Жамият | 16:16 / 08.11.2024
22581
1 дақиқада ўқилади

Тахтиқорача довонида тош босиб қолганларнинг икки нафари венгриялик бўлган

Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси марҳумларнинг оиласига ҳамдарлик билдирди.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти, Тахтиқорача довонида тош босиши оқибатида Cobalt автомобили ичида ҳалок бўлганларнинг икки нафари венгриялик экани тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси хабар берди.

Қайд қилинишича, Қашқадарё вилоятининг «Китоб-Самарқанд» йўлида тош қулаб тушиши оқибатида Венгриянинг икки нафар фуқароси фожиали ҳалок бўлган.

«Вафот этганларнинг яқинларига ва оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз. Ушбу бахтсиз ҳодиса, афсуски, дунёнинг исталган нуқтасида содир бўлиши мумкин бўлган табиий офат натижасида рўй берди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон барча тафсилотларни аниқлаш учун синчковлик билан тергов ўтказмоқда. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жасадини ватанига тез орада қайтаришда тўлиқ ёрдам беришга тайёр.

6 ноябр куни Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан ўтган Тахтиқорача довони йўлида Cobalt русумли автомобилни йирик ҳажмдаги тош босиб қолган, оқибатда 3 одам ҳалок бўлган эди.

Мавзуга оид