоқ йиллардан буён соч турмакларини ўзгартирмайди

Трамп АҚШ тарихида бир муддат оралатиб икки марта президент бўлиб сайланган иккинчи шахсга айланди. У 2016 йилда ғолиб чиқади. 2020 йилда мағлуб бўлиб, 2024 йилда яна ғалаба қозонди.

Трампгача бундай натижага Демократлар вакили Гровер Кливленд эришган. 1884 йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозонган Гровер АҚШнинг 22-президентига айланади. 1888 йилда ўтказилган сайловда у ютқазиб қўяди. 1892 йилда ўтказилган навбатдаги сайловда Гровер яна ғалаба қозонади ва АҚШнинг 44-президенти бўлади.

Шу пайтгача у бир муддат оралатиб икки марта президент бўлган ягона шахс ҳисобланарди. Трамп шу натижани такрорлаган иккинчи президентга айланди. Энди Трамп АҚШнинг 45- ва 47-президенти ҳисобланади.

Трамп голф ўйинини жуда ёқтиради ва ўзи ҳам бу спорт тури бўйича маҳоратли ўйинчи ҳисобланади. Трамп турли кўчмас мулклардан ташқари ўн еттита голф майдонига эгалик қилади. Уларнинг бештаси хорижий давлатларда жойлашган.

Трамп ўз фаолияти давомида бирон марта ҳам соч турмагини ўзгартирмаган.

У сериалларда ва филмларда ижро этган роллари туфайли икки марта «Эмми» мукофотига номзод бўлган.

Трамп бир пайтлар Ветнам урушига бормаслик учун таътил олиб, талабалик даврини узайтирган.

У чекмаслигини ва маст қилувчи ичимликлар истеъмол қилмаслигини, асосий камчилиги аёлларга ўчлиги эканини айтган.

Трамп эгалигидаги компаниялар жами 6 марта ўзини банкрот деб эълон қилган. Биринчиси 1991 йилда “Тож Маҳал” савдо кўнгилочар мажмуаси қурилиши билан содир бўлган. Сўнггиси 2008 йилда юз берган.

Трамп ҳар доим АҚШда гиёҳванд моддаларнинг қонунийлаштирилишини ёқлаган. У бу ҳақда илк бор 1990-йилларда гапирган.

Ўшанда Chicago Tribune газетаси Трампнинг «Агар гиёҳванд моддаларга қарши урушда енгиб чиқмоқчи бўлсангиз уларни қонунийлаштиришингиз керак. Сизлар шу йўл билан наркобаронларни фойдадан маҳрум қилишингиз лозим», деган гапларини келтирган.

Трамп Ҳолливуддаги шон-шуҳрат хиёбонида ўзи шарафига ўрнатилган юлдузча олдида. Бу юлдузчани бир неча марта бузиб кетишган ва у қайта тўғирланган.

Трамп ўзининг сиёсий қарашларини ўзгартирган. У 1987 йилдан 2009 йилгача Дамократик партияни қўллаган ва шу партиядан номзодини қўйган. 2012 йилдан Республикачилар томонига ўтган.

Ҳолливуддаги Шон-шуҳрат хиёбонида Трампнинг ҳам юлдузи бор. У 2007 йилда Америкада оммабоп бўлган реалити-шоуга продюсерлик қилгани учун шу шарафга лойиқ кўрилган.

Трамп муваффақиятли бизнесмен бўлиш билан бирга бизнес соҳасида бешта китоб ёзган. Унинг қандай қилиб бизнесда муваффақиятга эришиш мумкинлиги ҳақида ёзган китоблари АҚШда анча машҳур ҳисобланади.

Трампнинг биринчи хотини Ивана вафот этганда у харажатлардан қочиш учун аёлнинг жасадини ўзига тегишли голф майдони четига кўмган. Ўшанда Трамп солиқлардан қочиш учун голф майдонини қабристон сифатида рўйхатдан ўтказгани ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид