Жаҳон | 21:57 / 09.11.2024
3240
3 дақиқада ўқилади

Римдаги Треви фаввораси суви қуритилди ва унинг ёнига тангалар учун бассейн ўрнатилди

Анъанага кўра, туристлар яна бир бор Римга қайтиб келиш ниятида Треви фавворасига танга отади. Ушбу «одат» ҳар йили 1,5 миллион евро олиб келади.

Фото: AP

Рим Треви фавворасида хизмат кўрсатиш ишларини олиб бормоқда: ҳозирда унинг суви тўлиқ қуритилиб, пластик панжаралар билан ҳимояланди, танга ташламоқчи бўлганлар учун эса кичик бассейн ўрнатилди.

Анъанага кўра, туристлар яна бир бор Римга қайтиб келиш ниятида Треви фавворасига танга отади. Ушбу «одат» ҳар йили 1,5 миллион евро олиб келади — 15 йилдан бери тўпланган маблағлар Caritas хайрия ташкилоти ҳисобига ўтказиб келинмоқда.

Рим ҳукумати католиклар учун муқаддас бўлган Jubilee 2025 йили давомида шаҳарга келувчи 35 миллион ташриф буюрувчилар учун тайёргарлик кўрмоқда. Айнан шу сабабли Италия пойтахтига келган меҳмонлар ёпилган йўллар, ўралган ҳайкаллар ва қурилиш ишларига дуч келмоқда.

Июл ойида Рим мэри Роберто Гуалтери шаҳарда рекорд даражада — 3200 та қурилиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди. Давлат ва Европа жамғармаларидан ажратилган миллиардлаб евролар байрам арафаси шаҳар учун сарфланмоқда — нафақат тарихий қадамжоларни яхшилашга, балки инфратузилмани, масалан, транспорт ва чиқиндиларни утилизация қилиш тизимларини яхшилашга ҳам.

Бундан ташқари, Ватиканнинг юбилей йили давомида ташриф буюрувчилар сунъий интеллектга асосланган «Жулия» виртуал ёрдамчиси хизматидан ҳам фойдаланишлари мумкин. Дастур туристларни у қадар таниқли бўлмаган диққатга сазовор масканлар билан таништириб, асосий ёдгорликлардаги юкламани камайтиради.

Треви фавворасига ташриф буюрадиган туристлар оқимини тартибга солиш учун шаҳар ҳукумати унинг атрофини ёпиш режасини ишлаб чиқмоқда. Афтидан, 2025 йилдан бошлаб меҳмонлар фаввора ҳудудига кириш учун чипталарни онлайн бронлаши ва йиғим учун 2 евро тўлаши керак бўлади. Фаввора яқинига борган туристлар 30 дақиқа ичида ҳудудни тарк этиши лозим.

Баландлиги 25,9 метр ҳамда эни 19,8 метр бўлган фавворани қуришни 1762 йилда Никола Салви бошлаган, Жузеппе Паннини эса орадан 30 йил ўтиб унинг ишини якунлаган. Фаввора номи унга элтувчи учта кўча номидан келиб чиққан (итальянча «tre vie») — Виа Дей Крочиччи, Виа Поли ҳамда Виа Делле Муратте.

Мавзуга оид