Жаҳон | 17:44 / 08.11.2024
1840
3 дақиқада ўқилади

Хитой 2030 йилгача одамларни Ойга учиришини маълум қилди

Парвоз амалга ошириладиган ракета Ой атрофидаги орбитага 27 минг килограммгача юк чиқара олади.

Фото: AP

Хитой давлат космик парвозлар оператори CASC “Буюк юриш 10А” ракета ташувчиси қачон учирилишини маълум қилди. Ракета 2026 йилда коинотга йўл олиши кутилмоқда.

“10А” узунлиги 67,4, диаметри эса 5 метр. У космик кемаларни қуйи Ер орбитасига олиб чиқиш учун мўлжалланган — у ерда кемалар “Тянгун” космик станцияси билан туташади. Орқага қайтиб келадиган биринчи вариантда ракета ташувчининг фойдали юк кўтариш қобилияти 14,2 минг килограммгача етиши мумкин. Юк кемаларини учиришга мўлжалланган алоҳида версия ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Ракетанинг Ойга учадиган “Буюк юриш 10” версияси “10А” га асосланиб модификация қилинади. Унинг баландлиги 92 метр бўлиб, Ер йўлдоши атрофидаги орбитага 27 минг килограммгача юк чиқара олади.

Ойга миссиялар иккита “Буюк юриш 10” ракетаси ёрдамида амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Ракеталардан бири Mengzhou кемаси ва унинг уч нафар экипажини, бошқаси эса Lanyue қўниш модулини жўнатади. Шундан сўнг аппаратлар Ой орбитасида бир-бирига уланади. Космонавтлардан бири орбита станциясида қолади, қолган икки нафари Ернинг табиий йўлдоши юзасига тушиб, у ерда тахминан олти соат вақт ўтказади ва бир қатор илмий тадқиқотлар олиб боради. Ушбу миссияни 2030 йилгача амалга ошириш кутилмоқда.

Ҳозирда Хитойда “Буюк юриш 10А” ракетасининг биринчи босқичи синовлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, параллел равишда “Буюк юриш 9” оғир юк ташувчиси ишлаб чиқилмоқда, у ҳам Ойга йирик аппаратларни юбориш, жумладан Жанубий қутб яқинида база қуриш учун ишлатилади. Ушбу ракетанинг биринчи парвози 2030 йилда режалаштирилган.

Айни пайтда мамлакатнинг энг кучли ракетаси 5 метр диаметрга эга “Буюк юриш 5” ҳисобланади. Унинг ёрдамида, “Тянгун” орбитал станцияси қурилган. Ушбу ракета Ер атрофидаги қуйи орбитага 25 000 килограммгача юкларни олиб чиқа олади.

Мавзуга оид