Жаҳон | 20:57 / 08.11.2024
2566
2 дақиқада ўқилади

Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди

Янги чора-тадбирлар иқтисодиётга маблағларни тўғридан-тўғри киритиш эмас, балки узоқ муддатли истиқболда муниципал балансларни тиклашга қаратилган.

Фото: Bloomberg

Хитой маҳаллий ҳокимиятларнинг қарз юкини камайтириш ва секинлашган иқтисодий ўсишни барқарорлаштириш учун 10 триллион юан (1,4 триллион доллар) миқдоридаги чора-тадбирлар тўпламини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, бу қарор Доналд Трампнинг АҚШ президенти этиб қайта сайланиши ортидан босим кучайган бир пайтда қабул қилинди. Олдинги рағбатлантириш дастурларидан фарқли ўлароқ, янги чора-тадбирлар иқтисодиётга маблағларни тўғридан-тўғри киритиш эмас, балки узоқ муддатли истиқболда муниципал балансларни тиклашга қаратилган.

Хитой молия вазири Лан Фоан бунинг ортидан қўшимча рағбатлантириш чораларини кўришини айтди. Шу билан бирга, Хитой ҳукумати экспорт кредитларини суғурталашни кенгайтириш ва савдо компанияларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришни маъқуллади.

Хитойда маҳаллий ҳукуматлар юқори қарз даражаси ва даромадларнинг камайишига дуч келишда давом этмоқда. Вазият 2021 йилда бошланган кўчмас мулк бозори инқирозидан кейин ёмонлашди. Бу иқтисодиётнинг 2024 йилда 5 фоизлик ўсиш мақсадига таҳдид солади. Шу билан бирга, қайта сайланган АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой товарларига 60 фоиздан ортиқ божлар жорий этиш ниятида, бу эса Хитой экспортчилари ва саноати учун хавфларни янада кўпайтиради.

Мавзуга оид