Жаҳон | 14:13 / 09.11.2024
4487
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода Исроил бомбалашларидан ҳалок бўлган 42 мингдан зиёд инсоннинг 70 фоизи аёллар ва ёш болалардир. Бу ҳақда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси маълум қилди.

БМТ бошқармаси Ғазо секторида тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилиши ва халқаро ҳуқуқнинг поймол қилиниши бўйича ҳисобот эълон қилди. Ҳисобот 2023 йилнинг ноябридан 2024 йилнинг апрелигача бўлган даврни қамраб олади.

Ҳисоботда қайд этилишича, эксклавнинг фуқаролардан иборат тинч аҳолисига кенг кўламли ёки тизимли ҳужумлар инсониятга қарши жиноят деб топилиши мумкин.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Ғазо секторидаги ҳужумлар, бомбалашлар ва бошқа агрессия ҳаракатлари натижасида ўлдирилганларнинг шахсий маълумотларини тасдиқлаган.

«Биз бу ўлимларнинг 70 фоизи айни пайтда болалар ва аёллар эканига аниқлик киритдик. Бундай вазият халқаро ҳуманитар ҳуқуқнинг асос бўлиб хизмат қилувчи принципларининг тизимли поймол қилиниши, дискриминация ва эваздан зиёд ўч олишни намоён этади. Қайд қилинган ўлимларнинг 80 фоизида фаластинликлар турар жойларда ёки шу каби манзилларда ўлдирилган. Уларнинг 44 фоизи ёш болалар ва 26 фоизи аёллардир», — дейилади ҳисоботда.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк давлатларни Исроилга қурол-яроғ сотиш ҳамда моддий-техник ва молиявий ёрдам кўрсатишдан тийилишга чақирди.

«Агар бу қўллов халқаро ҳуқуқнинг жиддий топталишига олиб келадиган бўлса, бас қилиниши керак», — деган у.

Турк Ғазодаги ҳужумлар зудлик билан тўхтатилиши, ҳибсдагилар ва кўчадан ушланган фаластинликлар озод қилиниши, ҳамда эксклавга инсонпарварлик ёрдами етказилишига чақирди.

НАТОдан Украинага янги ёрдам

НАТО ва осиёлик ҳамкорлар Шимолий Корея аскарларининг Россия Федерацияси Украинага қарши олиб бораётган урушдаги иштирокини кескин танқид қилишди.

«НАТО иттифоқчилари Россия Федерацияси ва Корея Халқ Демократик Республикаси давлат ва ҳукумат раҳбарларининг Россиянинг Украинага қарши асоссиз ҳарбий агрессиясини хавфли кенгайтириш тўғрисидаги қарорларини кескин қоралайди», дейилади 8 ноябр, жума куни НАТОнинг 32 та давлати қабул қилган, шунингдек, Украина ва Австралия, Япония, Янги Зеландия ва Жанубий Корея томонидан имзоланган қўшма баёнотда.

КХДР ҳарбийларининг Россиянинг Украинага қарши урушидаги иштироки НАТО томонидан евроатлантика хавфсизлиги ва Ҳинд-Тинч океани минтақасига кенг кўламли таъсир кўрсатадиган жиддий эскалация сифатида баҳоланмоқда, дейилади ҳужжатда.

Унинг муаллифлари, шунингдек, КХДР ҳарбийларни юборишдан олдин ҳам Москвага қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб бериш орқали ҳарбий ёрдам кўрсатганини таъкидлаган.

«Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кўплаб резолюцияларини бузиш ҳисобланади», — дея таъкидлаган баёнот муаллифлари. Улар Россия Федерациясининг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатидаги мақомига ишора қилдилар.

«Биз Россияни ушбу резолюцияларга риоя қилишга қайтишга ва халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Можаронинг бундай ривожланиши фонида НАТО мудофааланаётган мамлакатга кейинги ёрдамни ваъда қилди. «Иттифоқчилар Украинани ғалаба қозонмагунча, зарур бўлган вақтгача қўллаб-қувватлашга содиқ қоладилар», дейилади баёнотда.

Мақсад Украина қуролли кучларини кучайтириш, улар Россия агрессиясига муваффақиятли қаршилик кўрсатишидир, дея маълум қилди НАТО давлатлари ва уларнинг ҳамкорлари.

Путин «Валдай»да нималар деди?

«Валдай» мулоқот клубининг навбатдаги йиғилишида чиқиш қилган Россия президенти Владимир Путин Ғарб давлатларини «геосиёсий очкўзлик»да айблади.

Путин ғарб цивилизациясини душман сифатида қабул қилмаслигини, бироқ унинг «монополия»си тугаб бораётганини қайд этган.

«Бу ерда иллюзияларга ўрин йўқ. Монополия — доим зарарли нарса бўлиб келган, ҳаттоки монополистларнинг ўзларига ҳам», — деган Путин.

Россия президенти Ғарбни «геосиёсий очкўзлик»да айблаган ва барча жорий можароларга улар алоқадор эканини писанда қилган.

«Ғарб дунёни ўзига мослаб ўзгартирмоқчи бўлиб келаётгани, унинг тийиқсиз ва мисли кўрилмаган геосиёсий очкўзлиги — бизнинг тарихий давримиздаги можароларнинг асосий манбаси бўлиб келмоқда», — деган у.

«Ўзининг жазосизлигига кўр-кўрона ишониш, ўзини алоҳида эътирофга молик деб билиш халқаро фожиага айланиб кетиши мумкин», — деган Путин ва ядровий қуролларга эга бўлган мамлакатлар клуби кенгаяётганини қайд этган.

Путин Россия ғарб цивилизациясини душман сифатида қабул қилмаслиги ва «биз билан бўлмасанг, бизга қаршисан» сиёсатини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлаган ва Россия «бўй кўрсатаётган турфа хиллик»ни олқишлашини айтган.

Россияда ишчилар етишмовчилиги

Мамлакатда кўча тозаловчи ишчиларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда. Шу сабабли «дворник»ларнинг ўртача иш ҳақи деярли 30 фоиз ошди.

Россиянинг онлайн иш қидириш хизмати таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, январ-сентябр ойларида кўча тозаловчи «дворник»ларга бўлган талаб ўтган йилга нисбатан 47 фоизга ошган.

Қайд қилинишича, уларга энг катта талаб йирик шаҳарлар — Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск ва Омскда қайд этилган.

Давлат Думаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Светлана Разворотнева сўзларига кўра, мамлакатда «дворник»ларнинг етишмаслиги бу йил қишда кўпроқ сезилади, чунки кўпчилик сердаромадроқ куриерлик касбини афзал кўра бошлаган.

Иш қидириш хизмати маълумотларига кўра, ўртача иш ҳақи таклифлари 29 фоизга ошиб, тўлиқ кун учун ойига 43020 рубл (ёки қарийб 450 доллар)ни ташкил этган.

Санкт-Петербургда «дворник»нинг ўртача иш ҳақи 55403 рублни ташкил қилади. Москвада бундай ишчилар энг кўп маош олади — ўртача 61 610 рубл.

Трампнинг дастлабки тайинлови

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Сюзи Уайлсни Оқ уй маъмурияти раҳбари этиб тайинлади. Сюзи Уайлс Трампнинг сайловолди компаниясида хизмат қилган икки менежердан бири. Шундай қилиб, Трамп сайловда унга ғалаба қозонишга ёрдам берган сиёсий стратегга асосий позицияни ишониб топширди.

Бу 20 январда Оқ уйга қайтадиган Трампнинг кадрлар билан боғлиқ қарорлари ичида биринчиси бўлди.

Уайлс Оқ уй маъмурияти раҳбари лавозимига ўтирган илк аёл бўлади.

«Сюзи Уайлс ҳозиргина менга АҚШ тарихидаги энг муҳим сиёсий ғалабага ёрдам берди; У 2016 йилда ҳам, 2020 йилда ҳам, ҳозир ҳам менинг муваффақиятли кампаниянинг ажралмас қисми бўлди», — дейилади Трампнинг баёнотида.

Оқ уй маъмурияти раҳбари катта таъсир доирасига эга мулозим ҳисобланади. Бу инсон Оқ уй персоналини бошқаради, президентнинг иш жадвали ва графигини тузади, ҳукуматнинг бошқа департаментлари ва қонун чиқарувчилари билан алоқаларни сақлаб туради.

Покистоннинг ифлос ҳавоси

Покистон шарқида қалин смог билан ҳаво ифлосланиши ортидан боғ ва музейлар ёпилмоқда. Шунингдек, энди соат 20:00 дан кейин барча бозорлар ёпилади. Янги чекловлар одамлар ўз уйларидан кўчага чиқмасликлари учун қаратилган.

Бундан аввалроқ мамлакатдаги ҳавонинг кескин ёмонлашгани туфайли мактаблар ва давлат муассасалари ёпилганди.

Янги чекловлар Панжоб вилоятидаги 18 та туманда, жумладан, чанг зарралари туфайли кўрувчанлик 100 метрдан ошмаётган Лаҳор шаҳрида ўн кун давомида амалда бўлади.

Қайд этилишича, барча жамоат боғлари, ҳайвонот боғлари ва музейлар, тарихий қадамжолар ва ўйин майдонлари ёпилади. Мактаблар ва давлат муассасалари ўз фаолиятини 17 ноябрдан қайта тиклайди.

Ўтган ойдан бери Лоҳур шаҳри ҳамда Панжобнинг қатор ҳудудларида кучли смог кузатилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими вакилларига кўра, ҳавонинг ифлосланишидан зарар кўраётган ҳудудлардаги 30 мингдан ортиқ одам респиратор касалликлардан даволаниб чиққан.

Лоҳур Покистоннинг иккинчи йирик шаҳри. Бу ҳудудда 14 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шаҳар кўпинча ҳавоси энг ифлосланган ҳудудлар рўйхатига киритилади.

Мавзуга оид