Жаҳон | 21:44 / 09.11.2024
4843
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди

«Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода томонидан имзоланган қарорга кўра, энди қурол-яроғ, ўқ-дори ва ҳарбий техникалар фақат унинг розилиги орқали берилади.

Фото: Habib Mohammadi

«Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода Афғонистон Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Разведка бош бошқармасини қурол-яроғ, ўқ-дори ва ҳарбий техникаларни тарқатиш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи қарорни имзолади, деб хабар беради ToloNews. Энди бу билан Охунзоданинг ўзи шуғулланади.

Саккизта банддан иборат қарор тўғрисида «Толибон»нинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди. «Ушбу чора қурол ва бошқа ҳарбий воситалар зарурат бўлмаган ҳолатларда қўлланмаслиги учун қуролланишни яхшироқ ҳимоя қилишни таъминлашга, шунингдек, ушбу қуролларнинг умумий хавфсизлигини яхшилашга қаратилган», — дейди толиблар ҳукуматининг матбуот котиби.

Ички ишлар вазирлиги вакили Абдул Матин Қанининг сўзларига кўра, энди давлат мулки сифатида омборларда сақланаётган ҳар қандай «ортиқча» ёки мусодара қилинган қурол фақат мамлакат раҳбариятининг кўрсатмаси билан тақсимланади. Хавфсизлик хизмати ёки ҳукуматнинг ҳар қандай сўрови Афғонистон етакчиси томонидан маъқулланиши керак. Вазирликдагиларнинг қўшимча қилишича, қарор билан шунингдек, фуқаролик ташкилотлари, савдогарлар ва аҳолига ўқотар қуроллар учун лицензия фақат ИИВ томонидан берилиши белгиланган.

Аввалроқ ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний ва олий раҳбар Шайх Ҳайбатуллоҳ Охунзода ўртасидаги келишмовчиликлар борган сари кўпаяётгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид