Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
Шофиркон туманида PayNet шохобчасида ишлаган бола фуқароларга сим-карта бериш жараёнида уларнинг фотосуратларини идентификациядан ўтказиш учун олган. Сўнгра яширин равишда уларнинг телефон рақами ва фотосуратларидан фойдаланиб, “Анорбанк” иловасидан онлайн кредит расмийлаштирган. Ҳозирда жабрланувчиларни аниқлаш мақсадида тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шофирконда 16 ёшли ўсмир ўндан ортиқ шахслар номига онлайн кредит расмийлаштириб олгани аниқланди. Бу ҳақда “Bu kun” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 24 май куни Шофиркон тумани ИИБга туманнинг Искогаре маҳалласида яшовчи фуқаро мурожаат қилиб, номига 54 млн сўм кредит олинганини, ҳозирда мазкур кредит тўловлари унинг пластик картасидан ечиб олинаётганлигини билдирган. Ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда Бухоро вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан тезкор техник ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни 2008 йилда Шофиркон туманида туғилган ўсмир содир қилганлиги фош этилган.
Ўсмир PayNet шохобчасида норасмий тарзда ишлаган ва фуқароларга сим-карта бериш жараёнида уларнинг фотосуратларини идентификациядан ўтказиш учун олган. Сўнгра яширин равишда фуқароларнинг телефон рақами ва фотосуратларидан фойдаланиб, уларнинг номига онлайн кредит расмийлаштириб олган. У ўндан ортиқ фуқарога кўп миқдорда моддий зарар етказган. Қўлга киритган пулларини эса онлайн қиморга тикиб юборган.
“Пул йўқлиги сабабли мижозларим номига “Анорбанк” иловаси орқали кредит расмийлаштирдим. Ҳар бир мижозимга 15-20 млн сўмдан жами 100 млн сўм миқдорида кредит олдим.
Бунинг охири вой: одам пул ва қимор дардида ўзини бошқара олмай қолади. Қимор ўйинлари одамни психотороп моддалари каби ўзига қарам қилиб қўяди”, деган у интервюсида.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловга кўра, вояга етмаган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда унга нисбатан қамоққа эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирги кунда гумон қилинувчидан бошқа жабрланган шахслар ҳам бўлиши мумкин деган эҳтимол билан тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
09:51 / 21.11.2024
Бухоронинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
20:55 / 20.11.2024
“Эски, совуқ синфхоналарда ўқияпмиз” – Бухорода қурилиши битмаган мактаб-интернат ўқувчилари сарсон бўляпти
18:24 / 20.11.2024
Файзулла Хўжаевнинг жияни профессор Сулаймон Иноятов вафот этди
14:38 / 20.11.2024