Жаҳон | 07:50 / 08.11.2024
14267
4 дақиқада ўқилади

Трамп Путин билан гаплашишга тайёрлигини айтди

У сайловлардан кейин ҳали Путин билан гаплашмаган, аммо Зеленский билан мулоқот қилиб улгурган.

Фото: NurPhoto/Getty Images

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп NBC News учун интервюсида сайловлардан кейин ҳали Россия президенти Владимир Путин билан гаплашмагани, аммо аллақачон украинлар етакчиси Володимир Зеленский билан қўнғироқлашганини айтди.

«Ўйлайманки, биз гаплашамиз», — деган у Путин билан мулоқот тўғрисида. У Зеленский билан суҳбат тафсилотларини очиқламаган.

У чоршанба куни тонгдан буён «70 га яқин давлатлар раҳбарлари», жумладан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан гаплашганини айтган. У Исроил етакчиси билан мулоқотини «жуда яхши суҳбат» деб атаган.

Интервюда Трамп президент Жо Байден ва сайловларда ўзига рақиблик қилган вице-президент Камала Ҳаррис билан ҳам телефон қўнғироқлари ҳақида маълумот берган.

Байден ва Ҳаррис уни ғалаба билан табриклаш учун чоршанба куни қўнғироқ қилишганди.

«Жуда ёқимли қўнғироқлар, иккиси ҳам ҳурмат кўрсатишди», — деган Трамп мулоқотга таъриф бериб, Ҳаррис ҳокимият ўтказилиши тўғрисида гапиргани ва бу имкон қадар силлиқ кечишини исташини айтганини қўшимча қилган.

«Мен, албатта, унга қўшиламан», — деган Трамп.

Унинг айтишича, Байден билан мулоқотда улар «жуда тез фуратлар»да биргаликда тушлик қилишга келишиб олишган.

Пайшанба куни Владимир Путин Трампнинг сайловдаги ғалабаси юзасидан илк бор муносабат билдирди ва уни табриклади.

«Фурсатдан фойдаланиб, уни АҚШ президенти этиб сайлангани билан табиклайман. Мен олдин ҳам айтганман, биз Америка халқи ишонч билдирган исталган давлат раҳбари билан ишлаймиз. Амалда ҳам шундай бўлади», — деган Путин «Валдай» халқаро муҳокама клуби йиғилишида.

Путин шунингдек Трампнинг «Украина инқирозини якунлашга ҳисса қўшиш»га тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини эслаган.

«У нима қилиши — унга бериладиган саволлар. Аммо ҳозиргача омма олдида айтилган, Россия билан муносабатларни тиклаш, украин инқирозини тугатишга ёрдам бериш истагида айтилган гаплар, назаримда, эътиборга лойиқ кўринади».

Россия президенти буни «уятли» деб ҳисобламаса ҳам, Трампга қўнғироқ қилмоқчи эмаслигини айтган. «Мен буни қилмаяпман, чунки Ғарб давлатлари раҳбарлари деярли ҳар ҳафта қайсидир босқичда менга қўнғироқ қилишди ва кейин бирдан тўхтаб қолишди», — деди у.

У Трамп 2016–2020 йиллардаги биринчи президентлик муддати давомида «қўшимча қадам ташлашдан, қўшимча сўз айтиш»дан қўрққани, бироқ ёздаги суиқасд пайтида жасорат кўрсатганини таъкидлаган.

Сайловолди кампанияси вақтида Трамп сайлангудек бўлса, Россиянинг Украина билан урушини якунлашга ваъда берган, аммо буни қандай амалга оширишига аниқлик киритмаганди.

Украина президент Володимир Зеленский Будапештда ўтказилган Европа сиёсий ҳамжамияти саммити якунидаги матбуот анжуманида Трампнинг урушни тезда якунлаш истагига ишониши, аммо Киевга адолатли тинчлик лозимлигини айтган.

«Мен президент Трамп чиндан ҳам тезкор ечим топишни истаётганига ишонаман. Хоҳлайди, аммо бу шундай бўлади дегани эмас ва мен бу ўринда ҳеч кимдан ўпкаламайман. [...] Биламанки, урушни тезда тугаллаш – [Украина учун] йўқотишларни англатади», – деган у.

Мавзуга оид