Жаҳон | 12:28
5431
3 дақиқада ўқилади

WSJ: Трамп Киевга 20 йил давомида НАТОга аъзо бўлмаслик шартини қўйиши мумкин

Трамп офисида муҳокама қилинаётган режалардан бири шундаки, Украина камида 20 йил давомида НАТОга кирмасликка ваъда беради, бунинг эвазига Вашингтон Киевни қурол-яроғ билан таъминлашда давом этади, деб ёзади WSJ.

Фото: Reuters

АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган республикачи Доналд Трампнинг офиси Украинадаги эҳтимолий ҳаракатлар ҳақида гапирди. Шундай қилиб, режалардан бири шундаки, Киев камида 20 йил давомида НАТОга қўшилмасликка ваъда беради ва бунинг эвазига Вашингтон Россия Федерациясининг кейинги ҳужумлари олдини олиш учун Украинани қурол-яроғ билан таъминлашда давом этади. Бу ҳақда 6 ноябр, чоршанба куни Трампга яқин бўлган уч манбага таяниб, The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, барча таклифлар урушни «музлатиш»ни назарда тутади – шу тариқа Россия Украина ҳудудининг тахминан 20 фоизини эгаллаб олишини таъминлаши мумкин.

Аввалроқ АҚШ собиқ президентининг маслаҳатчилари Кит Келлог ва Фред Флейтц Киев Россия билан тинчлик музокараларига рози бўлмагунча, Украинани Америка кўмаги ва қурол-яроғ етказиб беришидан маҳрум қилишни таклиф этган эди. Украина йўқотилган ҳудудларни қайтаришга уриниши мумкин, аммо бу дипломатик йўл билан амалга оширилиши керак, деб таъкидлади WSJ.

Зеленский биринчилардан бўлиб Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклади

Украина президенти Володимир Зеленский биринчилардан бўлиб Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади, дея таъкидлади dpa ва Reuters. Зеленский 7 ноябрга ўтар кечаси Telegramʼда «Президент Трамп билан ажойиб телефон суҳбати ўтказгани ва уни тарихий ва ишончли ғалабаси билан табриклагани» ҳақида ёзди.

«Биз яқин мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорлигимизни ривожлантиришга келишиб олдик. Кучли ва қатъиятли АҚШ раҳбарияти тинчлик ва адолатли дунё учун муҳим», — дейилади постда.

Овозларни санаб чиқишнинг дастлабки натижаларига кўра, АҚШ президентлиги сайловларида республикачи номзод Трамп ғалаба қозонган. Республикачи 295 та сайловчилар коллегияси овозини қўлга киритди, демократ вице-президент Камала Ҳаррис эса 226 овозга таяниши мумкин. Ғалаба қозониш учун ўз штатларидаги сайловчиларни ифодаловчи 270 та сайловчилар коллегияси овозини олиш керак эди.

Ҳаррис энг юқори давлат лавозими учун курашда мағлубиятга учраганини омма олдида тан олди. АҚШнинг янги президенти инаугурацияси 20 январ куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид